Тоға

16:02 - 12.01.2021

5

  • Кечагина топширдингиз-ку. Яна келдингизми? Ўзингизга ачинмайсизми?

Офтобда қорайиб кетган, 50 ёшлардаги озғин кишига шифокорнинг раҳми келди.

  • Жияним опамдан ёдгор. Ҳозир аҳволи оғир. Қон гуруҳимиз ҳам бир хил экан…
  • Эрининг қон гуруҳи ҳам мос-ку. У топширса бўлмайдими бу сафар?!

Туғруқхона ҳовлисида қошларини чимириб турган аёл, яъни бемор келиннинг қайнонаси гапга аралашди:

  • Ўғлим қон беролмайди, у нимжон. Бу кишининг ташвишини қилманг, меҳнатда қотган чайир одам. Новвот чой ичиб турса, тезда ўзига келади!

Беморнинг аҳволи яхшиланди, ярим литрдан зиёд қон топширган тоға эса ҳалигача ўзини ўнглолмайди.

Дарвоқе, “нимжон” куёв бир ҳафтадан сўнг машинасини янгилади. Айтишича, янги машинаси анча кенг ва қулаймиш, илгаригисининг рули қорнига тегиб ҳайдашга халал берган экан…