Майиз

15:15 - 12.01.2021

2

Келин бўлганига кўп бўлмади. Эгизак қайинсингилчалари ортидан қолмайди.

— Яшириб е, қонинг кам, — деди бир куни онаси унга ярим елим халтача майиз узатаётиб. Шундай қилди. Ҳар куни бир сиқим ейди, сўнг яна тортмага солади.

Ўша куни эрталаб тортмадан елим халтачани тополмади. Қизчалардан гумон қилди.

— Нега менинг нарсамга тегасизлар?! — дея ўдағайлади қайинсингилларига. —Яна уйимга кирсанглар, қаттиқ хафа қиламан!

Ишхонасига келди, сумкасидан конспект дафтарни олаётиб, елим қопчада қолган бир сиқим майизга кўзи тушди. “Эсим қурсин! Кеча ишда ейман деб солиб қўйгандим-ку!”

Уйига келгунича, майиз воқеаси унутилгандек эди. Аммо очиқ турган тортмага кўзи тушгач, ичида нимадир чирт этиб узилгандек бўлди: майиз тўла елим халтача сиғмаганидан тортма ёпилмай қолганди.  Ҳар куни чопқиллаб қаршилайдиган қизчалар ҳам кўринмасди…