Авлодларимизга обод масканлар қолиши керак!

13:38 - 08.01.2021

6

Экологик маданият нима? У атроф муҳит тўғрисида чуқур билимга, табиатни асраш туйғусига эга бўлишдир. Сув ҳавзаларини ифлослантирмаслик, ахлатни дуч келган жойга тўкмаслик, турар жойларни озода сақлаш, ҳайвонларга ғамхўрлик қилиш, қушларни парваришлаш экологик маданиятнинг энг оддий кўринишлари саналади.

Уч ой аввал ташкил этилган Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокуратурасининг асосий вазифаси аввало шу, яъни фуқароларнинг экологик маданиятини юксалтиришдир. Қолаверса, Ер кодекси, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги, «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги қонунлар, туризмни ривожлантиришга оид фармон ва қарорларнинг ижросини таъминлаш.

Ўтган даврда жойларда мазкур қонун ҳужжатларининг ижроси ўрганилиб, камчиликлар бартараф этилмоқда. Хусусан, ўрганишларда 311 та ҳолатда 48 гектар ер ўзбошимчалик билан эгаллангани ва ноқонуний бинолар қурилгани аниқланган.

Ҳозирги кунда 41 та ҳолатда ўзбошимчалик билан эгалланган 9 гектар ердаги ноқонуний қурилмалар бартараф этилган. Мисол учун, ишчи гуруҳ томонидан Угом дарёсининг муҳофаза минтақасида 8 киши 0,78 гектар ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олгани аниқланиб, ер давлат захирасига қайтарилди.

Ўтказилган хатловларда аниқланган қонунбузилишлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ўтказилмоқда. Жумладан, Хумсон массивидаги 10,9 гектар суғориладиган ер 2015 – 2020 йилларда фуқаролар томонидан ноқонуний равишда эгалланиб, у ерда уйлар қурилиб, сохта ҳужжатлар асосида эгалик ҳуқуқини қўлга киритиш орқали давлатга 9,3 млрд. сўм зарар етказилган. Мазкур ҳолат юзасидан Хумсон маҳалласининг собиқ раиси, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими масъул шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Шу каби «Бурчмулла» ўрмон хўжалиги ва туман захирасидаги 2,4 гектар ер 21 киши томонидан ноқонуний эгалланиб, уй қурилиб, сохта ҳужжатлар асосида эгалик ҳуқуқи қўлга киритилгани юзасидан 2020 йил 10 декабрда жиноят иши қўзғатилган.

Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси томонидан «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш ва санитария-муҳофаза зоналарини белгилаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори ижроси ўрганилганда, сув иншоотларининг муҳофаза зоналарида 51 та ноқонуний бино қурилгани, чиқиндиларни утилизация қилишга оид қонунчилик 18 та ҳолатда бузилгани ва 3 та ҳолатда ер қаъридан ноқонуний фойдаланилаётгани аниқланган.

Шунингдек, Салор каналининг Зангиота ва Янгийўл туманларидан ўтувчи қисмларида юридик ҳамда жисмоний шахслар томонидан 32 та ҳолатда ноқонуний қурилмалар қурилгани, 18 та ҳолатда канал суви чиқиндилар билан булғангани аниқланиб, 11 нафар шахс расман огоҳлантирилган, 13 нафарига нисбатан эса маъмурий баённома расмийлаштирилган. Мисол учун, каналнинг Ниёзбош маҳалласидан ўтувчи қисмида «Сувоқова» ДУКнинг «Янгийўл шаҳар сувоқова» филиалига қарашли сув тозалаш иншооти дан чиқаётган оқовалар тозаланмасдан каналга оқизилаётгани юзасидан корхона раҳбари расман огоҳлантирилиб, давлатга 229,6 млн. сўм товон пули ҳисобланган ва ундириш чоралари кўрилмоқда.
Прокуратура томонидан «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун ва соҳага оид бошқа норматив ҳужжатлар ижроси Юқоричирчиқ, Қибрай, Тошкент ва Бўстонлиқ тумани инспекцияларида ўрганилиб, аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилган ва қонунга зид 5 та қарорга нисбатан протест келтирилган. Шунингдек, «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги қонун ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси ўрганилганда Паркент туманидаги иккита ғишт заводининг мансабдорлари лицензия олмасдан тупроқ қазиб олгани аниқланган. Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, Тошкент туманида жойлашган «Grand milk» МЧЖ таъсисчиси Д.М. корхона ҳудудидаги умумий қиймати 155 млн. сўм бўлган 41 туп дарахтни қонунга хилоф равишда кесгани юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов давомида Д.М.дан етказилган зарарнинг 150 млн. сўми ундирилди.
Бундан ташқари, Чиноз туманидаги «Gravito» ва «Humo logistik» МЧЖлар томонидан ноқонуний равишда қум-шағал ишлаб чиқарилгани юзасидан ўтказилаётган текшириш давомида 274,4 млн. сўм солиқ ҳисобланиб, ундирилиши таъминланди.
Қисқа муддатда ўтказилган назорат тадбирлари давомида аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан тегишли жойларга 7 та тақдимнома киритилди. Ноқонуний қарорларни бекор қилиш бўйича 19 та протест келтирилди. 11 та жиноят иши қўзғатилди. Шунингдек, табиатга етказилган зарар учун 140 млн. сўм товон пули ундириш ва фуқаролар ноқонуний қуриб олган биноларни буздириш юзасидан судларга 10 та даъво аризаси киритилди.

Фаррух БАБАРАХИМОВ,
Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокурори