Тоға ва жиян чучварани хом санашди

10:11 - 18.01.2021

5

Мансабдорлар, турли вазифаларни бажараётганлар ўз ишига пок виждон ҳамда ҳалоллик билан ёндашмас экан, коррупцияга қарши кураш осон кечмайди. Қолаверса, бу иллат урчимаслиги, аксинча, таг-томири билан йўқ бўлиши учун барча бирдек дахлдорликни ҳис қилиши, курашиши, ўз ҳақини талаб қилиши керак.

Тўғри, бу осон кечмайди. Аммо қийинчилик билан бўлса-да, қонунга хилоф биргина ҳаракатнинг олдини олсак, бу жамиятнинг илгари силжишига ҳисса бўлади. Аксинча ҳолатда эса иши битмаган, идорама-идора югуравериб чарчаган киши одамини топиб «узатиш» керак деган қарорга келади ва қонунга зид йўлни танлайди. Оқибатда кимнингдир ҳамёни қаппаяди. Бундан оддий одамлар жабр чекади. Қуйидаги ҳолат ҳам бунга мисол.

Янгиқўрғон туманидаги «Иномхўжа комплекс» фермер хўжалигида норасмий ишлаб келган Б. А. ҳамда унинг жияни Ж. А. 2020 йилнинг 6 апрель куни Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланиб, 7 апрелдан қамоққа олинди. Нега?

Чунки улар аслида фермер хўжалигининг ҳақиқий эгаси ёки ишчиси бўлишмаса-да, хўжалик ерининг бир қисмини пуллаб, даромад олмоқчи бўлишади. Улар ерни пинҳона сотиш қонунга зидлигини жуда яхши билишарди. «Бир қисмигина холос-ку?! Камайиб қолармиди?!» дея фикрлаган тоға-жияннинг иштаҳаси карнай бўлганидан ҳамтуманларидан бирига фермер хўжалигининг уч гектар ерини 9000 АҚШ долларига хусусий боғ учун ажратиб беришни ваъда қиладилар. Ҳатто «бизнинг ишимиз пухта» деган маънода ўзларини кўрсатиб қўймоқчи бўлиб, туман ҳокимлигида ишловчи танишлари орқали хусусий боғ ташкил қилиш учун ҳужжатларни расмийлаштириб беришини айтишади. Буни эса фирибгарлик дейдилар.

Янгиқўрғон марказидаги «Султон» ошхонасида 9000 долларга ҳисоблаб 86 млн. 950 минг сўмни олаётган вақтида департаментнинг Янгиқўрғон тумани бўлими ходимлари томонидан қўлга олингач, чучварани хом санаганларини англаб етишди.

Сабаб ва оқибатларни аслида ўзимиз келтириб чиқарамиз. Бошимиз деворга урилганида эса аттангдан фойда йўқ. Шундай бўлмаслиги учун тўғри йўлдан оғмаслик кифоя. Урчиб бораётган иллат – коррупция бизни тарк этиши учун ҳам шундай йўл тутиш даркор. Халқни қийнаб, тамагирликни касб қилиб олганларга эса «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши лозим»лигини яна бир марта эслатиб ўтишни истардик. Шунга эришсак жамиятдаги кўп иллатлар барҳам топиб, муаммолар ўз-ўзидан ечилаверади.