Солиқчининг сохта ҳужжатлари тилга кирди

11:56 - 05.01.2021

3

Амалдаги солиқ қонунчилигида солиқ тўловчилар билан бирга солиқчиларнинг ҳам бурч ва мажбуриятлари белгилаб қўйилган, қонунга амал қилмасликка ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Албатта, буни 2017 йилдан буён Андижон тумани давлат солиқ инспекцияси ҳисобни юритиш ва бюджет даромадларини прогнозлаштириш шўъбаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Мансурбек Имомов билмаслиги мумкин эмас. Бироқ у амалдаги қонун талабларини билиб билмасликка олди. Бунинг замирида шахсий манфаат ётгани ақлли кишига жумбоқ бўлмайди.

Мансурбек ўз мавқеини суиистеъмол қилиб, расмий ҳужжатларни сохта маълумотлар билан тўлдира бошлади. Аввалига у фуқаролардан бирини декларация топширадиган солиқ тўловчи бўлмаса-да, электрон дастур орқали декларация топширадиган солиқ тўловчи деб топди. Асосий ва қўшимча иш жойларидаги маошига нисбатан даромад солиғи ҳисоблади. Бу ҳақда сохта маълумот тузиб, ортиқча тўловни юзага келтирди. Мансурбекнинг сохта рўйхати узайиб бораверди. Имзо ҳам ўзида, муҳр ҳам, компьютер ҳам. Шундай экан, «қозончида ихтиёр қайдан қулоқ чиқарса» деганларидек, ўз манфаати йўлида қанчадан-қанча ҳужжатларни сохта маълумотлар билан «бойитди».

Сохта маълумотлар асосида ноқонуний қўлга киритилган маблағни солиқчи молия бўлимида ишловчи қариндошининг пластик картасига ўтказдириб олиб, ўз эҳтиёжи учун сарфлайверди. Унинг ўзбошимчалигидан бир қанча тадбиркорлар ҳам ўзлари сезмаган ҳолда зарар кўрди. Бироқ ҳар нарсанинг охири бўлади. Мансурбекнинг қонунга зид ҳаракатларига баҳо бериладиган кунлар ҳам келди. Давлат солиқ қўмитаси томонидан Мансурбекнинг фаолияти борасида ўтказилган хизмат текширувида юзлаб сохта ҳужжатлар тилга кирди. Шоввоз солиқчи жисмоний шахслар ва тадбиркорларнинг давлат солиқ инспекцияси базасидаги шахсий пластик карталаридан 255 миллион сўмдан ортиқ пулни ғайриқонуний равишда олиб, қариндошлари ва ҳамкасбларининг пластик карталарига ўтказиб ўзлаштиргани аён бўлди.

Ўзини хон, кўланкасини майдон деб билган солиқчининг бу иши жиноят ишлари бўйича Андижон тумани судида кўриб чиқилиб, қонуний хулоса айтилди. Унга кўра Мансурбек 2 йил мансабдор вазифасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 2 йилу 6 ойга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилди.