“Америкага кетадиганлар борми? Coca-Cola заводида иш тайёр!”

10:25 - 05.01.2021

1738

Фирибгарлар ҳақида кунда, кунора гапирилади. Аммо фирибгарга йўлиққанда унинг домига қандай тушиб қолганини билмай қолади одам.

  Дилмурод (исмлар ўзгартирилган) 46 йиллик умри давомида қайта-қайта жиноий қилмишлари учун судланган. “Букрини гўр тузатади”, деган гап бекорга айтилмаган экан. Дилмурод яна қинғир ишга қўл урди.

  Ҳеч жойда ишламайдиган бу кимса содда, ишонувчан одамларни алдашга, қоп-қоп ваъда бериб, чўнтагидаги бор-будини қоқиб олишга жуда устаси фаранг бўлиб кетганди. Бир куни Ботир таниши Шакар билан гаплашиб қолди. Гап орасида ишсизлигини, бирор жойга бориб ишлаб келиши кераклигини айтди.

— Кореяга ишга борасанми? Бораман десанг, таниш бор. Учраштириб қўяман, — деди Ботирга иш топишда ёрдам қилмоқчи бўлган Шакар.

   — Бораман. Ким у танишингиз, ишончли одамми? — дея сўради Ботир.

  — Ҳа, ишонса бўлади, миграцияда ишлайдиган бир одам бор, кўпчиликка ёрдам қилган, — деб Дилмуродга қўнғироқ қилди. Бир-икки кундан сўнг шаҳарда кўришадиган бўлишди. Келишилган кун иккови Дилмурод билан учрашди.

 — “Овир”да ишлайман. Кореяга ва бошқа давлатларга ишловчиларни жўнатаман, — деди ёлғонига ишонтириб Дилмурод. Олис юртга отланганлар, аввало, ойлик маош билан қизиқишади. Буни яхши билган фирибгар гапида давом этди. — Кореяга жўнатиш 4 минг доллар, ойлиги эса бир ярим минг. Америкага 7 минг билан жўнатаман, у ёқда ойлик уч ярим минг доллар бўлади.

 — Бўлмаса мени Америкага жўнатинг, — деди Ботир.

   Дилмурод унга чет элга чиқишнинг йўл-йўриқларини ўргатган киши бўлди.

— Май ойигача ҳамма ҳужжатларни тайёрлаймиз. 12 май куни учиб кетасизлар, — деб Ботирнинг ичига “ўт ёқиб” қўйди. Уйга қайтаётиб, иккиланаётган Ботир:

— Бу кишига ишонса бўладими ўзи? – деб сўради яна.

   — Агар Америкага жўнатолмаса, машинамни сотиб кетган харажатларингни қоплаб бераман, — деди Шакар.

     Орадан бир ойлар вақт ўтди. Ботир Дилмуродни уйига меҳмонга чақирди. Отаси ва Шакарбойлар гувоҳлигида 1 минг 300 доллар берди. Кейин апрель ойида уч бўлиб 6 минг доллар берди. Қолган минг долларни ишга боргач, беришга келишиб олишди. Бу орада Ботир чет элга чиқиш паспортини олди. Суҳбатдан ўтиш учун Тошкентга бориб уч кун овора бўлиб келди. 12 май ҳам ўтиб кетди. Дилмурод “Кетиш кечиктирилди, ўзим хабар бераман”, деб ортга сураверди. Ботирнинг икки паспорти ҳам Дилмуродда эди.

Бир куни фуқаролик паспорти керак бўлиб, унга қўнғироқ қилди. Аравани қуруқ олиб қочадиган фирибгар почта орқали паспортини жўнатишини айтди. Лекин орадан қанча вақт ўтса-да Дилмуроддан дарак бўлмай, Ботирнинг кейинги қўнғироқлари жавобсиз қолаверди. Дилмурод ундан олган пулларни аллақачон ўз эҳтиёжларига сарфлаб, паспортларини ёқиб юборганди.

Сарвар анча пайтдан бери Жанубий Кореянинг Тегу шаҳридаги технология университетига ўқишга кириш учун Навоий шаҳридаги “Узкорея” тил тайёрлов курсида корейс тили бўйича ўқиб юрганди. 2019 йил 19 март куни Тошкентдаги Жанубий Кореянинг элчихонасига виза олиш учун кириб, суҳбатдан ўтолмади. Ўша пайтлари Сарвар ҳам Шакарбойга дардини тўкди. Дилмуроднинг асл юзини танимайдиган Шакарбой Сарварни ҳам унга йўлиқтирди.

    Ўзини вилоят ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимида ишлашини айтиб, барча ташкилотларда, Корея элчихонасида ҳам танишлари борлигига Сарварни ишонтирган  Дилмурод навбатдаги ютуғидан мамнун эди.

    У Тошкентга бориб-келиш ва бошқа харажатлар учун 4 минг доллар сўради. Сарвар уни интиқ қилмай тез орада 3 минг 850 долларни қўлига тутқазди. Шундан сўнг “ана, мана” деб, визани ҳам тайёрлаб бермади, пулларни ҳам. Аслида унинг ҳеч қаерда ишламаслигини, алданганини билган Сарвар ИИБга мурожаат қилди.

Дилмуроднинг тоби бўлмай шифохонада 5 кун даволаниб чиқди. Шу кунлари шифохонада овқат тарқатувчи бўлиб ишлайдиган Норхол билан танишиб қолди.

— Мен ўзим вилоят ҳокимиятида шифокор бўлиб ишлайман. ҳамма ташкилотларда танишларим бор. Қилган яхшиликларингизни қандай қайтарсам. Кореяга ишга кетмоқчи бўлган ёки олийгоҳнинг махсус сиртқи бўлимида ўқиш истагида бўлганлар йўқми? Бирорта яқин қариндошингизни ишлашга Кореяга жўнатаман. Харажатлари мендан, — деди аёлни авраб.

Норхол унинг гапларига ишонди. Ота-онаси билан маслаҳатлашиб, укаси Рамзиддинни юборадиган бўлишди. Аввалига текин жўнатишни ваъда берган Дилмурод кейинчалик, йўл ҳақи ва овқатланиш харажатларига деб 2 минг доллар сўради. Шаҳардаги ресторанлардан бирида 1 минг 200 доллар олди. Кейинроқ Рамзиддиннинг паспорти, яна минг доллар ва бўлиб-бўлиб 7 миллион 500 минг сўм пулларини ҳам олиб алдаб кетди.

Норхолнинг аммасининг қизи ҳам сиртқи бўлимда ўқишга қизиқиб қолди. “Шартнома пулини олдиндан тўлиқ тўласа, аниқ ўқишга киритиб қўяман”, деб катта ваъда берган Дилмурод уларни ҳам 1 минг 500 долларга “ухлатиб” кетди. Устаси фаранг Дилмурод Шодиёрни ҳам чув туширган. “Асли шу ерда туғилганман, ҳозир Тошкентда яшайман. Чет эл элчихоналарида элчилар учун тайёрланадиган овқатлар сифатини текширувчи врач бўлиб ишлайман”, деб ўзини таништирган фирибгар илк суҳбатдаёқ Шодиёрнинг кўнглини забт этганди.

   “Элчиларнинг ҳаммаси билан алоқам яхши, таниш элчилар ёрдами билан Америкага кетувчиларга ўн минг долларга виза тўғрилаб бераман. Боргандан кейин Америкадаги “Кока-кола” компаниясига ишга жойлашиши мумкин. Чет элга кетмоқчи бўлганлар бўлса айтинг”, деди суҳбатларнинг бирида.

     Шодиёрнинг укаси ва жияни четга ишга кетмоқчи бўлиб юрганди. Уларга ўғли ҳам қўшилди. Шодиёр уларнинг паспортлари ва 1 минг 200 доллар бергандан кейин Дилмуроднинг қорасини ҳам тополмай қолди. ИИБга Дилмуроднинг устида яна бир ариза келиб тушди.

Ибтидонинг интиҳоси бўлганидай, хавфли рецидивист Дилмуроднинг қилмишларига чек қўйилди. Суд ҳукми билан Дилмурод 5 йилу 6 ой озодликдан маҳрум қилинди. Етказилган зарарлар ундириладиган бўлди.

Алишер ЮСУПОВ,

Самарқанд вилоят прокуратураси бўлим прокурори.