Қамоқда ётсанг ҳам зарарни тўлашинг шарт!

10:33 - 06.01.2021

5

2020 йил февраль ойида Данғара тумани Кичиктурк қишлоғида яшовчи У.А. ўзининг «Нексия-2» русумли автомашинасида йўлга чиқди. Йўлда машиналар кўплигига ҳам эътибор бермасдан тезликни ошириб, олдинда кетаётган «Tico» ва «Gentra»ни қувиб ўтмоқчи бўлди. Бироқ қарши тарафдан келаётган юк машинасини кўргач, «Tico» ва «Gentra»нинг орасига кириб олмоқчи бўлиб оғир йўл-транспорт ҳодисасини содир этди.

Буни қарангки, яқиндагина У.А. содир этган аварияда бир инсон оғир жароҳат олган ва унга нисбатан юритилган жиноят иши суд қарори билан ярашув асосида тугатилган эди.

Бу гал эса икки инсоннинг вафот этишига сабабчи бўлди.  

Жиноят ишлари бўйича Бувайда тумани судининг 2020 йил 18 июндаги ҳукми билан У.А.га 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шу билан бирга ундан жабрланувчиларнинг қонуний вакили Э.М.га 10 млн. сўм моддий ва 10 млн. сўм маънавий, М.М.га 10 млн. сўм моддий ва 10 млн. сўм маънавий ҳамда Ў.Н.га 23,7 млн. сўм моддий ва 10 млн. сўм маънавий зарар ундириш белгиланди.

Суднинг мазкур қарори бюронинг Данғара тумани бўлимига келиб тушгач, У.А. жазони ижро этиш муассасасида жазо ўтаётганига қаралмади, балки унинг ота-онаси ва яқинлари тўпланиб, улар билан суҳбатлашилди. Тўғри тушунтирилгани натижасида У.А.нинг яқинлари суд қарори билан белгиланган 73 млн. 726 минг сўмлик моддий ва маънавий зарарни тўлиқ тўлаб беришди.