Фурсатни бой бермайдиганлар

11:02 - 05.01.2021

7

Бугунги пандемия даврида аҳолини сифатли дори-дармон ва тиббий буюмлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари томонидан дорихоналарда нархларнинг барқарорлигини таъминлаш борасида тарғибот тадбирлари мунтазам ўтказилиб, дори савдоси билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатлар фош этилаяпти.

Афсуски, айрим кимсалар бировнинг ташвишидан фойдаланиб, мўмай даромад топишга ҳаракат қилмоқда. Хусусан, 2020 йилнинг 10 август куни Зангиота туманидаги Эшонгузар қўрғонидаги дўконлардан бирининг ёнида фуқаро А.А. фуқаро Ю.Ю.га Хитойда ишлаб чиқарилган, ҳеч қандай ҳужжати бўлмаган, коронавирус юқтирган беморларни даволашда ишлатиладиган «Lianhua qingwen jiaonang» номли дорининг ҳар қутисини 22 АҚШ долларидан ҳисоблаб, 25 қути дорини 550 долларга сотаётганда қўлга олинди.

Шунингдек, мазкур тумандаги шифохоналарнинг бири ёнида ўтказилган тадбирда яна бир дорифурушнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди. 31 октябрь куни Д.Н. хорижда ишлаб чиқарилган ва ҳужжатлари бўлмаган 4500 қути «Бактазон» дорисини фуқаро М.А.га 166 млн. сўмга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Яна бир ҳолат. 11 ноябрь куни Оҳангарон туманидаги «Мажнунтол» чойхонаси автотураргоҳида ўтказилган тадбирда фуқаро М.Ж. ва М.С. «Гриппол плюс» дорисининг ҳар қутисини 125 минг сўмдан ҳисоблаб, 693 қутисини махсус харидорга 86 млн. 625 минг сўмга сотаётганда тезкор ходимлар томонидан ушланди.

Ҳозир дори-дармон савдоси билан боғлиқ мазкур ноқонуний ҳаракатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тергов ўтказмоқда.