Устозлар йўли — тажриба мактаби

15:05 - 08.01.2021

14

– Сингил, яқин дўстим Мадамин Жўра билан бирга ўзим тергов қилган жиноят ишлари асосида бир-иккита қоралама тайёрлашга киришдик. Баъзи жиҳатларда ёрдамингиз керак, ҳамкорлик қилсак…

Ойбек аканинг жуда тажрибали терговчи бўлганини, оғир жиноятларни фош этиш ва тергов қилишда жонбозлик кўрсатганини ҳамкасбларидан эшитиб юрганим учун бу таклифга рози бўлдим. Шу тариқа у кишининг ўзига хос ҳикояларини тингладим.

Прокуратура ходимларининг касб байрами арафасида Ойбек акани ўзим излаб топдим. Ниятим у кишини байрам билан қутлаш, шунингдек, хотираларини эшитиш, иш жараёнига хаёлан қайтариш эди.

– Прокуратурадаги фаолиятимни 1992 йилда Андижон шаҳар прокурорининг ёрдамчиси сифатида бошлаганман, – дея гап бошлади Ойбек ака.

– 1994 йилдан вилоят прокуратурасида катта терговчи бўлиб ишладим. Вилоят прокуратураси терговчилари оғир жиноятларни тергов қилишади, биласиз…

– Роса қийин даврларда иш бошлаган экансиз. Мустақилликнинг дастлабки йиллари… Ёш давлат… Ҳар бир соҳа қайтадан тикланаётган жараёнлар… Ҳар ҳолда, осон бўлмагандир? – сўрайман аста.
– Чиндан ҳам осон бўлмаган… – Ойбек ака эски хотираларига ғарқ бўлганча ўша кунларни эслайди. – Прокуратура органлари собиқ иттифоқ бўйсунувидан чиқиб, Ўзбекистоннинг миллий давлат органи сифатида қайта ташкил этилиши ўз-ўзидан бўлмаган. Миллий давлатчилигимизни тиклаш, давлат тузилмаларини ташкил этиш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш билан боғлиқ жараён эди бу. 1992 йил 8 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси прокуратураси органлари тўғрисида»ги фармони қабул қилиниб, собиқ иттифоқ қарамоғидаги Ўзбекистон ССР прокуратураси Ўзбекистон прокуратурасига айлантирилди. Икки ой ўтар ўтмас – 29 февралда иш бошладим.

Ёш эдим, ғайратим бор. Ҳар қандай топшириқни аъло даражада бажаришга ҳаракат қиламан, имкон даражасида устозлардан соҳанинг сирларини ўрганаман, изланаман.

Ўн йилдан зиёдроқ терговчи бўлиб ишлаганимни аввал айтгандим сизга. Ўша кезлари оғир жиноятларни фош этишда бугунгидек замонавий техникалар бўлмаган. Терговчи туман прокурори, ИИБ ходимлари ҳамда прокурор-криминалист билан бирга воқеа жойига чиқар, жиноят фош этилгунча ҳаловати бўлмасди. Кейин тергов…

1996 йилда Булоқбоши туманида ёвуз қотиллик содир этилганди. Бу жиноятни фош этиш жараёни ҳамон кўз олдимдан кетмайди.
Бир оилада ота ва она бирдан бедарак йўқолади. Аввалига ўғил уларни «бошқа шаҳарга кетишган» деган баҳона билан тергов органларини чалғитади. Аммо ниманидир яшираётгани ҳаракатларидан кўриниб турарди. Ҳар ҳолда озми-кўпми тажрибам бор, жиноятчилар билан кўп суҳбатлашганман, сезаяпман. Бироқ босим ўтка зишга ҳаққимиз йўқ. Бунинг устига қўлимизда унга қарши бирор далил бўлмагани учун эр-хотин бедарак йўқолди деб жиноят иши қўзғатиб, суриштирув ишларини тўхтатмадик. Тез-тез ўғил билан гаплашамиз, тергов услублари билан ўзи «ёрилиши»га ҳаракат қиламиз.

Бир ой деганда у айбини тан олди. Ота-онасини ўлдириб, ҳовлига кўмиб юборганини ўзи айтиб берди…

Андижон туманидаги яна бир қотиллик жиноятини тергов қилганман. Эр ҳомиладор хотинини жаҳл устида ўлдириб қўйган.

Тергов жараёнида у умуман гапирмай қўйди. Психологик экспертиза ўтказилди – соғлом, ақли расо… Бор маҳоратимни ишга солиб, чидам билан тергов ўтказавердим. Ниҳоят у тилга кирди, жиноятини бўйнига олди. Фожиа тафсилотларини ҳам айтиб берди.

У пайтларда тергов жараёнларини қайд этишда бугунгидек видеокамералар, компьютер қаёқда?! Жиноятчининг кўрсатмалари ҳам, гувоҳларники ҳам ёзув машинкасида ёзилади.

Аксига олиб айбланувчи танишиш учун берилган сўров протоколини шартта йиртиб ташлади. Қанча меҳнат, бутун бошли жараён… Албатта, дарҳол ҳолат бўйича далолатнома тузилди, протокол тикланди. Бироқ ўша пайтдаги асаб бузилиши, ишнинг ортга сурилиши… Бу билан нима демоқчиман?! Агар ўшанда бугунгидек замонавий техникалар бўлганида биз бошдан ўтказган қийинчиликлар бўлмасди…

Бугун тизимда ишлаётган ходимларга ҳавас қиламан. Ҳукуматимиз соҳага катта эътибор қаратмоқда. Кун са йин тизим ислоҳ этиб борилиб, энг замонавий моддий-техник база билан таъминланмоқда. Қани энди ўша ёшлигим яна қайтса-ю, бор куч ва билимим билан соҳа равнақи учун ҳисса қўшсам…

* * *

Наманган вилояти прокуратураси органларида узоқ йиллар ишлаган Набижон Фаязов билан ҳам кўп ҳамсуҳбат бўлганман. У киши собиқ тузум даврида ҳам, кейинги йилларда ҳам фаолият юритган. Бугун ҳам касб сирларини ёшларга ўргатишдан асло эринмайди. Байрам арафасида кўпларга устоз бўлган, айни пайтда кек салик гаштини сураётган бу табаррук инсонни йўқлаганим шундан. Ўз-ўзидан суҳбатимиз у киши Чортоқ тумани ва На манган шаҳри прокурори бўлиб ишлаган йилларга бориб тақалди.

– Ўшанда экстремистик гуруҳлар роса бош кўтарган, уюшган жиноятчилик кўпайган йиллар эди-а? – сўрайман Наманганда содир этилган даҳ шатли фожиаларни хотирларканман. – Ҳали ҳам ўша даврнинг аянчли манзаралари қий наса керак?

– Ҳа, одамлар диний бағри кенгликни нотўғри тушунган, ўзича динни ниқоб қилиб олган бир гуруҳ манфурларнинг куни туққан йиллар… Уларга қарши курашда прокуратура органлари ҳам бошқа органлар қатори фидойилик кўрсатган.

Иттифоқ назоратидан эндигина холи бўлган кезларимиз. Прокуратура ходимларининг шахсий ҳимояси бугунгидек эмас… Ҳатто туман прокурорларининг ҳаммасига ҳам техника ажратилмаган, хоналар етишмайди. Битта хонада учтўрт ходим ўтириб ишлашга мажбур.

Наманганда бир-биридан оғир, аянчли жиноятлар содир этила бошлади. Ўзларига «Ислом лашкарлари» деб ном берган жиноий гуруҳ бош кўтарди. Улар жиноят қилган кишиларнинг оёқ-қўлини боғлаб, ўзлари билганича жазолашга уринар, фоҳиша деб гумон қилинган аёлларни одамлар кўп тўплана диган жойларда кийим-бошсиз сазойи қилишарди. Бу манфур гуруҳ ҳокимиятни эгаллаб олишга уринди, ҳокимият ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини ваҳшиёна ўлдириб кетди.

Ўша йиллари чиндан оғир эди. Улар билан мулоқот қилиш, жиноят содир этганларини қўлга олиш, тергов қилиш, жазо муқаррарлигини таъминлаш, умуман, вазиятни барқарорлаштириш ҳукумат раҳбарларига ҳам, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига ҳам осон бўлмаган. Эсласам, ҳамон юрагимда оғриқ ҳис этаман.
Қанчалик машаққатли бўлмасин, бу хунрезликлар бартараф этилди, минг шукур. Жиноятчилар жазосини олди. Бу йиллар бизга катта тажриба мактаби бўлди.

Фаолиятим давомида дуч келган яна бир жиҳатни кўп эслайман. Айнан Наманган шаҳри прокурори бўлиб ишлаган кезларимда 15-16 ёшли қизларни турмушга бериб юбориш ҳолатлари кўп учрарди. Айрим оилаларда қизлар, ҳатто ўғил болалар ҳам мактабга юборилмасди. Она ва бола ўлими кўп учрарди. Ўзи ҳали бола бўла туриб, ҳам жисмонан, ҳам маънан она бўлишга тайёр бўлмаган қизнинг ҳомиладорлик даври ва фарзандни дунёга келтириш жараёни осон бўлган дейсизми?! Бунинг устига халқимизнинг ҳуқуқий саводхонлиги жуда паст бўлиб, бир нимани уларга тушунтириш машаққат эди. Ўта вазминлик, эҳтиёткорлик биланмуомала қиламиз. Фуқароларнинг хотин-қизларга муносабати ёмон аҳволга келиб қолган, уларга қулдек қаралар, айрим хонадонлардаги келинлар жуда хўрланганини кўп кўрганмиз.

Ҳатто бир оиланинг икки келинига ертўлада тинимсиз гилам тўқитилган, улар аёвсиз калтакланган, оч-наҳор ишлашга мажбурланган. Бу қийноқларга чидолмай иккиси ҳам ўзини каналга ташлаб, жонига қасд қилган. Ўша кунлар ҳам кечагидек кўз ўнгимда.
Албатта, халқимизнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш борасида прокуратура органларидан маҳорат, дадиллик, фидойилик талаб этиларди. Қанча қийин бўлмасин, қонун устуворлигини таъминлашга ҳаракат қилганмиз, бунинг уддасидан чиққанмиз ҳам. Шу каби иллатларга қарши курашган инсонлар билан бирга ишлаганимдан жуда фахрланаман. Бугунги кунда прокуратура органларига яратиб берилаётган шароитларни кўринг! Қачонлардир халқ қораловчи сифатида қараган тизим бугун инсонларнинг ҳуқуқ ва манфа-атлари ҳимоячисига айланди. Соҳа фаолияти халқаро талаблар даражасида ташкил қилинди ва кун сайин такомиллашиб бормоқда. Гарчи машаққатли даврда ишлаган бўлсам-да, шу касбни танлаганимдан афсус чекмаганман. Аксинча, доим ғурурланганман. Қисматимдан розиман. Касбим ортидан кимларгадир ҳаётга умид улашдим, кимнингдир қувончига шерик бўлдим, кимнингдир оғирини енгил қилиб, дардига малҳам бўлдим. Шу касбим ортидан бугун эл ардоғидаман.

* * *

Ҳа, бугун Набижон Фаязов ва Ойбек Каримов сингари устозлар прокуратура органларининг тирик тарихи, тажрибалари бугунги ёшлар учун улкан мактаб. Улар тимсолида прокуратуранинг ўтмишига назар ташлар эканмиз, улар босиб ўтган шарафли йўл бугунги ёшларга ўрнак эканини яна бир бор таъкидлагимиз келди. Зеро, тарихсиз келажак бўлмаганидек, устозлар тажрибаси, ўгитисиз ҳеч бир соҳа равнақ топмайди.

Айёмингиз муборак бўлсин, азиз инсонлар, прокуратура фахрийлари!

Нилуфар НИЁЗОВА,
«Huquq»