Юксак марралар сари

12:40 - 31.12.2020

24

Дунёда байрамлар кўп. Бироқ Янги йилнинг завқи ўзгача. У ёшу қари бирдай орзиқиб кутадиган, энг қувончли байрамлардан бири ҳисобланади. Шу боис одамлар уни катта хурсандчилик билан, эсда қоларли, бирбирларини ҳайратга соладиган даражада кутиб олиш учун нималарни ўйлаб топишмайди дейсиз. Хуллас, у ўзига хос томонлари билан ажралиб туради. Йил ўтиб, умримизнинг навбатдаги манзили ортда қолишини ўйласак, у унутилмас дамлар онгу шууримизни ажиб ҳисларга чулғаб, қалбимизни эзгу туйғуларга тўлдиради.

Ўтган ҳар бир кун, ҳар бир дақиқа бизни янги – 2021 йилга тобора яқинлаштирмоқда. Мучал бўйича Сичқон йили ўз ўрнини Сигир йилига бўшатиб беришга ҳозирлик кўраётир. 2020 йил нафақат биз, балки бутун дунё халқлари учун ҳам ўта оғир йил бўлди. Коронавирус пандемияси сабаб «Уйда қолинг!» шиори остида сичқон кундузи инидан чиқмаганидек, одамлар ҳам уйдан чиқмасликка даъват
этилди. Муайян санани нишонлар эканмиз, табиийки, ўй-хаёлимиз янги йил билан чамбарчас боғланиб, барчамиз шу кунларда 2021 йил оиламизга, элу юртимизга тинчлик, омонлик, яхшилик ва тўкинлик олиб келсин дея ният қиламиз. Халқимизда «Сигир йили тўқлик, фаровонлик олиб келади» деган нақл бор. Илоҳо шу нақл ҳақиқат бўлиб чиқиб, янги йил барча эзгу ниятларимиз амалга ошадиган йил бўлсин! Маълум бир манзилга етгач, албатта ўтган давр мобайнида қўлга киритилган натижаларни сарҳисоб қиламиз. Олдимизга қўйган мақсадларга етишда нималарга эришганимиз ва нималарга эриша олмаганимизни, бунга нималар халақит берганини таҳлил қилиб, хулоса чиқарамиз.

Бутун дунёда глобаллашув жараёни шиддат билан кечаётган, одамларнинг онги ва қалбини эгаллаш учун мафкуравий кураш авж олган ҳозирги даврда оммавий ахборот воситалари зиммасига катта масъулият тушади. Шундай экан, мамлакатимизда чоп этилаётган ҳар бир нашр энг аввало халқ ва давлат манфаатларини кўзлаб фаолият юритиши зарур. Бундай шарафли вазифани муваффақиятли адо этиш учун таҳририятда ишлаётган журналист халқ ичига кириб бориб, одамларнинг дилидаги гапларни топиб айта олиши керак.

Касбим тақозоси билан Қашқадарёнинг барча туманларида, энг олис қишлоқларида ҳам бўлишимга, турли касб эгалари билан гаплашишимга тўғри келади. Яқинда нотаниш одамлар билан бир даврада ўтириб қолдим. Даврабоши ўтирганларга ҳаммани бирма-бир касби, исм-фамилиясини айтиб таништирди. Мени ҳам уларга таништириш навбати келганида кўпчиликнинг чеҳрасида қизиқиш, мен билан яқиндан танишиш истаги пайдо бўлганини сездим. Даврадошларнинг уч-тўрт нафари чўнтакларидан Юксак марралар сари«Ҳуқуқ» газетасининг янги сонини чиқариб кўрсатишди ва «Газетангизни севиб ўқиймиз, унинг ҳар бир сонини интиқлик билан кутамиз» дейишди. Шунда кўнглим тоғдай кўтарилди. Газетхон ишончи – журналист учун катта мукофот. Шу билан бирга, ишонч – масъулият демакдир. Дарвоқе, журналистнинг ҳаётида бундай суҳбатларнинг аҳамияти беқиёс. У газетасининг ҳақиқий мухлислари борлигини, шунинг учун имкон қадар уларнинг юрагидан жой
оладиган мақола ва очерклар ёзиши кераклигини, одамлар дардига дармон бўлмоғи лозимлигини дилдан ҳис этади.

Гап жанрда эмас, қандай ёзишда эканлигини тушуниб етмоғимиз зарур. Бунинг учун тинимсиз изланишимиз керак. Журналистни бежиз асаларига ўхшатишмайди. Асалари бир грамм асал йиғиш учун мингдан зиёд гулга қўниб, шира олар экан. Мағзи тўқ мақолалар газетхонларнинг эътиборини тортади. Газета саҳифасида шундай мақолани ўқиган муштарий бирор-бир муаммоси бўлса, уни ҳал қилиб бера олишига ишониб, таҳририятга мурожаат қилади.

2020 йилда газетамизда берилган таҳлилий, танқидий, маънавий-ахлоқий ҳамда тарбиявий мавзудаги мақолалар, суд очерклари муштарийларнинг эътиборини тортди. Бундан қаноатланиб, лоқайдликка берилмаслигимиз керак, албатта. Альпинист бир чўққига чиқиб, ортга, пастда қолиб кетган йўлга назар ташлайди. У энг баланд чўққига чиқдим, мақсадимга етдим дея мағрур бош кўтариб атрофга қарайди-ю забт этган чўққисининг кичиклигини, юксак чўққиларнинг ҳали олдинда турганини кўради. Уларга чиқмоқ учун ҳали кўп тер тўкиши кераклигини англайди. Ижодий жамоамизнинг бугунги ютуқлари-ю ва ҳали олдинда турган манзилларни худди шу ҳолатга менгзаш мумкин.

Қай куни ҳадисларни мутолаа қилаётиб, Пайғамбаримизнинг «Умматларимда учта ёмон иллат бўлишини ёқтирмайман, яъни булар дангасалик, серуйқулик ва қорни катталикдир» деган ҳикматларига кўзим тушди. Инсон учун ҳаёти давомида олтиндан қадрли бир нарса бор, бу вақтдир. Унинг ҳар бир дақиқасидан унумли фойдаланишда ҳикмат кўп. Журналистлик осон касб эмас. Шу боис у вақтни қизғанади, изланишни камолот калити деб билади. Вақтдан унумли фойдаланган одам, айниқса журналист юқорида қайд этилган қусурлардан холи бўлади.

Буюк мутафаккир бобомиз Алишер
Навоийнинг ҳикматли сатрлари, чунончи, шундай бир қуйма рубоийси кириб бормаган ўзбек хонадони йўқ десак, муболаға
қилмаган бўламиз:

Жондин сени кўп севармен, эй умри азиз, Сондин сени кўп севармен, эй умри азиз, Ҳар нениким севмак ондин ортиқ бўлмас, Ондин сени кўп севармен, эй умри азиз.

Аллоҳ таоло томонидан ҳар бир бандага беминнат ато этилган илоҳий неъмат, ғанимат фурсат – умрга ошуфталик, ҳаётга муҳаббат, яшаш иштиёқи, тириклик саодатини бундан-да мухтасар ифодалаш амримаҳол.

«Эл-юртимизнинг эзгу орзу-истакларини рўёбга чиқариш, бу йўлда ғов бўлиб турган турли тўсиқларни, бюрократизм, лоқайдлик, тамагирлик, коррупция каби салбий ҳолатларни дадиллик билан кўтариб чиқиб, уларга қарши муросасиз жамоатчилик фикрини шакллантиришни ўз касби, ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб
биладиган журналистларни мен ҳақиқий журналист деб ҳисоблайман».

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2019 йил 27 июнда «Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни» муносабати билан йўллаган байрам табригида айтган ушбу гапларнинг мағзини чақиб,
холисона сўзлайдиган бўлсак, биз бу талабларга жавоб берадиган даражага, афсуски, ҳали эриша олганимиз йўқ. Газетамиз чиқишларида танқидий, таҳлилий ва муаммоли мақолалар кам учрайди. Танқидий мақолаларимизга эса ҳар доим ҳам жўяли жавоб беришавермайди ёки номигагина жавоб беришади ёхуд жавобсиз қолдиришади. Шунингдек, воқеаларни ёритишда тезкорлик, ҳозиржавоблик ва чуқур таҳлил етишмаслигини ҳам тан олишимиз керак.

Ҳазрат Умар (адолатли иш юритганлари, ҳар доим ҳақиқат тарафида бўлганликлари учун у кишини Ҳазрати Умари одил деб аташган) давлат ишларидан бўш пайтида ҳужраларига келарканлар-да, ўз-ўзини қамчи билан савалар эканлар. Бунинг боисини сўраганларга «Раият устидан юритаётган ҳукмларимда бировларнинг ҳақига хиёнат қилган бўлсам, бу жазолар хатоларимга каффорот бўлсин» деб жавоб берар эканлар.

Шундай экан, биз ҳам янги йилда ишимизни қайта қуриб, вазифаларимизни белгилаб олишимиз айни муддаодир. Таҳририят билан газетхонлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, газетанинг мазмун-мундарижасини ва сифатини янада яхшилашимиз керак. Прокуратура ходимлари билан ҳамкорликда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қиладиган долзарб мавзулардаги мақолаларга газета саҳифаларидан кўпроқ жой ажратиш, халқнинг дилидаги гапларни, одамларни қийнаётган муаммоларни дадил кўтариб чиқишимиз зарур. Замон шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги шароитда муҳим ҳаётий масалаларни оммавий ахборот воситаларининг, айниқса, ҳуқуқий нашрларнинг кўмагисиз ҳал қилиб бўлмаслиги аён ҳақиқат.

Газета омманинг онги ва қалбига таъсир кўрсатадиган қудратли ғоявий қуролдир. У ҳар бир масалага холис ва оқилона ёндашиб, ўз сўзини айтиши лозим. Халқимиз, ватанимизнинг манфаатлари, қонун устуворлиги газета ишида бош мезон бўлмоғи шарт.

Азиз ҳамкасблар! Матбуот шундай катта кучки, масъулиятли соҳаки, унда айтилган ҳар бир сўз кимнингдир ҳаётида ҳал қилувчи аҳамият касб этиши мумкин. Суд чиқарган ҳукм ё қарор бир ёки бир неча инсон тақдирига дахлдор бўлса, матбуотда берилган хулоса ёки мулоҳаза минглаб, миллионлаб инсонлар ҳаётида муҳим ўрин тутади. Бу эса биздан сўз масъулиятини чуқур ҳис этишимизни талаб қилади, ҳар бир сўзни чуқур мулоҳаза қилиб, ўз ўрнида ишлатишимиз лозим бўлади. Чунки бизни одамлар ўқияпти, телефонда кимдир йўқлаяпти. Биздан яна кимдир ёрдам сўраяпти, биз одамларга керакмиз. Журналист учун бундан ортиқ бахт борми?


Норбўта ҒОЗИЕВ,
«Huquq»