Маҳаллалар жиноятдан холи бўлиб бормоқда

15:09 - 11.01.2021

6

Жиноятчиликнинг олдини олиш, унга қарши курашиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига юклатилган асосий вазифа ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, Тахтакўпир тумани прокуратураси томонидан туман ИИБ ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда 17 та маҳалланинг барчасида «Telegram» гуруҳлари тузилиб, уларга 13 549 нафар фуқаро жалб этилди ва ўзаро ахборот алмашинуви йўлга қўйилди.

Маҳаллаларда ҳуқуқбузарлик ва юз берган жиноятларни муҳокама қилиш бўйича 200 дан ортиқ тадбир ўтказилди.

Шунингдек, 11 та савдо объектига ва 23 та бошқа объектга видеокузатув мосламаси ҳамда 12 та кўп қаватли уй, 14 та савдо объектига ва 25 та бошқа объектга ёритиш мосламалари ўрнатилди.

Мутасадди идоралар билан ҳамкорликда 2 та нотинч оила ва ичкиликка ружу қўйган 19 кишининг муаммоларини бартараф этишга кўмаклашилди.

Тумандаги 23 та мактабда 7171 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Улар ўртасида жиноят содир этилишининг олдини олиш, ёшларнинг муаммоларини ўрганиш мақсадида туман ҳокими, прокурор ва ИИБ бошлиғи томонидан 29 марта учрашув ўтказилди. 2020 йилда ҳуқуқ бузарлик содир қилган 4 нафар бола профилактик ҳисобга олинган бўлиб, шундан 3 нафари тўғри йўлга тушгани сабабли мактаб тақдимномаси ва мураб бийи тавсиясига асосан профилактик ҳисобдан чиқарилди.

Илгари судланганлар жиноят қилишининг олдини олиш мақсадида 22 кишининг психологик портрети тузилиб, ҳар бирига мураббий бириктирилди, хусусан 19 нафари иш билан таъминланди.

Туман ички ишлар бўлими пробация хизматида ҳисобда турган 13 нафар маҳкумнинг барчаси ҳозирда иш билан банд.

Хотин-қизлар томонидан жиноят содир этилишининг олдини олиш мақсадида рўйхатга олинган 54 аёлдан 48 нафарининг муаммоси ҳал қилинди.

Профилактик ҳисобда турган 14 аёлнинг ҳар бирига моддий ёрдам кўрсатилди, 10 нафари иш билан таъминланди. Улар билан профилактик суҳбатлар олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, оилавий жиноятларнинг ҳамда аёлларнинг таз йиққа учрашининг олдини олиш мақсадида йил давомида 73 нафар аёлга ҳимоя ордери берилди.

Узоқ муддат чет элда бўлиб қайтиб келган 1079 кишидан 784 нафари тиббий кўрикдан ўтказилди, улардан бирида сил, 14 нафарида камқонлик касаллиги аниқланиб, барчасининг даволаниши таъминланмоқда, 33 нафари ишга жойлаштирилди.

Бозорларда валюта билан ноқонуний савдо қилишнинг ҳуқуқий оқибати тўғрисида 3 марта, иқтисодий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида 14 марта тарғибот ўтказилди. Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган 25 кишига кўмаклашилди.

Бюджет маблағи ўзлаштирилганини аниқлаш бўйича 11 та тадбир ўтказилди. Коррупцияга мойил мансабдорларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланди. Истеъмол маданиятига амал қилмаслик ва талон-торожликларни аниқлаш тадбирларида 5 та ҳолат аниқланди.

Туманда қотиллик, босқинчилик, талончилик, безорилик, автотранспортни олиб қочиш, товламачилик, одам ўлими билан боғлиқ транспорт ҳодисалари ва бошқа оғир ва ўта оғир
жиноятлар содир этилишига йўл қўйилмади.

Полат ХАЛМУРАТОВ,
Тахтакўпир тумани прокурори