Етимларни бағрига олган айрим оилалар камбағал экан…

16:47 - 15.01.2021

13

Тошкент шаҳар прокуратураси органлари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож, профилактик ҳисобда турувчи болаларга алоҳида кўмак бериш ҳақидаги топшириқлар юзасидан муайян ишлар қилинмоқда. Ҳар бир туманда вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссия аъзолари ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг шароитларини ўрганди. Натижада комиссия қарорлари билан туман секторлари раҳбарларининг шаҳар бўйича 220 нафар болани вояга етгунига қадар оталиққа олиш ҳақидаги таклифи маъқулланди.

Биринчи навбатда ушбу болаларга маҳаллий бюджет ва ҳомийларнинг ёрдами ҳисобидан икки сидрадан кийим-бош ва спорт кийимлари олиб берилди.

Шу билан бирга сектор раҳбарлари бола яшаётган оиладаги муҳитни ўрганиб, уларнинг таълим-тарбияси, дарсдан ташқари таълими ва дам олишини ташкил этиш масалаларини ҳал қилиш чораларини кўриб бормоқда.

Мисол учун, декабрь ойида Олмазор тумани прокуратураси сектор раҳбарларига бириктирилган 20 нафар бола билан Абдулла Қодирий уй-музейига, Юнусобод ҳамда Яшнобод туман прокуратураси Темурийлар тарихи давлат музейига экскурсия уюштирди, Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси Марказий боғда болалар учун «Янги йил» байрам тадбирини ўтказди. Барча туманларда сектор раҳбарлари томонидан болаларга совғалар тақдим этилди.

Шунингдек, шаҳар прокуратураси органлари томонидан пойтахтдаги ота-она қарамоғисиз қолган етимларнинг ўқиш ва яшаш шароитлари атрофлича ўрганилиб, васий ва ҳомийлар билан бирма-бир суҳбат ўтказилиб, улар тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси яратилган.

Етимларни қарамоғига олган оилаларнинг шароити ўрганилганда уларнинг 38 таси камбағал ва 44 таси ўртаҳол оилада тарбияланаётгани, уларнинг 74 нафари васийлик ва ҳомийликда, 8 нафари эса патронат шаклида жойлаштирилгани аниқланди.

Тошкент шаҳар прокурорининг ўринбосари Б.Абдувалиев раислигида 2020 йил 5 декабрда туман прокурорларининг ўринбосарлари ва ёрдамчилари, шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва туман халқ таълими бўлими мудирлари, васийлик ва ҳомийлик бўйича мутахассислар, шаҳар ва туман пенсия жамғармаси бўлим бошлиқлари ҳамда вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссия масъул котиблари иштирокида юқоридаги масалалар муҳокама қилинган.

Йиғилишда туман ХТБларига камбағал оилаларда тарбияланаётган 70 нафар болани жойлаштириш шаклини васийлик ва ҳомийликдан патронатга ўзгартириш ҳамда пенсия жамғармаси туман бўлими бошлиқларига боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланмаган 46 нафар етимга пенсия тайинлаш ҳақида топшириқ берилган.

Шаҳар прокуратурасининг ташаббуси билан декабрь ойида етимларнинг 23 нафарига боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланди ҳамда 45 нафари васийлик ва ҳомийликдан қонунда белгиланган тартибда патронатга ўтказилди.

Шу билан бирга, 31 декабрда шаҳар прокуратураси жамоаси шифохоналарда даволанаётган болалар ҳолидан хабар олиб, уларга янги йил совғаларини улашди, эртак қаҳрамонларидан иборат актёрлар жамоаси томонидан саҳна кўринишлари намойиш қилинди. Хайрли тадбир шаҳар прокуратураси биносида давом эттирилиб, шу атрофда яшовчи болаларга байрам концерти ташкил этилди ва совғалар берилди.

Шунингдек, шаҳар прокурорининг ташаббуси билан пойтахтда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда самарали хизмат қилиб келаётган 12 нафар муаллим ва мураббийга шаҳар ҳокимининг 5 млн. сўмдан пул мукофоти топширилди.