Камбағаллар билан тузилган шартнома кимларни бойитди?

12:38 - 25.12.2020

9

Учкўприк тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси юзасидан текшириш ўтказилганда бир қатор камчиликлар аниқланди.

Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан пудратчи «Баҳрин томорқа» МЧЖ, «Янгиобод томорқа» МЧЖ ҳамда камбағал фуқаролар ўртасида тузилган уч томонлама шартноманинг 2-бўлими 2.2-бандида «шартнома имзолангандан кейин 5 кун мобайнида буюртмачи туман АБКМ томонидан пудратчи ташкилот ҳисобига шартнома суммасининг 15 фоизини олдиндан ўтказиб бериши ҳамда қолган 85 фоизи пудратчи ташкилот томонидан маҳсулот томорқа эгасига етказиб берилгандан сўнг тузилган далолатномага асосан АБКМ томонидан тўлаб берилиши» белгиланган. Бироқ 2020 йил март-июль ойларида 124 та ҳолатда шартнома шартига зид равишда «Янгиобод томорқа»нинг ҳисобрақамига 13 та енгил конструкцияли иссиқхона қуриш учун 28 млн. 990 минг сўм ва 3 та суғориш воситаси қуриш учун 6 млн. 690 минг сўм, «Баҳрин томорқа»нинг ҳисобрақамига эса 107 та  енгил конструкцияли иссиқхона қуриш учун 238 млн. 610 минг сўм ва 1 та суғориш воситаси қуриш учун 1 млн. 115 минг сўм, жами 275 млн. 405 минг сўмлик 100 фоиз субсидия асоссиз равишда ўтказиб берилган.

Шунингдек, 16 нафар фуқарога ўтказиб берилган 35 млн. 680 минг сўмлик субсидия эвазига «Баҳрин томорқа» иссиқхона қуриб берилмагани ва 104 та ҳолатда май-июль ойларида қурилган иссиқхоналар учун белгиланган калькуляцияга нисбатан 47 млн. 146 минг 400 сўм кам пул сарфлангани ҳамда марказ, «Баҳрин томорқа» ва фуқаро ўртасида топшириш-қабул қилиш далолатномаси расмийлаштирилмасдан, АБКМ томонидан сохта далолатномалар расмийлаштирилиб, 86 млн. 46 минг 300 сўм пул тўлов ҳисоботларига қўшиб ёзилгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, туман АБКМ мансабдорлари 1999 йил 2 июлда давлат рўйхатидан ўтган «Ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш тўғрисида»ги 762-низом ижросида ҳам 12 ҳолатда 5 млн. 379 минг 519 сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйган.  

Туман прокуратураси томонидан марказ мансабдорлари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.