Илм — тараққиёт гарови

17:10 - 11.01.2021

8

Бугун илм-фан ривожисиз ҳаётда юксак тараққиётга эришиб бўлмаслиги кундай аён. Мамлакатимизда илм-фан ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари академик ва тадқиқотчилар билан бир неча бор учрашиб, улар кўтарган барча масалаларни ҳал қилиб берди. Илмий ташкилотларнинг моддий-техник базасини янгилаш учун катта маблағлар йўналтирилди.

Ўтган йилнинг 3 декабрь куни Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам илм-фан ва инновацияни ривожлантириш борасида олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар, тармоқ ва ҳудудлар олдидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.

– Бир нарсани билишимиз керак: илмсиз, инновациясиз олдимизга қўйган мақсадларга ҳеч қачон эриша олмаймиз. Ҳисобот учун эмас, натижа учун ишлаш керак, – дея таъкидлади Президент мазкур йиғилишда.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан кейинги тўрт йилда илм-фан соҳасида ўттиздан зиёд ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Буларнинг бари соҳада ўзгаришлар бошланганини кўрсатади. Президентимизнинг 2020 йил 29 октябрдаги «Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони ҳам ана шу эзгу амалларга ҳамоҳангдир. Мазкур ҳужжатга мувофиқ Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ҳамда унинг мақсадли кўрсаткичлари ва индикаторлари тасдиқланди.

Эндиликда мамлакатимизда илм-фан соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш борасида илмий ташкилотларнинг илмий-инновацион фаолияти самарадорлигини баҳолашга йўналтирилган миллий рейтинг тизими жорий этилади.

Илм-фанда ўзини ўзи бошқариш тизимини ривожлантириш орқали давлат ва илмий ташкилотлар ўртасида ижтимоий шериклик ривожлантирилади ва унинг доирасида лойиҳалар амалга оширилади.

Фармонда қайд этилишича, илм-фан ва илмий фаолиятни молиялаштириш тизимини такомиллаштириш ҳамда молиялаштириш манбаларини диверсификациялаш борасида 2025 йилга қадар илм-фанга йўналтириладиган жами маблағларнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улуши 6 бараварга, 2030 йилгача эса 10 бараварга оширилади.

2025 йилга қадар илм-фанни умумий молиялаштириш ҳажмида илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига хусусий сектор томонидан ажратиладиган маблағлар улуши амалдаги 8 фоиздан 20 фоизга, 2030 йилгача эса 30 фоизга етказилади.

Инновацион ишланмалар ва стартап лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида эса хорижий етакчи инвестиция компаниялари билан ҳамкорликда 2021 йилда 2 та, 2025 йилда 10 та венчур жамғармаси ташкил этилади.

Бундан ташқари, 7 та замонавий лаборатория мажмуаси ташкил этилади. Улар GLP ва GMP жаҳон стандартларига мос ускуналар билан жиҳозланади. Илмнинг тараққиётига кўмаклашувчи замонавий ахборот муҳитини шакллантириш мақсадида эса миллий илмий портал яратилади. Қолаверса, олимлар, ташкилотлар, илмий-техник ахборот манбалари рейтинги жорий этилади.

Фармонда белгиланишича, илмий ташкилот раҳбари лавозимига илм-фан тизимини бошқариш кўникмасига ва иқтисодий билимга эга бўлган ёш мутахассислар кўпроқ тайинланади. Шунингдек, 2021 йил 1 январдан бошлаб илмий ташкилотларнинг раҳбарларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ўқитиш ва малакасини ошириб бориш тизими жорий қилинади. Бундан ташқари, мазкур санадан бошлаб ҳар бир илмий ташкилотда илмфан ва илмий фаолият бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилади. Бу лавозимга таниқли олимлардан бири тайинланади. Эътиборли жиҳати, у ташкилотнинг илмий кенгашини бошқаради.

Ҳудудларда илм билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаш, илм- фанга кенг жалб қилиш, нуфузли илмий мактабларни шакллантириш, уларнинг салоҳиятини ошириш мақсадида 2021 йил 1 январдан бош лаб «Академик ҳаракатчанлик» дастури жорий этилади.

Яна бир янгилик, олий таълимдан кейинги таълимнинг бир поғонали тизими жорий қилинган хорижий давлатларнинг рўйхати ҳар йили Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг қўшма қарори билан тасдиқланадиган халқаро рейтингларда биринчи 300 та ўриндан бирини эгаллаган олий таълим ташкилотларида олинган фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражаси тўғрисидаги ҳужжатлари Ўзбекистонда фан доктори (DSc) сифатида тўғридан-тўғри тан олинади ва нострификация қилинади.

Халқаро рейтингларда биринчи 300 та ўриндан бирини эгаллаган олий таълим ташкилотларида олинган профессор, доцент, катта илмий ходим ва уларга тенглаштирилган бошқа илмий унвонлар тўғрисидаги ҳужжатлар олий таълим муассасаси ва илмий ташкилотлар кенгашларининг тавсиясига асосан Ўзбекистонда қўшимча экспертиза ўтказмасдан ва бошқа синовларсиз тўғридан-тўғри тан олинади.

Фармонда қайд этилишича, Жаҳон банки томонидан илмий ишланмаларни тижоратлаштириш асосида республикамизда инновацион тизимни ривожлантириш, инновацион фаолият соҳасидаги индикаторларни яхшилашга кўмаклашиш мақсадида 50 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратиш тўғрисидаги «Ўзбекистон миллий инновацион тизимини модернизация қилиш» лойиҳаси маъқулланган. Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги 2021 йил 1 январга қадар лойи ҳа доирасидаги ташаббусларни (лойиҳаларни) баҳолаш ва экспертизадан ўтказиш учун Халқаро эксперт кенгашини (International Expert Board) ташкил этади.

Аброр ГАНИЕВ,
Бош прокуратура бошқарма катта прокурори