Фермер прокурорга нимадан норозилигини билдирди

12:27 - 15.01.2021

22

Хоразм вилояти прокурори Б.Кудратходжаевнинг Тупроққалъа туманига сафари самарали бўлди. Вилоят прокурори аҳолининг яшаш шароити, ижтимоий аҳволи, қишни қандай ўтказаётгани билан танишди.

Шу куни вилоят прокурори, 2-сектор раҳбари туман аҳолиси билан сайёр қабул ўтказди. Унда фуқаролар ўзларини қийнаётган муаммолар ҳақида эмин-эркин мурожаат қилдилар. Айтайлик, Қаҳрамон Сапаров фермер хўжалиги ери асоссиз равишда олиб қўйилганидан норозилигини билдирган бўлса, Муяссар Ражабова тадбиркорлик учун ер ёки бўш турган бино олишига кўмаклашишни сўради. Умуман шу куни тупроққалъалик кўплаб фуқаролар вилоят прокурорига мурожаат қилди. Уларга қонуний жавоб қайтарилиши таъкидланди.

Тупроққалъада ўтказилган «Прокурор ва ёшлар» учрашуви ҳам самимий руҳда кечди. Вилоят прокурори қилинаётган ислоҳотлар, қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида тўхталди. Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббуси ёшларнинг ҳар томонлама комил инсон бўлиб вояга етишида катта аҳамияга эгалигини алоҳида таъкидлаб, ёшларни китобхонликка, компьютер технологияларидан самарали фойдаланишга, спорт билан мунтазам шуғулланишга ундади.

Шундан сўнг ёшларнинг фикрлари тингланди. Жумладан, Ёдгора Собирова, Гуландом Азимова, Комила Ҳайитбоева, Нафиса Собирова ҳамда Улуғбек Жумабоев иш топишда ёрдам сўрашди. Мирзабек Раҳимов, Илҳомбек Болтабоев, Ирода Тоҳирова ёшларни спортга жалб этиш мақсадида ўзлари яшаётган ҳудуддаги мактабларнинг спорт залларидан фойдаланган ҳолда тўгараклар ташкил этиш истаги борлигини билдиришди.

Ёшлар ўз мурожаатларида асосан бандлик масаласини ҳал қилишда, спорт билан шуғулланиш имкониятини кенгайтиришда, имтиёзли кредит ва уй олишда ёрдам сўрадилар. Уларнинг учтаси жойида ҳал қилинди, 20 та мурожаат тегишли ташкилот ва идораларга йўналтирилди.