Болажонлигимиз қаерда қолди?

13:54 - 18.01.2021

14

Ўзбек халқининг азалдан болажон эканлиги бошқа миллатлар томонидан кўп эътироф этилган. Айниқса, Иккинчи жаҳон уруши даврида жанглар кетаётган жойлардан кўчирилган 4,5 мингдан зиёд
етим болани асраб олган ўзбек оилалари бунга яққол мисол бўла олади. Уруш даври болалари Ўзбекистонда иссиқ бошпана, ризқ-рўз топди, энг муҳими, меҳр кўрди. Зеро, инсон умрининг кўрки ва мазмуни бўлган фарзандни ардоқлаш, соғлом ўстириш ҳамда таълим-тарбия бериш нафақат муқаддас бурч, балки улкан савоб ҳамдир.

Мамлакат ҳукумати ҳам бундай савоб ишларга доимо камарбаста бўлиб, етим ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида «Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағ батлантиради» деб қайд этилган.

Ҳукуматнинг 2020 йил 21 ноябрда қабул қилинган «Етим
болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида эса етим ва ота-онаси ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар таълим муассасаларида (давлат тарбия, даволаш-соғломлаштириш, тиббий-ижтимоий муассасалари, академик лицей, касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумлар), шунингдек, олий таълим муассасасида таълим оладиган муддатда тўлиқ давлат таъминотида бўлиши, таълим муассасаларида ўқувчиларнинг шахсий харажатлари учун ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида (446 минг сўм) пул тўланиши белгилаб қўйилди. Қарорга кўра тўлиқ давлат таъминоти нафақа, озиқ-овқат, кийим, пойабзал ва бошқа буюмлар билан таъминлаш ҳамда транспортда юриш карталаридан иборат бўлади. Бундан ташқари, давлат таъминотида бўлган болаларга таълим муассасасини битираётганда, ишга қабул қилинаётганда кийим, пойабзал ва бош қа буюмлар сотиб олиш учун БҲМнинг 100 баравари (22 млн. 300 минг сўм), йўл харажатлари учун эса БҲМнинг 5 баравари (1 млн. 115 минг сўм) миқдорида битирув нафақаси берилади.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим, ижтимоий етимликни янада камайтириш, етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаш механизмларини такомиллаштириш ҳамда оила институтини мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги қарори билан «2019-2023 йилларда меҳрибонлик уйларини ноинституционаллаштириш дастури» қабул қилинди. Унга кўра меҳрибонлик уйлари босқичма-босқич кам комплект ли бо лалар шаҳарчаларига ҳамда ижтимоий муассасаларнинг бошқа муқобил шаклларига ўтказилади.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 августдаги «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тураржойлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 164-қарори билан таcдиқланган низомда ўзларига бириктирилган тураржойга эга бўлмаган ва тураржойга муҳтож лар сифатида ҳисобда турган етимлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, улар тоифасига кирадиган 18 ёшдан 23 ёшгача бўлган шахслар белгиланган тартибда тураржой олиш ҳуқуқига эгалиги қайд этилган.

БУ ЕР КАМБАҒАЛ ОИЛА ФАРЗАНДЛАРИ ЯШАЙДИГАН ЖОЙ ЭМАС!

Мақолани халқимизнинг болажон дея эътироф этилишидан ошлаган эдик. Бу билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Аммо бугун-чи?! Биз, уруш пайтида кўчирилган етимларни бағрига олган бобо-бувиларимизнинг авлодлари уларга муносиб бўлаяпмизми? Йўқса, илгари асосан етимлар тарбияланган меҳрибонлик уйларида бугунги кунда ота-онаси борларнинг сони нима учун бир неча баравар ошиб кетди?!

2020 йилнинг ноябрь ойидаги маълумотга кўра республикадаги 2047 нафар тарбияланувчидан атиги 316 нафари етимлардир. Бу ҳақда 2020 йил 9 ноябрда Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида Халқ таълими вазирининг ўринбосари Дилшод Кенжаев маълум қилган. Унинг айтишича, тизимдаги муаммолардан бири камбағал оилалар фарзанд ларини меҳрибонлик уйларига ташлаб кетаётганидир.

«Меҳрибонлик уйи – камбағал оила фарзандлари яшайдиган жой эмас. Озодликдан маҳрум этилганларнинг фарзанд ларини, майли, уч йил, тўрт йил, балки беш йил бўлар, ушлаб турамиз. Ногирон ота-оналарнинг фарзандларини ҳам уларга ёрдам сифатида боқиб, тарбиялаймиз. Лекин камбағал оилалар фарзандларини бу ерга ташлаб кетишлари нотўғри. Ахир фарзанд дунёга келдими, ота-она уни боқиши керак-ку!

…Биз бу болаларга меҳр берармиз, катта қилармиз, ишга ҳам ўргатармиз. Лекин улар оила нималигини, ота-она кимлигини билишмаяпти.

Бизни қийнаётган нарса чала етимлар: отаси ёки онаси вафот этганлар. Уларнинг сони ҳозир 506 нафар. Яъни уларнинг ҳам отаси ёки онаси бор. …770 нафари эса оталик ва оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганларнинг фарзандларидир. Бу болалар 11-синфни битирганидан кейин етим болалар статусига тушади. Шу сабаб уларга бериладиган барча имтиёзлардан фойдаланишади. Уй олганидан кейин уларнинг ота-онаси яна қайтиб келаяпти. Охирги пайтлардаги имтиёзлар кўпчиликнинг кўзини парда билан тўсиб қўйганга ўхшайди. У ўйлайдики, боласини меҳрибонлик уйига олиб борса, ўша имтиёзлардан фойдаланади. Боласини ўша ерга бериш орзу-ҳавас бўлиб қолаяпти», –дейди Халқ таълими вазирининг ўринбосари.

БУ ФАҚАТ ЎЗИНГИЗГА, ҲЕЧ КИМГА БЕРМАНГ…

Ота-она борки, фарзандига болалигидан лозим даражада билим бериб, тарбия қилишга ҳаракат қилади. Балоғатга етганидан кейин ҳам ўз ҳолига ташлаб қўймайди, зарур пайтларда ҳатто биргина маслаҳат билан бўлса ҳам кўмаклашади. Бир сўз билан айтганда, фарзанд ота-онаси учун доимо бола бўлиб қолаверади. Аммо меҳрибонлик уйларида тарбияланганларнинг келажаги-чи? Уларнинг эртанги куни қандай кечади? Шу каби саволларга жавоб излаб пойтахтдаги бир неча меҳрибонлик уйида бўлишга тўғри келди.
21-сонли меҳрибонлик уйидамиз. Муассаса таъмирланаётган экан, усталарнинг қўли қўлига тегмайди.
– 2014 йилда ёши катта болаларимиз 23-меҳрибонлик уйига ўтказилиб, бу ерда 3 ёшдан 12 ёшгача бўлганлари қолдирилган эди, – дея изоҳ берди директор Умида Маманова. – Шу сабабли ўтган 6 йилда бу ердан битирувчилар чиқмади. Насиб қилса, 12 ёшдагиларимиз балоғатга етиб, шу йил ёзда битириб чиқишади…

Бу ердан чиқиб, 23-меҳрибонлик уйи томон йўл олдик. 2014 йилда ташкил топган бу даргоҳда айни пайтда 180 нафар ўғил-қиз тарбияланаётган бўлиб, 2020 йилда биринчи бор 37 нафар тарбияланувчи битирибди.

Меҳрибонлик уйи директори Шаҳлохон Сиддиқхўжаева билан шу ҳақда суҳбатлашиб ўтирар эканмиз, очиқ эшикдан икки-уч қизча мўралай бошлади. Шаҳлохон опа улар томонга қаради-да, «Киравер, жоним» деди мулойим овозда. Бироқ улар мендан ийманишди шекилли, аввалига ботинишолмади. Кейин қўллари орқасида 10-12 ёшлардаги тўрт қиз кириб келиб, менга салом бергач, директор томонга ўтишди.
– Нима гап? Менда гапларинг борми?
– Йўқ! – қизчалардан бири шундай дея олдинга чиқиб, орқасида яшириб турган нарсани стол устига қўйди. Янги йил совғаси экан. Қолган қизлар ҳам бирин-кетин совғаларни столга териб қўйишди.
– Ие, бу нима қилганларинг?!
– Шаҳлохон опа хижолат бўлганча уларни тўхтатишга ҳар қанча уринса-да, улар «Йўқ-йўқ, оласиз! Булар сизга. Атай олиб чиқдик!» дея туриб олишди.
– Мана, кўрдингизми? – опа кулимсираганча менга юзланди. – Кеча ўзим берган совға томоқларидан ўтмаган, оналарига илинишди. Булар ўзи шунақа, овқат тайёрлашса ҳам албатта олиб чиқишади…

У қизларни бирма-бир бағрига босиб, раҳмат айтгач, улар чиқиб кетишди. Шу заҳоти яна бир болакай кириб келди. Салом бергач, опага совғасини узатди. Шаҳлохон опа йўқ дейишига қарамай, «Бу фақат ўзингизга, ҳеч кимга берманг!» деганча ташқарига йўналди. У чиқар-чиқмас, яна бояги қизчалар пайдо бўлишди. Бу сафар рўпарамда тўхташди ва… кутилмаганда менга ҳам совға узатишди. Очиғи, нима қилишни билмай қолдим. Уларга совғани ўзларида олиб қолишларини айтиб, миннатдорчилик билдирар эканман, ўзи меҳрга зор бўлгани ҳолда умрида биринчи марта кўриб турган бегона бир одамга меҳрибонлик қилиб ҳадя бераётган бу мунчоқкўзларнинг ота-оналаридан ҳам нафратландим, ҳам уларга ачиндим. Кимлардир тирноққа зор бўлса-ю, Аллоҳ берган бундай бебаҳо неъматларни ташлаб кетган кимсаларнинг қилмишини оқлаш мумкинми?! Бундан-да ачинарлиси эса мазкур даргоҳда тарбияланаётган 180 боладан 15 нафаригина етим экан!..

ЎРОҚДА ЙЎҚ, МАШОҚДА ЙЎҚ, ХИРМОНДА ҲОЗИР

Қайд этиш лозим, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ўғил-қизлар мус тақил ҳаётга қадам қўйишлари билан айрим муаммоларга дуч келади. Биринчидан, ҳамма нарса муҳайё этилган турмуш тарзига ўрганган бола учун дабдурустдан мустақил ҳаёт уммонида сузиш қийин кечади. Негаки, меҳрибонлик уйидаги ҳаёт билан ташқаридагиси бошқа-бошқа. Бирида сенга имкони борича шароит яратиб берилган бўлса, иккинчисида энди ўз аравангни ўзинг тортишинг керак. Шу сабабли болалиги меҳрибонлик уйида ўтган 18-19 яшар йигит ёки қизнинг мустақил ҳаётга мослашиши осон бўлмайди. Масалан, вояга етгунига қадар сақланган квартирасига кўчиб ўтгач, коммунал хизматлар учун пулни тўлашда, давлат берган битирув нафақасини сарфлашда қийинчиликларга дуч келиши мумкин. Шу каби муаммолардан яна бири – меҳрибонлик уйида тарбияланган боланинг учирма бўлаётганида юз берадиган ҳолат. Юқорида қайд этганимиздек, болага ажратилган уй топширилиши ва ёрдам пули берилиши арафасида осмондан тушгандек отаси ёки онаси пайдо бўлади. Уларнинг мақсади фарзандини бағрига босиб, бундан кейинги ҳаётини унга бағишлаш эмас, биринчи галда ўша уйга жойлашиб, пулига эга чиқишдир. Бир нима десангиз, «Бола ўзимники, шундай бўлгач, уйи билан пули ҳам менга тегиш ли» деб айюҳаннос солади.
– Афсуски, бундай ачинарли ҳолатлар ҳам юз бериб туради, –дейди пойтахтдаги 22-меҳрибонлик уйи директорининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Дилфуза Жўраева. – Масалан, 2020 йил октябрда битирувчи бир қизимизнинг онаси пайдо бўлиб, «боламни олиб кетаман»га тушди. Аслида тартиб-қоидага кўра битирувчиларимизга жавоб беришдан икки-уч ой олдин улар бизга келгунига қадар яшаган манзил бўйича туман ҳокимлиги, маҳалла ҳамда васийлик ва ҳомийлик органига хат юборамиз. Вақти келгач, меҳрибонлик уйи ходими битирувчини манзилга олиб боради ва уларга топшириб келади.

Ўтган йили пандемия туфайли баъзи болаларимиз қатори шу қизимизга ҳам жавоб бермай, бироз ушлаб туришга тўғри
келди. Сабаби уни қабул қилаётганимизда отасидан қолган квартира унинг номига ҳокимият томонидан расмийлаштирилган бўлиб, ҳали балоғатга етмагани боис бир фуқарога вақтинча яшаб туриши учун берилган экан. Буни қарангки, орган ходими бўлган ўша фуқаро квартиранинг ҳақиқий эгаси келишини билгач, топшириб кетишдан олдин «Таъмирлаганимда ўзим олиб келганман» деб, уйдаги барча жиҳозларни, ҳатто деразасигача кўчириб кетибди. Директоримиз Шаҳри опа барака топсин. Ҳомийларни жалб қилиб, уйни таъмирлатди, кўрпа-ёстиқларини ҳам олиб берди. Бундан ташқари, бекор ўтирмасин дея икки ой муддатга ошпазимизга ёрдамчи қилиб ишга қабул қилди. Қизимиз шу икки ой давомида ҳам иш ўрганди, ҳам маош билан таъминланди. Мана энди, балоғатга етиб уйли бўлгач, онаси пайдо бўлди. Унинг қизи билан 16 ёшли ўғли бизда. Одамга энг таъсир қиладигани, қизининг уйга эга бўлгани ва пул олишини кимдандир эшитибди-ю югуриб келибди. Ўғли ҳақида бир оғиз ҳам гапирмай, фақат қизини олиб кетиш пайи да. Бу аёл икки йилдан кейин ўғли 18 ёшга тўлиб, унга ҳам квартира билан пул берилганда яна кириб келишдан уялмайди. Ўзиям роса жанжал қилди. Қизига Қозоғис тондан куёв топ ганмиш. «Шу пайтгача қаерда эдинг? Нима учун хабар олмадинг?» десак, «Сенлар вазифанг ни бажар. Мен билан ишинг бўлмасин!» дея дўқ ҳам қилади. Биз ҳам бўш келмадик…
Айтмоқчи, ўша қизимиз бугун ҳужжатларини олиб кетишга келган эди, хоҳласангиз, ўзингиз суҳбатлашишингиз мум кин…

ОНАМ ҚАЧОН ТУҒИЛГАНИМНИ ЭСЛАЙ ОЛМАДИ…

– 2013 йилгача укам билан 24-меҳрибонлик уйида тарби-
яландик. У ер ёпилгач, бу ерга келганмиз. Опам билан акам
Қозоғистонда. Уларни танимайман. Кенжа укамиз ҳам «малют-
ка»да эди, ҳозир қаердалигини билмайман, – дея гап бошлади
қаҳрамонимиз. – Бу хабарни эшитганимда ювиниш хонасида
эдим. Бир дугонам онам келганини айтиб қолди. Доим шунақа
ҳазил қилиб юргани учун аввалига ишонмадим. Қайта-қайта
айтаверганидан кейин таваккал дея мумкин бўлмаса ҳам қоровулхонага чиқдим. Сочлари калта бегона бир аёл турган экан.
Танимадим. «Дугонам яна алдабди-да, ҳали кўради мендан» дедиму аёлдан ким кераклигини сўрадим. Исмим, фамилиямни эшитиб, шу киши онамлигини билдим. Шундай бўлса-да, «У сизга ким бўлади?» дея яна савол бердим.
– Қизим!
Очиғи, бу жавобни эшитиб, ўзимни унинг бағрига отмадим, хурсанд ҳам бўлмадим, ҳатто кўзларимга ёш ҳам келмади. Қачонлардир онамни учратсам, қай аҳволга тушаман, қанақа кўришаман деб ўйлаб ҳам кўрмагандим. Шунинг учун бўлса керак, хотиржам оҳангда «Ўша менман!» дедим. Ҳозир эсласам, нима учундир салом ҳам бермаган эканман. Онам бўлса шу заҳоти чўккалаб, оёқларимни қучоқлаб олди. Уни ўрнидан турғизмоқчи бўлдим. Ишонасизми, ўша пайтда худди онамга эмас, бегона бир аёлга ёрдам бермоқчи бўлаётгандек туюлди. У бўлса кечирим сўрашдан тўхтамасди. Орада укам ҳақида ҳам сўради. Шу пайт бир тарбиячи чиқиб, мени ичкарига олиб кириб кетди. Директоримиз чақирди. Мақсади нима эканлиги билан қизиқди. «Яна келса, югуриб олдига чиқмагин» деб тайинлади.
Эртаси куни онам яна пайдо бўлиб, мени чақиртирди. Бу сафар укамни ҳам бирга олиб чиқдим. Яна кечирим сўрашни бошлади. Ҳаммаси ёлғонлигини сезиб турибман. Саволларим ҳам кўп эди, ҳаммасини битта қилиб, нима учун биздан хабар олмаганини сўрадим, оёғи синиб, касалхонада ётганини баҳона қилди. Оёғи синган одам тўққиз йил эмас, икки ё уч ой ётиши мумкинлигини айтган эдим, ҳозиргина кечирим сўраётган одам тўсатдан ўзгарди. Босиқ бўлишни талаб қилди, менинг ҳам жаҳлим чиқди.
– Босиқманми ё йўқ, қаердан биласиз? Мени боққанингиз йўқку?!
– Аммо сени мен туққанман! Шуни биласанми?!
– Туққан бўлишингиз мумкин. Аммо мени боққан, тарбия берганларни она дейман. Бу ерда ойим, отам, ака-укаларим бор…
– Ҳа, кўриб турибман. Сенга тарбия беришмабди…
– Ие, тарбияни сиз беришингиз керак эмасмиди? Шунча йил қаерда эдингиз? Укам иккимизнинг сизга оғирлигимиз тушмасди. Овқатни ҳам кам ердик-ку! Ишлаб сизни боқардик. Майли, байрам яқин, бизга бирор нарса олиб келдингизми? – гапни чалғитиш учун савол бердим.
– Ҳа-я, ҳозир, – у сумкасидан сосиска билан қора нон олди.
Болалигимда яхши кўрардим. Ҳеч бўлмаса шуни унутмабди.
Орада укам онам билан гаплашмай, чиқиб кетди.
– Буларни емайман. Ҳозир неча ёшда эканлигимни биласизми?
– Ўн етти…
– Бу ёшдан аллақачон ўтганман. Қайси йил туғилганман?
Туғилган куним-чи, эсингиздами?
– 2005… Йўқ, 2006 йил…

Шу гапдан кейин «Бўпти. Ишим кўп эди» дедим-да, ичкарига йўл олдим. Эшикни ёпиш олдидан орқамга ўгирилиб, «Эслаб қолинг. 2002 йил 7 апрелда туғилганман» деб кириб кетдим. Ҳозир кўп нарсани эслолмайман. Аммо эсимда қолгани укам билан менга иккита телефон олиб келибди. Иккала телефон ҳам эски, ишламайди. Яна ўшанда укам билан ўйин ҳам қилдик. Онам мени олиб кетмоқчилигини айтганда «Йўқ, кетмайман» дедим, ўрнимга укам «Мен кетаман» деб туриб олди. Онам жим бўлиб қолди. Шунда укам «Ҳозир, нарсаларимни йиғиштириб чиқаман» деганча ичкарига кириб, қайтиб чиқмади. Бироздан кейин мен ҳам кириб кетдим. Кечки пайт, билмадим, кимдандир телефон рақамимни олган экан, онам қўнғироқ қилди. Аввалига танимади, билгач, яна узр сўради. Мен-ку кечиришим мумкинлигини, худодан кечиришини сўрашини айтиб, яна балога қолдим. Телефонни ўчириб қўйдим. Икки кундан кейин телефон жиринглади, онам экан. Уйга кўчишим, битирув пулини қачон олишим билан қизиқди. Гап орасида укам ҳам 18 ёшга тўлгач, унга ҳам квартира беришлари ҳақида эшитганини айтиб қолди. Шу гапларидан кейин ҳафсалам пир бўлди-да, бошқа гаплашмай, телефонни ўчирдим. Ўшандан бери ҳозирча тинчмиз…

* * *

Ушбу даргоҳни тарк этарканмиз, собиқ тарбияланувчилардан бири айни пайтда шу ерда тарбиячи бўлиб ишлаётгани, ўзи рус бўлса-да, ўзбек хонадонига келин бўлгани ҳақида ҳам гап бўлган эди. Фурсатдан фойдаланиб, у билан ҳам суҳбатлашиш фикри туғилди.

БАРЧАЛАРИДАН БИР УМР МИННАТДОРМАН…

– Етимлик пешонамга ёзилган экан, шу даргоҳда тарбияланиб, вояга етдим, – дейди биз билан суҳбатда Анна Набижонова. – Буни қарангки, бугун ўзим шу ерда тарбиячиман. Болаликда бир телебошловчи, бир журналист, бир ўқитувчи бўлишни орзу қилардим. Аммо битириш арафасида фикрим ўзгарди. Бунинг учун марҳум Лев Асриянцдан бир умр миннатдорман. Шу киши менга йўл-йўриқ кўрсатди.

Аввал коллежда таҳсил олдим. Кейин Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабаси бўлиш бахтига муяссар бўлдим. 2014 йилда институтни тугатиб, тўғри шу ерга ишга келганман. Қучоқ очиб кутиб олишди. Ўша йили ўзбек йигитига турмушга чиқдим. Она меҳрига зор эдим, ойижоним, яъни қайнонам ўзим топмаган ўша меҳрни берди. Бунинг учун тақдиримдан, билмаганларимни ўргатаётган ойижонимдан, мени ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётган тур муш ўртоғимдан жуда миннатдорман. Худога шукур, ҳозир иккита фарзандимиз бор.

Бундан ташқари, шу даражага етишимга сабабчи бўлган, ҳаётга тайёрлаган онам – директоримиз Шаҳри опа ва бошқа барча устозларимиздан ҳам чексиз миннатдорман.

Тарбиячиликни танлаганимнинг яна бир сабаби шуки, ўзим шу жараённи бошимдан ўтказганим учун бу ердаги ука-сингилларимга далда бўлиш, уларни имкон қадар катта ҳаётга тайёрлашни ният қилгандим. Қўлимдан келганча ёрдамлашиш, меҳр беришга ҳаракат қиламан. Ахир барчасининг катта опасиман-ку! Битириб кетганлар билан доимий алоқадаман. Маслаҳат ёки ҳол-аҳвол сўраб қўнғироқ қилишади, учрашиб турамиз. Мана яқинда бир битирувчимиз вафот этди. Ҳеч кими йўқ етим эди. Уни сўнгги йўлга ҳам ўзимиз кузатдик.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, аслида меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларига ота-она меҳридан бошқа ҳеч нарса керак эмас. Ўзи ҳаёт бўлатуриб фарзандини меҳрибонлик уйига топширганларнинг асосий мақсади, юқорида гувоҳи бўлганингиздек, давлат етимларга берадиган имтиёзларга эгалик қилиш. Бироқ улар амалдаги қонунларга кў ра фақат етимларгина ушбу имтиёзлардан фойдаланиши мумкинлиги, отаси ёки онаси ёхуд ҳар иккиси тирик бўлган тарбияланувчиларга мазкур имтиёзлар татбиқ этилмаслигини билиб қўйишса фойдадан холи бўлмасди.

Бундан ташқари, Олий Мажлис Сенатининг 2020 йил декабрь ойида бўлиб ўтган ўнинчи ялпи мажлисида «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди ва маъқулланди. Мажлисда Ўзбекистон бюджети ижтимоий йўналтирилган бюджет экани қайд этилди. Маълум бўлишича, ижтимоий ҳимоя тизимига 10 триллион сўмдан зиёд маб лағ ажратилаётгани кейинги йилда аҳоли, айниқса, эҳтиёж манд оилаларни барқарор қўллаб-қувватлаш имконини беради. Шунингдек, Сенат томонидан меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини ижтимо ий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар танқидий кўриб чиқилган ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйилган. Бунинг натижасида етим болаларни вояга етгач уй билан таъминлашга эътибор кучайтирилди. Яъни, 2021 йилда уларни уй билан таъминлаш учун бюджетдан 30 миллиард сўм пул ажратилиши белгиланди. Бундан кўринадики, шу пайтгача меҳрибонлик уйларида улғайган йигит-қизлар вояга етгач, уларга асосан турли ётоқхоналардан жой ажратиб келинган бўлса, эндиликда улар уй билан таъминланиб, бу борада муаммо бўлмайди.


Ғофуржон АЛИМОВ,
«Huquq»
Рустам ШАРИПОВ
олган суратлар