«Бир кунлик фирма»нинг мақсади нима?

16:15 - 05.01.2021

9

Маълумотларга кўра, Россияда 2011 йилда 4,5 миллионта юридик шахснинг деярли ярми «бир кунлик фирма»лар бўлган. 2011 йилда Жиноят кодексига бу ҳақида киритилган ўзгартиришлар натижасида уларнинг сони 15 фоизгача камайган.

Нурали Турғунов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) тадбиркорлик учун яратилган имкониятлардан фойдаланиб, хусусий корхона ташкил қилади. Корхона манзили Тошкент вилоятида экани ёзилган бўлса-да, ўзи Тошкент шаҳрида иш олиб борарди. Бу шахс фаолияти давомида ҳуқуқларини тасарруф этган экану, мажбуриятларини адо этишга келганда ғирромлик қилган экан.

Ҳужжатли тафтишда аниқланишича, у раҳбарлик қилган «Барака бизнес» хусусий корхонаси томонидан 2019 йил май ойидан октябрга қадар 40 млрд. 313 млн. сўмдан ортиқ товар айланмаси амалга оширилган. У маҳсулотларини нақд пулга сотиб, пулини банкдаги ҳисобрақамига топширмаган. Бундан мақсади эса солиқ тўлашдан бўйин товлаш бўлган. Оқибатда давлат бюджетига 6 млрд. 94 млн. сўмдан зиёд солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар тўланмаган.

Шунингдек, у қилмишларини яшириш мақсадида корхонанинг қатъий ҳисобида туриши лозим бўлган шартнома, юк хати, ишонч қоғози ва бошқа молиявий ҳужжатларини йўқ қилгани ҳам аниқланди.

Н.Турғуновга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судда кўрилди. Судланувчининг айби иқрорлигидан ташқари ҳужжатли далиллар билан ҳам исботини топди. Суднинг ҳукми билан Н.Турғуновга 4 йилу бир ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шу билан бирга, ундан 6 млрд. 94 млн. 872 минг сўм солиқ ҳам ундириладиган бўлди.

Хулоса қилиб айтганда, нопок тадбиркорлар солиқ тўлашдан бўйин товлаш мақсадида қандай найранг кўрсатмасин қилмишлари албатта фош этилади. Шуни унутмайлик…