Сизга ором қайда, сизда тин қайда…

12:18 - 07.01.2021

140

Дунёда касблар кўп. Ҳар бирининг ўзига яраша машаққати, ташвиши, қувончи ва фараҳбахш лаҳзалари бор. Прокурорлик касби ҳам бундан мустасно эмас. Албатта, мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоялаш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш йўлида самарали хизмат қилаётган прокуратура идоралари ходимларининг меҳнати алоҳида таҳсинга лойиқ.

Назорат эмас, хизмат қилиши керак

Истиқлолга эришганимиздан буён ўтаётган ўттиз йилга яқин вақт ичида бошқа соҳалар каби суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш борасида кўп ишлар қилинди. Жумладан, давлат ва жамият ҳаётидаги демократик ўзгаришлар тақозоси билан «Прокуратура тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилиниши муҳим воқеа бўлди. Прокуратура фуқароларни назорат қилиши эмас, балки уларга хизмат қилиши керак деган олтин қоида унинг мазмунини ташкил этди. Қонун устуворлигини таъминлаш билан бирга фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш прокуратура органларининг бош мақсадига айланди.
Фуқаролар прокуратура тимсолида ўз ҳуқуқларини ҳимояловчи, халқ манфаатларига хизмат қилувчи давлат органини кўра бошладилар.
Шуни таъкидлаш керакки, прокуратура ходимлари жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни хизмат бурчигина эмас, балки инсонийлик вазифаси ҳам деб билишади.

Бунинг натижаси ўлароқ прокуратура органлари ва фуқаролар ўртасидаги ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб, одамлар ўз муаммолари тўғрисида уларга ишонч билан мурожаат қилишаяпти. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, прокуратура органлари ходимларининг иши катта масъулият, фидойилик ва ҳалолликни талаб қилади. Қабул қилинаётган ҳар бир қарор замирида инсон тақдири туради. Шундай экан, «етти ўлчаб, бир кесиш» бу борадаги асосий мезон бўлмоғи шарт.

Масъулиятли ва шарафли

1992 йил 8 январда Ўзбекистон Респуб ликаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси прокуратураси органлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинган эди. Шу асосга кўра Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил 19 декабрда «Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонунни имзолади ва 8 январь – Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни этиб белгиланди.
– Бу йил тўртинчи марта бу байрамни катта шодиёна билан қарши олаяпмиз, –дейди вилоят прокуратураси кадрлар бўлими бошлиғи Равшан Хуррамов. – Бу куннинг байрам сифатида нишонланиши прокуратура органлари ходимлари зиммасига катта масъулият юкланганлигини яна бир бор тасдиқлайди. Шунингдек, бу прокуратура органлари фаолияти самарадорлигини оширишга, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантиришга хизмат қилади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24-бобида прокуратуранинг ваколатлари ва мавқеи белгилаб берилиб, Ўзбекистон ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хил бажарилиши устидан назоратни Бош прокурор ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга оширади дейилган. Шундан ҳам кўриниб турибдики, прокуратура органлари ходимларининг зиммасидаги вазифа ниҳоятда масъулиятли ва шарафлидир.

Кўмакчи ва ташаббускор

Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан прокуратура органларига юксак ишонч билдирилиб, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида улар олдига муҳим вазифалар қўйилди.
Ислоҳотларни амалга оширишда прокуратуранинг ролини юксалтиришга катта эътибор қаратилиб, ташкилий тузилмалар ўзгартирилди. Прокуратура органлари ходимлари халқнинг оғирини енгил қилиш, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш, аҳоли турмушини яхшилаш, иқтисодий ўсишни таъминлаш каби давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифалар самарали амалга оширилишида нафақат назорат ўрнатмоқда, балки бу ишларда яқин кўмакчи ва ташаббускор ҳам бўлмоқда.
Маълумки, ислоҳотлар замирида «Одамлар ўзларининг ҳаётидан рози бўлиши керак» деган ғоя ётади. Шу маънода 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси давлат ва жамиятнинг бош мақсади – одамларнинг турмуш даражаси ва сифатини янада оширишни таъминлашга қаратилганлиги билан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу мақсадда асосий эътибор прокуратурани оддий одамларни ҳимоя қиладиган халқчил прокуратурага айлантиришга қаратилди.
Шифокорлар орасида «Касалликни даволашдан кўра унинг олдини олиш осон» деган гап бор. Прокуратура соҳасида ҳам шундай. Жиноятчини жазолагандан кўра уни эгри йўлдан қайтариш муҳим ва жамият учун фойдалидир. Шу мақсадда улар фуқаролар, мактаб ва лицейларнинг ўқувчилари, олий ўқув юртларининг талабалари, корхона ҳамда ташкилотлар жамоалари билан учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этиш билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда оммавий ахборот воситалари орқали қонунлар тарғиботига ҳам алоҳида эътибор беришаяпти. Чунки биз учун ёш авлодни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида ватанпарварлик ва адолат туйғусини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.

Деҳқонга елкадош бўлиб…

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 11 мартдаги «Қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган қонунлар ижросини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони прокуратура фаолиятини такомиллаштириш сари қў йилган муҳим қадам бўлди. Мазкур фармонга мувофиқ прокуратура органларининг янги тузилмаси вужудга келди, айрим таркибий тармоқларнинг фаолият йўналишлари ўзгарди ва уларнинг иш доираси кенгайди. Натижада қишлоқ хўжалигига оид қонунларнинг ижроси устидан прокурор назоратининг самарадорлиги ошди. Ерни шудгорлашдан тортиб, уруғлик ғалла ёки чигит экиш, агротехник тадбирларнинг ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва ҳосил йиғим-терими билан боғлиқ ишларнинг бориши вилоят прокуратураси органларининг доимий назоратида турибди. Деҳқон ва фермер хўжаликларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳам прокуратура органларининг доимий эътиборида. Ер, сув, минерал ўғитлар ва техникадан фойдаланиш, далада ишловчиларга яратилган шароитлар, иш ҳақларининг вақтида берилиши юзасидан мунтазам равишда ўтказилаётган мониторинг ва текширишлар пайтида аниқланган камчиликлар ва қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича прокурор назорати ҳужжатлари қўлланмоқда. Вилоят прокуратураси органлари ходимлари ғалла ўрими ва пахта терими мавсумида ҳам ғаллакору пахтакорларга мададкор бўлдилар.

Эл дардини ўз дарди деб билганлар

Қашқадарё вилояти прокуратураси органлари томонидан аҳоли билан мулоқот қилиш, ижтимоий-иқтисодий, маиший муаммоларини жойида ҳал этиш, мурожаатларда ўртага ташланган масалаларни синчковлик билан ўрганишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Хусусан, 2020 йилнинг ўн бир ойида келиб тушган 25121 та мурожаатнинг 15613 таси бевосита прокуратура органларида ҳал қилинди, 13078 фуқаро прокурорлар томонидан қабул қилинди. «Ишонч телефони»га келиб тушган мурожаатлар ҳам вақтида кўриб чиқилмоқда.
Шуни мамнуният билан таъкидлаш жоизки, бугун эл дардини ўз дарди деб биладиган, очиқкўнгил, пок прокуратура ходимлари кўп. Шундан бўлса керак, кўпчилик ёшлар бу касбга ҳавас билан қарашади. Ҳуқуқшунослик соҳасида ўқиб, прокуратура ходими бўлиш, қонунга зид ҳаракат қилаётганларни фош этиш ҳар бир ўсмирнинг орзуси эканлигини инкор этиб бўлмайди. Шу боис бугун прокурорлик касби шон-шараф ишига айланди. Бу соҳага ишга кириш орзусида юрган ёшлар сони йилдан-йилга ортиб бораётгани ҳам фикримизнинг далилидир. Кейинги йилларда вилоят прокуратурасида шундай бир жипслик юзага келдики, буни кўриб, беихтиёр кўзинг қувнайди. Устозлар кўмагида ўзига ишонадиган, билимли мутахассислар етишиб чиқдики, улар билан фахрланасан киши.
Шунда элимизнинг ардоқли шоири Муҳаммад Юсуфнинг қуйидаги сатрлари хаёлдан ўтади:

«Сизда ором қайда, сизда тин қайда, Сиз тўйиб ухлаган битта тун қайда. Элу юрт оромин асраган зотлар,Эл меҳри асрасин сизни ҳар жойда».

Бу касб вакиллари ҳақида сўз кетганида беихтиёр қаттиққўл, совуққон ва қатъиятли кишилар кўз ўнгимизга келади. Бироқ «прокуратура» сўзи лотинчадан таржима қилинганида «ғамхўрлик қилмоқ» деган маънони англатишини кўпчилик билмаса керак. Бизнинг ҳуқуқларимиз муҳофазаси, жамиятимизда адолат устувор бўлиши учун ғамхўрлик қилаётган прокуратура ходимларига касб байрамлари муборак бўлсин!

Норбўта ҒОЗИЕВ,
«Huquq»