Компьютер кўзга зиён, қўриқлаш тизимининг аураси тўғри келмайди…

15:42 - 20.01.2021

6

Халқ манфаати ва фаровонлиги йўлида хизмат қилган инсон мақсадларига аста-секин эришиб боради. Қолаверса, мисқоллаб обрў орттиради. Аммо бирон-бир тайинли ишнинг бошини тутмаган ва машаққатсиз пул топишни касб қилиб олаётганлар, афсуски, ҳамон учрамоқда.

Эндигина йигирма ёшни қарши олган Ф. С. ҳам шундайлардан чиқиб қолди. Ўқишни ва ҳалол меҳнат қилишни истамаган бу йигит ҳар бир ишдан камчилик топа бошлади. Жумладан, компьютер билан боғлиқ ишлар кўзига зиён эмиш, шифохонанинг қўриқлаш тизимига ишга таклиф этилганда эса аураси ёмон деб рад қилди. Ҳар сафар унга қариндош ёки танишлари иш таклиф қилганида турли баҳоналарни ўйлаб топарди.

Айниқса, пандемия туфайли карантин чоралари кучайтирилган даврда Ф. С. моддий жиҳатдан қийналиб қолди. У бели оғримай пул топишга ўрганиб қолгани учун навбатдаги режасини  тузади. Бу сафар у ўзига К. М.ни ўзига шерик қилади. Улар таркибида наркотик модда бўлган дориларнинг савдоси билан шуғулланишга киришдилар.

Курьерлик вазифасини бажараётган К. М. товарни керакли жойга етказиб бераётган эди.

Кунларнинг бирида Ф. С. дорини навбатдаги мижозларга етказиб, героинни «Captiva» русумли автомашинага алмаштиришни харидорлар билан келишиб қўйган экан. Лекин жиноий гуруҳ режасини амалга ошира олмади. Улар ИИВ махсус ходимлари ўтказган тадбирда қўлга олинди. Бу ҳар қандай жиноят учун жазо муқаррарлигини унутганлар учун сабоқ бўлди. Суднинг ҳукми билан жиноятчиларга қилмишига яраша жазо тайинланди.