Прокурорлик аёллар учун осон касбми?

16:22 - 07.01.2021

11

Муҳаррам Ҳамроева, Самарқанд вилояти прокурорининг ёрдамчиси:

— Мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш ва аёлларнинг ижтимоий турмушини яхшилаш, оила институтини ҳар томонлама қўллаш ва ривожлантириш, аёллар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича халқаро нормаларни миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилиш, шунингдек, аёлларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш каби йўналишларда қатор ишлар олиб борилди.

2020 йилдан бошлаб давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ижтимоий ҳимояга муҳтож қизларнинг билим олиш имконияти янада кенгайтирилиб, олий таълим муассасаларига 4 фоизли давлат грантлари ажратилди. Мазкур тизим асосида ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар ўқишга қабул қилинди.

Ҳар бир ҳудудда «Аёллар тадбиркорлиги маркази» ташкил этилиб, тегишли жамғармалар ва тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратилди. Шу билан бирга, ижтимоий қўлловга муҳтож ҳамда касб-ҳунар ўрганишга эҳтиёжи бўлган ишсиз хотин-қизлар билан ишлаш мақсадида «Аёллар дафтари»ни юритиш йўлга қўйилди.

Касбим хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдек масъулиятли вазифаларни зиммамга юклаётган экан, ўзим ҳам аёл сифатида уларнинг  дарду ташвишларини юракдан ҳис қилган ҳолда бор куч-ғайратимни сафарбар этишга ҳаракат қиляпман.

Норсулув Сойипова,  Самарқанд шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси

— Мен ҳам аёл, ҳам прокуратура ходими сифатида гендер тенглик борасида Бош прокуратура раҳбарияти томонидан одиллик билан иш олиб борилмоқда деб ишонч билан айта оламан. Чунки бугунги кунда прокуратура органларида гендер тенгликни таъминлаш бўйича комиссия самарали иш олиб бормоқда.

Комиссия гендер тенгликни таъминлашга оид давлат сиёсатини прокуратура органларида сўзсиз рўёбга чиқариш, жинс бўйича ҳар қандай камситишнинг олдини олиш, жинсидан қатъи назар ходимлар учун юқори лавозимларга кўтарилишнинг тенг имкониятини таъминлаш, хотин-қизлардан иборат салоҳиятли кадрлар захирасини шакллантириш чораларини кўрмоқда.

Комиссия прокуратура органларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш, гендер тенгликка оид қонун бузилиши юзасидан кескин муносабат билдириб бормоқда.

Табиийки, аёл киши учун жамиятда қонун устуворлигини таъминлашдек масъулиятли вазифаларни бажариш осон бўлмасди. Касбга садоқат ва фидойилик ҳисси уларни доимо изланишга, одамларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ундайди. Шу имкониятдан фойдаланиб, уларни касб байрами – Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни билан чин дилдан табриклаймиз.