Меҳр ўрнини қаҳр эгалламасин

13:55 - 04.01.2021

9

Оналик – на миллат ва на сарҳад танлайдиган ана шундай буюклик. Ислом динида ҳам оналар ниҳоятда улуғланиб, уларнинг пойига жаннат нисор этилгани бежиз эмас… «Ҳеч ўйламадингми?»
– Чақалоғимни кўрсам бўладими?
Шифокор йўргакланган лўппи чақалоқни аёлга узатди. Бола нуқсонли туғилганди, таҳлиллар эшитиш қобилияти яхшилигини кўрсатса-да, унинг қулоқ супраси йўқ эди… Мактабга чиққач, болага қулоқларини берадиган одам топилди ва операциядан сўнг у тенгдошларидан ўзини олиб қочмайдиган бўлди. Аммо онасининг жанозасида бир сирнинг тагига етди. Отаси майитнинг сочларини силаб орқага таради, ўғил қараса, онасининг иккала қулоғи ҳам йўқ…
– Уйда ўтирганда ҳам онажоним нега рўмолини ечмайди, сочларига нима учун оро бермайди деб ҳеч ўйламадингми?
– дея шивирлади ота ҳайратдан қотган ўғлига юзланиб…

Оналикни ҳамма ҳам эплай олмайди

Ҳа, оналик ана шундай фидойилик, битмас-туганмас меҳр офтобидир. Қуёш ҳарорати билан табиат яшнаганидек, фарзанд ҳам она меҳри билан униб-ўсади. Афсуски, сўнгги пайтларда юртимиз аёллари орасида оналикка номуносиблар кўпайиб бораётгандек. Тўғри, пандемия туфайли юртдошларимиз бутун инсоният бошдан кечираётган синовларга дуч келмоқда. Кўплар ишидан, даромадидан айрилди. Аммо бирор баҳона оналикка хиёнатни оқлашга асос бўлолмайди. Айниқса, бу қийинчиликдан боламни сотиб қутуламан деганларнинг қилмиши кишида нафрат уйғотади. Жумладан, «Huquq» газетасининг 48-сонида Фарғона шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси Э.Омонбоевнинг «Кимдир қилар хор, кимдир эса зор» сарлавҳали мақоласида фуқаро Г.С.нинг бир ярим яшар боласини сотаётганида ушлангани қайд этилди.
«Она»нинг махсус харидор билан суҳбатиёқ юракларни ларзага солади. «Ўғлим соппа-соғ. Отаси Россияга ишлагани кетган. Пул жўнатмайди. Ёлғиз бошимга ижара ҳақи, кредит тўловлари… Уни бир ярим минг долларга сотаман». Бола гўдаклар уйига топширилиб, аёл 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Қизиқ, турмушга ҳам чиқмасидан болали бўлган бу аёл шунча «жасорат»ни қаердан олди? Қиз бола ибоси билан гўзал экани наҳотки бу аёлга сингдирилмаган?

«Аёл йўқчиликдан боласини сотмайди!»

21 декабрь куни пойтахтимизда ташкил этилган Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш масалаларига бағишланган анжуманда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ҳам ушбу масала бўйича фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, айнан ҳозирги даврда айрим аёлларнинг фоҳишалик билан шуғулланиши ёки боласини бир буюм каби сотишига йўқчилик сабаб эмас.
– Барчамиз яхши биламизки, Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистон жуда қийин аҳволда эди. Ўша пайтда ўзимиз камбағал бўлсак-да, бошқа юртларнинг кўплаб болаларини қабул қилганмиз. Эркаклар урушга кетиб, аёллар қийналган бўлса-да, ўзини ё боласини сотишмаган. Бу маънавият, тарбияга боғлиқ. Айнан ҳозирги даврда аёл йўқчиликдан бундай ишларга қўл урмайди. Чунки ишлайман деган аёлга албатта иш топилади. Шу боис ишсизликдан, қийналганидан ўзини ё фарзандини сотаяпти дейиш нотўғри. Айрим аёллар маънавияти саёзлиги, дунёқараши, асаби ёки соғлиғида муаммо борлиги учун шу ҳолатга тушмоқда.

«Онам бизни сувга чўктирмоқчи эди…»

Яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган, Бекобод туманида яшовчи аёл ва фарзандлари билан боғлиқ воқеа эса бундан ҳам оғриқли. Аёл ўз фарзандларини сувга ташламоқчи бўлиб турган пайтда Ширин шаҳар экология ходимлари томонидан тўхтатиб қолинган. Худо кўрсатмасин, экологлар кўриб қолмаганида она икки ўғлини ҳам сувга чўктирармиди? Буни тасаввур қилишнинг ўзи даҳшат… Тошкент вилояти ҳокимлиги мутасаддилари билан бўлган суҳбатда аёл қилмишига пушаймонлиги, эрини рашк қилиб шундай хатога йўл қўйганини айтди. Аммо норасида гўдакларда нима айб? Унинг бу қилмиши болаларнинг руҳиятини синдирмадими? Эр-хотин-ку ярашиб кетишар, аммо кун келиб норғул йигитлар бўлувчи шу норасидаларнинг қалбидан «онам бизни сувга чўктирмоқчи эди» деган даҳшатли ҳақиқат ўчиб кетармикан?
Бунчалик тубанлашиб кетаётганимизнинг сабаби нимада? Меҳрсизликнинг илдизи қаерда? Ўйлаб қоласан киши: шу аёллар ҳам қаҳатчилик даврларида, уруш йилларида ўз дарди етмаганидек, бировнинг боласига ҳам қучоқ
очган оналарнинг авлодими?! Нега қаҳрга ташнамиз?

Комадаги қиз ва она меҳри

Бундай чиркинликлар орасида олижаноб кишилар, одамийлик ҳақида эшитиб қолсангиз, хайрият дея енгил тин оласиз. Зеро, моддий бойликдан кўра маънавий хазинага эришишга рағбат қилган аждодларнинг авлодимиз. Ахлоқ, одоб, сабр, меҳр, садоқат, ҳаё каби туйғулар бор экан, ҳаётда эзгулик ва ҳалоллик ўлмайди. Яхшиям орамизда олижаноб инсонлар кўп…
– Комага тушган одамни даволашдан кўра уни парваришлаш жуда катта азоб, – дейди Тошкент тиббиёт академияси асаб касалликлари кафедраси профессори, тиббиёт фанлари доктори Зарифбой Ибодуллаев. – Мен узоқ йиллар комада ётган қизини жуда катта меҳр ва умид билан парваришлаган бир онани яхши биламан. Ҳар гал унинг хонадонига борганимда у ердаги ажойиб муҳит мени ҳайратлантирарди. Тилсиз ва унсиз ётган қизнинг бадани шу қадар тоза, сочлари ювиб-таралган, тирноқлари текис олинган, ёқимли ҳид таралиб турарди. Онаизор менга умид билан қараганида эзилиб кетардим. Қизни юртимиздаги барча невролог-профессорлар кўрган, даволашга уринишган, бироқ касаллик оғирлиги сабаб натижа бўлмаганди. «Охирги умидим сиз», – дерди она. Афсуски, менинг ҳам қўлимдан ҳеч нарса келмасди. Тиббиёт юз ўгирган бу қиздан эса она умидини узмаганди. Она мени ҳадеб чақирар, ҳар гал «Энди келмай қўя қолай, фойдаси йўқ» дегим келарди-ю, бироқ деёлмасдим. Аммо уйга оғир юк билан қайтардим, қизга ёрдам беролмаслигимни билардим. Онага «Инсульт ва кома» китобимни совға қила олдим холос. Мен бу онага таъзим қилгим келарди. Орадан бир неча ой ўтиб она мени чақирмай қўйди…


Мутахассисларнинг фикрича, жиноят оламига кирган ўсмирларнинг аксарияти она меҳрига тўймаган, илиқ муомала кўрмаган ёки тўлиқсиз оилаларда катта бўлган кишилар экан. Меҳрга қониб улғайганлар, фарзандларига ғамхўр аёлларнинг болалари эса кун келиб албатта яхши ишларнинг бошини тутади, юртга фойдаси тегади. Қарангки, она меҳри нафақат фарзанднинг униб-ўсиши учун зарур, балки жамиятни ўзгартириш қудратига ҳам эга. Соддароқ айтганда, шунчаки яхши она бўлиб ҳам мамлакатнинг тараққиётига дахл қилиш мумкин: ватанпарвар фарзандлар тарбия лаб қаторга қўшиш ҳам аслида улкан қаҳрамонлик, элсеварлик. Шундай экан, она номига муносиб бўлайлик, дилбандларимиздан меҳримизни аямайлик.

Юлдуз ҲОЖИЕВА,
«Huquq»