Кўнгилни кенг қилинг

13:32 - 12.01.2021

8

— Салгина сурилинг, бунча бесўнақайсиз?

— Қаерга сурилай? Ўзингиз мана бу зилдек тўрвангизни оёғимдан олинг.

Дам олиш куни бўлгани учун автобус бозордан қайтаётган одамлар билан тўла. Кўпчилик асабий. “Бесўнақай” йигит ва “тўрвали” аёл ҳатто тортишиб қолишди.  Тиқилинчда кимдир жаврайди, яна кимдир ёшларнинг безбетлигидан ёзғиради.

— Ҳой қиз, уялмайсанми? Кекса одамга жой бер! Ё касалмисан?

— Нега касал бўларканман, кўрмай қолибман.

Анчадан бери тепасида турган кампирни қиз энди «кўрди», оғриниб жойини бўшатди. Мен ўғлим билан бозордан қайтяпман. Шундоғам эшиги аранг ёпилаётган автобус камига бекатларда бехато тўхтаб, яна одам олар, ичкаридагилар ҳар сафар норози ғудраниб қўйишарди. Ўғлим эса, тез-тез эшик очилиб тоза ҳаво олаётганидан хурсанд. Мен одамлар оша ойнадан ташқарини кузатиб кетяпман. Бу орада кенг далалардан сўнг мевазор боғ бошланди. У ерда одамлар куймаланишар, йўл чеккасига ёғоч қути ва челакларга солинган олмалар сотиш учун чиқариб қўйилган. Ял-ял товланиб, қуёш акс этиб турган нақш олмалар кўзни қувнатади.

— Оббо, яшиги ҳам борми? Таксида кета қолса бўлади-ку. Шунча юки билан…

Ёнимдаги спорт кийимли, қулоқчин таққан йигитчанинг бетоқатлиги эътиборимни тортди. У дам-бадам уф тортарди. Қарасам, бир аёл автобусга икки-уч ёғоч қути олма юклаётган экан. Аёл чопон кийган нуроний киши билан тезда хўшлашиб, автобусга чаққонгина чиқиб олди.

Салондаги кайфият унга бутунлай бегона: кўзлари кулиб турар, униққан рўмоли остидан оқара бошлаган сочлари тўзғирди.

— Вой болажон, олма егинг келяптими?

Яшикдаги чарақлаб турган қизил олмалардан ўғлим кўзларини узолмай қолган кўринади. Уни туртиб қўйдим, аёл узатган нақш олмаларни рад этиб, раҳмат айтдим.

— Синглим, мевалар деҳқончилик. Отамнинг боғидан. Боланинг сазасини ўлдирманг. Ол, болам, ош бўлсин.

Ўғлим менга қарай-қарай олмага қўл чўзди. Ейишга ийманди, шекилли, сумкага солди. Қутилардаги йирик-йирик, бирорта ҳам нуқсони йўқ қизил олмалар барчанинг эътиборини тортган, орқароқдагилар ҳам бўйинларини чўзиб олмаларга тикилишарди.

— Опа, деҳқончилик бўлса, бизга ҳам узатинг бобойнинг олмаларидан, — деди ярим ҳазил оҳангда боягина шу аёлнинг автобусга чиқишидан бетоқатланган спорт кийимидаги йигитча.

— Олаверинг, олинг, — дея аёл кулимсираганча унга ҳам икки дона узатди.

— Буни бешюлдуз олма, дейишади шекилли. Жуда сершира бўлади-да ўзиям, — деганча «бесўнақай» йигит қутилар ёнига чўкди. Қарсиллатганча олмадан тишлади.

— Ука, бизга ҳам узатиб юборинг, жуда иштаҳани очдингиз-да, — деди шу йигитни бесўнақайликда айблаган «тўрвали» аёл.

Бир келинчакнинг кўнгли беҳузур бўлаётганини айтиб ўрта яшар аёл (қайнонаси бўлса керак) тўртта олма сўради. Ёнимдаги хотин эса тишлаб турган олмасидан ташқари, яна иккитани нимчасининг чўнтагига жойлади. Невараларини ўйлади, шекилли. Шу пайт олдинроқда турганлар ҳам қўл чўза бошлашди. Чиптачи билан ҳайдовчи ҳам бенасиб қолмади. Ҳаш-паш дегунча, ёғоч қутининг таги кўринди. Аёл эса, ҳамон кулимсираганча меваларидан улашарди…

У уч бекатдан сўнг тушиб қолди. Разм солсам, салонда одамлар камаймаган, аммо негадир энди тиқилинч эмас, ҳатто айримлар бир-бири билан ҳазиллашиб, кулишиб кетишмоқда. Нимчали аёл эса спорт кийимидаги йигитча билан қариндош чиқиб қолди.

Назаримда, аёл олма тарқатмади — сабоқ берди. Тиқилинч автобусга яшиги билан ҳам бемалол жойлашган аёл, кўнгилни кенг қилиш, бир-бировдан дунёни қизғанмаслик, асл инсоний туйғуларни унутмаслик, муҳими, инсонни қадрлаш ҳақида эслатиб, танбеҳ бериб кетгандек эди…