Ўқитувчи ишга тикланди

16:26 - 19.01.2021

11

Конституциямизнинг 37-моддасида ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга экани мустаҳкамлаб қўйилган.

Фуқароларимизнинг ушбу конституциявий ҳуқуқлари Меҳнат кодексида ҳам ўз ифодасини топган бўлиб, унга кўра ҳеч ким асоссиз равишда ишдан бўшатилиши мумкин эмас. Аммо шунга қарамай ҳаётда меҳнат низолари учраб туради.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, мажбурий прогул – муайян ходим иш берувчининг айби билан ишлаш имкониятидан маҳрум бўлган вақт бўлиб, ходим ишдан ноқонуний бўшатилганда юзага келади.

Мажбурий ижро бюроси Қоровулбозор тумани бўлимига фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро судининг 2020 йил 19 октябрдаги Қоровулбозор саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежига нисбатан Д.Ҳамроевани ишга тиклаш, мажбурий прогул учун 8,3 млн. сўм иш ҳақи ундириш тўғрисидаги ижро варақаси келиб тушган.

Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида Д.Ҳамроева ўқитувчи вазифасига тикланди ва мажбурий прогул кунлари учун 8,3 млн. сўм иш ҳақи ундириб берилди.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир иш берувчининг қонунга қатъий амал қилиши меҳнат низоларининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.