Шунча ғавғонинг кимга кераги бор эди?!

11:14 - 28.12.2020

9

Ота-оналар ажралиши мумкин, аммо болалар ота-она меҳридан дариғ тутилмаслиги керак. Қолаверса, эр-хотин никоҳининг расман бекор қилиниши уларни асло болалар олдидаги масъулиятдан озод этмайди. Буни унутганлар эса чироқчилик Ўткир(исм-фамилиялар ўзгартирилган)нинг ҳолига тушиши ҳеч гапмас.

Жиноят ишлари бўйича Чироқчи тумани судида ўтказилган очиқ суд мажлисида судланувчи Ўткир Норбобоевнинг жиноят иши кўрилди. Қайд этилишича, Ўткир Норбобоев 1976 йилда туғилган. Маълумоти ўрта, вақтинча ишсиз. Оилали, 2 нафар фарзанди бор. Яккабоғ тумани Дархон маҳалласида яшайди.

Ўткир Яккабоғ тумани Дархон маҳалласи Шов қишлоғида яшовчи Шаҳноза Ҳайдарова билан 2001 йил ноябрь ойида қонуний никоҳдан ўтган эди. Ўн йил бирга яшади. Фуқаролик ишлари бўйича Яккабоғ туманлараро судининг 2015 йил 15 октябрдаги суд буйруғига асосан икки нафар қизининг моддий таъминоти учун энг кам ойлик иш ҳақининг учдан бир қисмидан кам бўлмаган миқдорда алимент тўлаши лозим эди.

Аммо 2017 йил 1 сентябрдан 2019 йил 29 июлга қадар, жами 23 ой мобайнида

10 миллион 606 057 сўм алиментни тўлашдан қасддан бош тортиб келди. Бунинг учун Яккабоғ тумани маъмурий судининг 2019 йил 29 июлдаги маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси билан 15 сутка қамоқ маъмурий жазосига тортилди.

Бироқ бу жазо ҳам унинг кўзини очмади. Ўткир бундан ўзига тегишли хулоса чиқариб олмасдан моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлашдан 2019 йил 1 август кунидан 2019 йил 17 декабрь кунига қадар, жами бўлиб 13 216 057 сўм алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлади.

Судланувчи судда айбига иқрорлик билдириб, ҳисоблаб чиқилган ушбу қарздорликка ҳеч қандай эътирози йўқлигини ва бу алимент пулларини имкони бўлиши билан тўлашини қайд этди. Қилмишидан қаттиқ пушаймонлигини баён қилиб, суддан енгиллик сўради.

МИБ вакиллари Ўткирни алиментни вақтида тўламаса, жиноий жавобгарликка тортилиши хусусида бир неча маротаба огоҳлантиришди. Бироқ бу огоҳлантиришларни Ўткир жиддий қабул қилмади. Оқибат…

Суд ҳукмига асосан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан Ўткир Норбобоев олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Тўланмай қолган алимент ҳам ундан ундириб олинадиган бўлди.

Алимент — бу Ўткирнинг ўз фарзандари олдидаги оталик қарзи эди. У бу қарзни қамалмасдан туриб тўласа бўлмасмиди? Шунча ғавғонинг кимга кераги бор эди ўзи?

Нажмиддин МАВЛОНОВ,

Чироқчи тумани прокурори ўринбосари.