Сигарет учун икки жон

11:38 - 28.12.2020

14

Фарғоналик уч йигитнинг энг каттаси 28, иккиси 23 ёшга кирганди. Йигитларнинг бири Соҳиб Очилдиев марҳум Ф.Холиқовнинг уйидаги қурилишда ишлаганди. У Ф.Холиқовнинг тадбиркорлик билан шуғулланишидан, ўзига тўқлигидан хабардор эди. Унинг хонадонидаги ишлар тугаганидан сўнг С.Очилдиев бошқа жойда иш бошлайди. Ўша пайтларда у дўсти Муҳаммад Рустамовни ёрдамга чақиради. Бахтга қарши Ф.Холиқов шу куни М.Рустамов ва С.Очилдиев ишлаётган хонадонга кириб келади. Усталарга раҳбарлик қилаётган Олим аканинг ёнига келиб, «Қўқонда бирорта сотиладиган уй бўлса, хабарини беринг, оламан» дейди. Бу гапни эшитган М.Рустамовнинг дарров нияти бузилади. Шу куни кечга бориб, жиноий режасини С.Очилдиевга айтади.

– Қўқондаги уйларнинг нархи 80 минг доллардан кам эмас, – дея гапни узоқдан бошлайди М.Рустамов. – Келган одамнинг 80 минг «қоғози» бўлса керак, уй суриштираяпти, танийсанми?

С.Очилдиев ҳам Ф.Холиқовни танишини айтиб, йўл-йўлакай унинг уйини ҳам кўрсатади. Шундан сўнг М.Рустамов қарзи кўпайиб кетганини, ҳатто электр ҳақини вақтида тўламагани учун хонадони чироғини ўчириб кетишганини айтиб, нолийди. С.Очилдиевга шу уйга ўғирликка тушса, бу муаммоларини тезда ҳал қилиб олишини айтиб, уни ҳам шерик бўлишга таклиф қилади. Дастлаб бу таклифга кўнмаган С.Очилдиев кейинроқ рози бўлади. Улар бу ишга таниши Фарҳод Тойировни ҳам шерик қилиб олишади.

Учови бир неча кун Ф.Холиқовнинг уйини кузатиб, режа тузишади. 2020 йил 6 январь куни тунги соат 1:30 ларда М.Рустамов, Ф.Тойиров ва С.Очилдиев Ф.Холиқовнинг ҳовлиси деворидан ошиб тушадилар. Улар ниқоб ва қўлқоп кийиб, скотч, арқон ва иккита пичоқ билан қуролланиб олишган эди. Вазиятни кузатиб туриш мақсадида С.Очилдиев ҳовлида қолади. М.Рустамов ва Ф.Тойиров эса уйга кириб, ётоқхонага ўтишади. М.Рустамов дастлаб тўшакнинг бир томонида ётган одамга пичоқ уради. Зарбадан уйғониб кетган инсон хонадон эгасининг турмуш ўртоғи эди. У туришга ҳаракат қилган пайтда М.Рустамов унга яна бир неча марта пичоқ уради. Сўнг шовқиндан уйғониб кетган Ф.Холиқовга ҳам бир неча марта пичоқ уриб, жароҳатлайди. Уй эгалари жароҳатларига қарамай босқинчиларга қаршилик кўрсата бошлаганида М.Рустамов ва Ф.Тойиров эр-хотинни шафқатсизлик билан ўлдиришади.

Шундан сўнг улар уйдан пул қидириб топа олишмагач, олти дона сигарети қолган қути ва ёндиргични олиб чиқиб кетишаётганда уйда яна бир ётоқхона борлигини кўриб, унинг эшигини очишади. У хонада болалар ухлаб ётганини кўриб, у ерга кирмасдан, ҳовлига чиқишади. Иккови у ердаги «Gentra» автомашинасидан ҳам пул топа олишмагач, дарвозани очиб чиқиб кетишади.

Бу воқеадан сўнг Ф.Тойиров Қозоғистонга, С.Очилдиев эса Россияга кетади. Орадан ўтган бир неча кун мобайнида М.Рустамовнинг кўзига ҳар хил шарпалар кўриниб, тинчлиги йўқолади. Шундан сўнг у ИИБга бориб, бўлган воқеани айтиб, айбига иқрор бўлади. Тез фурсатда М.Рустамовнинг хориждаги шериклари ҳам ушлаб келинади.

Мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судида кўриб чиқилиб, айбдорларга нисбатан ҳукм ўқилди. Унга кўра М.Рустамовга умрбод, Ф.Тойировга 25 йил, С.Очилдиевга эса 23 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.