Кўп “янглишган” ҳисобчи ўз фойдасига ҳеч адашмабди

12:01 - 28.12.2020

7

Жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон тумани судида Исковот озиқ-овқат саноати касб-ҳунар коллежида бош ҳисобчи бўлиб ишлаган Р.Б.нинг жиноят иши кўрилди.

Давлат маблағи ишониб топшириб қўйилган шахслар ўз ишига пухта, етти ўлчаб бир кесадиган бўлиши шарт. Бюджет маблағга масъул бўлган ҳисобчилар айниқса буни зинҳор унутмаслиги керак. Р.Б. эса мансабини суиистеъмол қилиб, жиноятга қўл урди.

2015 – 2018-йилларда икки ҳолатда коллежнинг 6 ходимига 5 млн. 707 минг 602 сўм ортиқча иш ҳақи тўлади. Шундан 468 625 сўми ўзига тегишли эди. Яна бир ҳолатда 6 ходимга 468 625 сўм иш ҳақини, 50 нафар ходимга эса меҳнат таътили пулини ҳисоблашда 3 млн. 536 минг 560 сўмни асоссиз равишда ортиқча тўлаб, жами 9 млн. 712 минг 787 сўм маблағни талон-торож қилган.

Шунингдек, яна шундай ҳолатга йўл қўйиб, 75 нафар ходимнинг пластик картасига иш ҳақи ҳисобидан аванс туширишда 8 млн. 530 минг 279 сўмни ортиқча тўлайди. Уддабуронликни қарангки, бирон сафар ўзини «унутмайди». Юқоридаги сумманинг 1 млн. 483 минг 331 сўмини ўзига ўтказгани ҳам бунга далил.

Навбатдаги уринишда 52 та ходимга иш ҳақи ҳисобидан 7 млн. 261 минг 22 сўмни тўлашда хатога йўл қўяди.

Бош ҳисобчи шу билан кифояланмайди. Коллеж директори билан тил бириктириб, 2017 – 2018-йилларда 11 нафар ходимга 6 млн. 813 минг 798 сўм моддий ёрдам пулини ҳеч бир асослантирувчи ҳужжатсиз тўлайди.

Шу тариқа мукофот пуллари, иш ҳақи, ўрнак кўрсатган ходимларни рағбатлантириш борасидаги тўловларда ҳам янглиш йўлдан борди. Ҳатто аксарият ҳолларда ўтилмаган дарслар учун ҳам ҳақ тўлаб, давлатнинг жами 44 млн. 160 минг 258 сўм маблағи растрата қилинишига йўл қўйди.

«Ҳотамтойлик»нинг жавобини беришга келганда эса эътиборсизлик қилгани, қилмишидан пушаймонлигини айтишдан нари ўтмади.

Суд унга жазо тайинлашда етказилган зарар тўлиқ қопланганини инобатга олди. У Жиноят кодексига мувофиқ бир йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, иш ҳақининг йигирма фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда бир йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилди. Ҳисобни билмаслик инсонни ана шундай адаштиради. Бунинг ниҳояси эса асло хайрли бўлмаган.