Боласи борлиги энди ёдига тушди…

17:14 - 06.01.2021

12

Наркобизнес – кўплаб жиноятларнинг дояси. Уни таг-томири билан қўпориш учун кўп иш қилинаётганига қарамай, бу иллат томир отиб бормоқда.

Бир куни Комил (исмлар ўзгартирилган) таниши Суҳробни кўриб қолди. Суҳбат чоғи Суҳроб ўзи истеъмол қилиши учун қорадори топиб беришни сўради. Суҳробга топиб бериб, ўзи ҳам бирор нимали бўлиб қолишни ўйлаган Комил танишларидан сўраб кўришини, натижа бўлса хабар беришини айтди.

Шу куни кечки пайт маҳалладоши Хуршиднинг уйига борди. Хуршиднинг қорадори савдосига алоқаси борлигини биларди.

– Бир танишимга «қора» керак бўлаяпти. Ёрдам қилинг, – деди.

– Ўзимда йўқ, лекин суриштириб кўраман. Танишинг ишончлими ишқилиб? – деди Хуршид.

– Харидор ишончли одам, – деб уни хотиржам қилди Комил.

Эртаси куни Хуршид Ғайратга телефон қилди. Келишилган жойда кўришишганда ундан 10-15 грамм қорадори топиб беришини илтимос қилди.

«Излаган имкон топади» деганларидай, йигитларнинг сазаси ўлмади.

Кўп ўтмай Fайрат дори топгани ҳақида хабар бериб, грамми 150 минг сўмдан бўлишини айтди. Хуршид қорадорини олиб, хамир учидан патир деб 400 минг сўм бериб кетди. Кейин граммини 170 мингдан ҳисоблаб, Комилга   сотди. Қолганини иккига бўлиб, яшириб қўйди.

Қўлдан қўлга ўтгани сари қимматлаб бораётган заҳри қотилнинг нархи Суҳробга боргунча 200 мингга чиқди.

Ўша куни қоронғи тушгач, Комил дорини эгасига беришга ошиқди. Йўлда бир қисмини ўзига олиб қўйди.

Улар маҳалладаги дўкон олдида кўришишди. Комил қорадорини берган пайти ИИБ ходимлари томонидан ушланди. Холислар иштирокида Комилнинг кийимлари кўздан кечирилганда, ўзига олиб қолган 0,87 грамм наркотик модда топилди. Шундан сўнг Хуршиднинг уйи кўздан кечирилганда 10,13 грамм қорадори топилди.

Fайратнинг ҳам уйи кўздан кечирилди. У 33,26 грамм қорадорини уйида сақлаб келаётгани, шундан 14,56 граммини Хуршидга сотгани ҳамда қолган 18,7 граммини келгусида сотишни режалаштиргани аниқланди.

Суд мажлисида судланувчилар қилмишларидан пушаймонлигини, қарамоғида фарзандлари борлигини, оилада ягона боқувчи эканини билдириб, қонуний енгиллик берилишини сўради.

Шу ўринда бир савол туғилиши табиий. Наҳотки, болалари борлиги уларнинг энди ёдига тушган бўлса? Уларни ҳеч ким мажбурлагани йўқ, ўзлари нафсига эргашиб, оғу бизнесидан пул топмоқчи бўлишди. Суд судланувчиларнинг ҳар бирини 7 йилга озодликдан маҳрум қилди.