Янги Ўзбекистон бунёдкорлари

10:22 - 11.01.2021

17

Мамлакатимиз тарихида биринчи марта 2021 йил арафасида Ўзбекистон ёшларининг форуми бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари форумдаги нутқида юртимиздаги ислоҳотлар ёшларнинг куч-ғайрати, шижоатига суянган ҳолда амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда келажак авлод камолоти учун катта куч сафарбар этилаяпти. 2021 йилга «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб ном берилиши ҳам фикримизнинг яққол далили.

Давлатимиз раҳбари 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга қилган мурожаатида «…куни кеча Ёшлар форумида ўғил-қизларимизнинг ёниб турган кўзларида улкан азму шижоатни, билимга ташналик ва янгиликка интилишни кўриб, янада руҳландим ва улардан куч олдим. Ибн Сино бобомиз айтган довюрак ва ботир ёшлар айнан шу фарзандларим эканига яна бир бор амин бўлдим. Агар катта авлоднинг билими ва тажрибасини, узоқни кўра олиш фазилатларини ёшларимиздаги ғайрат-шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштира олсак, кўзлаган марраларга албатта етамиз. Янги Ўзбекистонни ана шундай билимли ва бунёдкор ёшларимиз билан биргаликда барпо этамиз» дея алоҳида таъкидлади.
Президентимиз давлат идоралари, ҳокимлар, вазирликлар, сектор раҳбарларининг ёшларга доир сиёсатни амалга ошириш борасидаги вазифаларини белгилаб берди.

Фарғона вилояти прокуратураси органлари ҳам ёшларни қўллаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, муаммоларини ҳал этиш борасида иш олиб бормоқда. Хусусан, 2020 йили ёшларга доир қонунчилик ижросида қонун бузилишига йўл қўйган мансабдор ва масъул шахсларнинг 503 нафари интизомий, 334 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди. 7 та жиноят иши қўзғатилиб 910 кишининг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Вилоят прокуратураси органлари «Прокурор ва ёшлар» учрашувини ўтказиши анъанага айланди. 220 та учрашувда 3100 дан ортиқ ёшга бандлик масаласида ёрдам кўрсатилди. Уларнинг 537 та муаммоси ҳал қилинди. Ёшларни маданият, санъат ва спортга жалб этиш, китобхонликни тарғиб қилиш ҳамда бандлигини таъминлашга ало ҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Данғара туманидаги маданият маркази таъмирланди. Фаолияти тўхтаб қолган 10 та кутубхона прокуратура органларининг ташаббуси билан таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. 39 та янги кутубхона ташкил қилинди. Вилоят миқёсида 28500 нафар ёшлар маданият ва санъат йўналишида машғулотларга қатнади. Прокуратура органлари ёр дами билан 2402 нафарининг бандлиги таъминланди. Хусусан, Ёзёвон туманида балиқчилик учун 24 гектар кўл, 30 гектар майдонда полизчилик кооперацияси ташкил қилиниб, 84 киши ишли бўлди. Фарғона туманида анорчилик кооперацияси ташкил этилди. Камбағал оилалардаги 80 нафар ёшга анор боғи яратиш учун 42 гектар ер ажратиб берилди. Тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш жараёнида қўшимча иш ўринлари яратилди.

Ёшлар спорт билан мунтазам шуғулланиши учун шароит яратилмоқда. 22 та мусобақа ўтказилгани ёшларнинг спортга ҳавасини янада оширди. Хусусан, ўтган йил февраль ойида олий ўқув юртлари талабалари ўртасида волейбол, мини футбол ва стол тенниси бўйича Фарғона вилояти прокурори соврини учун турнир ўтказилди ва ғолиблар муносиб тақдирланди. Ҳуқуқбузарликка мойил ва профилактик ҳисобда турган 517 нафар ёшга ўзи қизиққан спорт тури билан шуғулланиши ҳамда қўшимча таълим олиши учун мураббий бириктирилди.

Энди Ёшлар форумида белгиланган юксак марралар асосида қабул қилинадиган дастурлар билан йигит-қизларнинг орзуларини рўёбга чиқариш учун шароит яратилади. Айниқса, тараққиёт локомотивига айланган ахборот технологиялари соҳасида, «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида иқтидорини рўёбга чиқариш имкониятидан фойдалана олган ёшлар юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшади.


Нодиржон ДЖАЛОЛОВ,
Фарғона вилояти прокурорининг катта ёрдамчиси