Пахта тозалаш заводини “тозалаб” қўйишди

14:50 - 04.01.2021

4

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси «Чироқчи пахта тозалаш» АЖда текшириш ўтказганда корхона мутасаддиларининг қинғирликлари ошкор бўлиб қолди.

Ҳисоботларга кўра корхона 2019 йили фермер хўжаликларидан жами 10131,8 тонна пахта қабул қилган. Шундан қайта ишлашга берилгани 9586,2, қуритиш-тозалаш куйиндиси сифатида чиқим қилингани 57,4, қайта ишланган қисми 9528,8 ва қолдиғи 545,6 тоннани ташкил қилган. Бироқ пахта қолдиғи ҳисобланганда катта товаршунос Т.Ш. ва бошқалар 2 млрд. 83 млн. 447 минг 400 сўмлик 545,6 тонна пахтани талон-торож қилгани аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Т.Ш. ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят ишлари бўйича Чироқчи тумани судининг ҳукми билан жазо муқаррарлиги таъминланди.

Пахтанинг ҳар килограмми замирида деҳқонларимизнинг кунни тунга улаб қилган меҳнатлари мужассам. Шу боис юқоридаги сингари қинғирлик элимиз, хусусан, деҳқоннинг ризқига хиёнатдир. Пахтани тозалашга масъул бўлган мутасаддиларнинг қўли ҳам, виждони ҳам тоза бўлмоғи зарурлигини қаҳрамонларимиз англаб етган бўлса қанийди…