Алимент ундиришда ота-она ажрашган ёки никоҳдалиги аҳамиятлими?

14:11 - 20.01.2021

45

Алимент ундириш ота-онага маъқул бўлиш-бўлмаслигидан қатъи назар болаларнинг таълим-тарбия олиши, соғлом улғайиши учун зарур чоралардан бири ҳисобланади. Бу тўловни ундиришда боланинг ота-онаси ўзаро никоҳда экани ёки ажрашганининг аҳамияти йўқ.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 96-моддасида ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шартлиги, вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота ёки онадан суднинг ҳал қилув қарори ёки буйруғига асосан алимент ундирилиши белгиланган.

Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан алимент тўлашдан бўйин товлаб келаётган қарздорларга нисбатан чора кўрилмоқда.

МИБ Учкўприк тумани бўлимида фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судининг 2019 йил 13 сентябрдаги буйруғи мавжуд. Унда Ш.Эшматовдан М.Эшматовага фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойлик даромадининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.

Бироқ суд буйруғида қарздорнинг манзили сифатида кўрсатилган Сариққўрғон қишлоғидан Ш.Эшматовни топиш имкони бўлмаган, аслида суд жараёнида қатнашган ота рўйхатдан ўтмасдан яшаётган манзилини маълум қилмасдан атайин рўйхатдан ўтган, лекин яшамаётган манзилини кўрсатган. 

Буни қарангки, фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро суди 2019 йил 23 декабрда Ш.Эшматовнинг иккинчи фарзанди учун ҳам буйруқни чиқариб, МИБнинг Учкўприк тумани бўлимига юборган.

Ҳар иккала суд буйруғи бир иш юритувига бирлаштирилиб, қарздор телефон орқали бир неча марта огоҳлантирилган, лекин суҳбатларда у рўйхатдан ўтмай яшаб келаётган манзили ҳақида маълумот бермаган. Ҳатто фарзандларининг моддий таъминотини ўйлаб ҳам кўрмаган.

Шу аснода 2020 йилнинг май ойида Ш.Эшматов бюронинг туман бўлими қидирув шўъбаси инспекторлари томонидан ушланиб, унга нисбатан МЖТКнинг 474-моддаси билан ҳужжатлар расмийлаштирилган ва туман маъмурий судига тақдим этилган. Лекин суд процесси бошланмасдан қарздор суд биносидан қочиб кетган.

Қарздорга нисбатан эълон қилинган қидирув бўйича ички ишлар бўлими ва маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда кенг кўламли тадбирлар ўтказилиб, 2 декабрь куни қарздор яшаётган манзил аниқланган. Шу куннинг ўзида маъмурий суд унинг ишини кўриб чиқиб, 1 декабргача йиғилиб қолган 17 млн. 472 минг сўм алиментни тўлашни таклиф қилган, рад қилгач 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган. Бироқ бу уни алимент тўлаш мажбуриятидан озод қилмайди.

Яна бир мисол. Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг 2020 йил 18 ноябрдаги С.Умриузоқовадан Г.Эшдавлатовага 9000 АҚШ доллари ундириш тўғрисидаги ижро иши 16 декабрда бюронинг Навоий шаҳар бўлимига келиб тушган.

Шу куннинг ўзида давлат ижрочиси томонидан ижро иши юритиш тўғрисида қарор чиқарилиб, нусхаси тарафларга юборилди.

Ижро ҳаракатлари давомида С.Умриузоқовага қарзини тўлаш учун ихтиёрий муддат берилди, бироқ қарз ўз вақтида тўланмади.

Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида 21 декабрь куни қарздордан Г.Эшдавлатовага 9000 АҚШ доллари ундириб берилди.

Хуршид Тошпулатов, 

Бош прокуратура ҳузуридаги МИБ бўлим бош инспектори