Бурилиш жойида тормозни босгани ёдида, кейин…

17:37 - 06.01.2021

18

Акрамни ҳамон пушаймонлик қийнайди. У акасининг «Nexia»сини ишончнома орқали бошқаради. Ўша тунда Тошкентда машинага уч яшар қизалоғи билан эр-хотин ва яна икки эркакни миндирди. Чироқчи туманининг Аннарўз қишлоғидан ўтишаётганда соат саккиздан ўтган эди.

Йўлнинг бурилиш жойида тормозни босгани ёдида. Машина бирданига чап томонга тортиб кетди. Акрам ҳовлиққанча рулни ўнг томонга бурди. Бироқ машинанинг ўнг ғилдираклари йўлнинг четига чиқиб кетиб, бошқарувни йўқотди. «Nexia» йўлнинг ўнг томонига ағдарилди…

Ҳаммаси бир зумда рўй берди. Ҳайдовчи карахт ҳолда энг аввало дабдаласи чиққан машинадан жиддий жароҳатланган қизалоқни чиқариб олиб, онасига берди. Аёл ҳам ўртача жароҳат олган экан. Орқа ўнг томондаги ўриндиқда келаётган йигитни эса олдинда келаётган эркак чиқариб олган экан. Йигитнинг аҳволи оғир эди… Жабрланганларни йўловчи машиналарда шифохонага олиб кетишди. Бироқ орқа ўриндиқдаги йигит жароҳатлари туфайли вафот этди.

Жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод тумани суди томонидан Чироқчи тумани «Халқ қабулхонаси»да ўтказилган очиқ суд мажлисида Акрам Исоровнинг жиноятига қонуний баҳо берилди.

Қайд этилишича, Акрам Исоров 1994 йилда туғилган. Маълумоти олий, Қарши минтақавий темирйўл узели «Танхоз» станциясида навбатчи бўлиб ишлайди. Бўйдоқ, илгари судланмаган.

Йўл ҳаракати қоидаларининг 77-бандида ҳайдовчи йўлнинг серқатновлигини, транспорт ва юкнинг хусусияти ҳамда ҳолатини, об-ҳавони, шунингдек, йўналишдаги кўринишни ҳисобга олган ҳолда транспорт тезлигини белгилангандан оширмасдан бошқариши кераклиги қатъий белгилаб қўйилган. Акрам Исоров ўзига ишониши ва бепарволиги туфайли бу қоидани унутди.

Судда унинг жинояти пушаймонлик билан билдирган иқроридан ташқари гувоҳларнинг кўрсатувлари ва бошқа далиллар билан ўз исботини топди. 

Суд ҳукм қилди. Унга кўра Акрам Исоров 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди. 2 йил транспортни бошқариш ҳуқуқидан ҳам айрилди. Озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳисобланиб, 1 йил синов муддати белгиланди.

Жабрланувчиларнинг қонуний вакиллари, жабрланувчи ва фуқаровий даъвогарга етказилган зарар судда тўлиқ қоплангани ҳамда уларнинг судланувчига нисбатан даъвоси йўқлиги қайд қилинди.

«Зарар қопланди. Даъвоси йўқ…». Булар аслида жуда нисбий тушунчалар. Ҳеч нарса йўқотилган умрни ортига қайтара олмайди. Ҳодиса оқибатида вафот этган Б.Сафаровнинг икки фарзанди чирқиллаб қолди. Буни нима билан қоплаб бўлади?!