Режалининг иши баракали бўлади

11:57 - 25.12.2020

18

Йил охирида барча соҳаларда сарҳисоб билан бирга келгуси йил учун режа тузилади. Зеро, «Режалининг иши баракали бўлади» дейди халқимиз.

Қашқадарё вилояти прокуратураси томонидан давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаларига мувофиқ ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2021 йилда бажариладиган долзарб вазифалар белгилаб олинди.
Улар қуйидагилардан иборат:
– вилоятимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган бюджет маблағининг тўғри ишлатилишини таъминлаш;
– тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратиш;
– захира ерлар ва бўш турган биноларнинг жозибадорлигини ошириш мақсадида лойиҳалар ишлаб чиқиб, уларни ташаббускорларга таклиф қилиш;
– «Темир дафтар»дан чиқарилган оилаларни доимий назоратга олиш ва уларни қўллаш чораларини кўриш;
– «Ёшлар» ва «Аёллар» дафтарларини шакллантириш жараёнида аниқланган муаммоларни бартараф этиш, уларнинг ишга, касбга, уйга бўлган эҳтиёжларини ҳал этишга қаратилган аниқ таклифлар киритиш;
– меҳнат мигрантларини иш билан таъминлаш, касбга ўргатиш, тадбиркорликка жалб қилишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш;
– ерлар талон-торож қилиниши ва ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш;
– ойлик таҳлиллар асосида ҳар бир маҳаллада жиноятчиликнинг олдини олиш тизимини йўлга қўйиш;
– жамиятда коррупцияга нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш.

ТАДБИРКОРЛАР УЧУН ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР

Бюджет маблағининг тўғри ишлатилишини таъминлаш ва талон-торож қилинишининг олдини олиш мақсадида вилоят прокуратурасида прокуратура, молия, банк идораларининг мутахассисларидан иборат «Вазиятни тизимли мониторинг қилиш» гуруҳи ташкил этилди.

Ушбу гуруҳ томонидан бюд жет масалаларига масъул идо раларнинг фаолияти мувофиқлаштирилади ва маблағнинг кундалик сарфи таҳлил қилиб борилади.

Тадбиркорларни қўллаш, муаммоларини ҳал этиш, янги лойиҳаларга жалб қилиш мақсадида барча туман ва шаҳар прокуратураларида доимий фаолият юритувчи «Тадбиркорлик ишчи гуруҳлари» ташкил этилди. Унга банк, молия, солиқ, кадастр идораларидан мутахассислар жалб қилинди.

Биргина февраль ойида Нишон туманида тажриба тариқасида ташкил этилган «Тадбиркорлик ишчи гуруҳи» томонидан 1510 гектар захирадаги ва самарасиз фойдаланилаётган ерлар, 16 та бўш турган бино аниқланди. Улар асосида 45 та лойиҳа ишлаб чиқилиб, тадбиркорларимизга ҳавола қилиниши натижасида уларнинг барчасига эга топилди.

Норасмий тадбиркорларнинг фаолиятини легаллаштириш орқали солиқ базасини кенгайтириш доимий назоратимизда бўлади. Хусусан, солиқ идоралари билан ҳамкорликда Қарши шаҳри, Косон, Ғузор, Қамаши ва Қарши туманларида ўтказилган хатлов жараёнида 1093 нафар тадбиркорнинг фаолияти легаллаштирилиб, ҳозир улардан ойига ўртача 300 миллион сўм солиқ ундирилмоқда.

2021 йилда 26,1 триллион сўмлик 1153 та лойиҳанинг амалга оширилиши устидан қатъий назорат ўрнатилади. Шу мақсадда банкларнинг раҳбарлари билан 28-29 ноябрь кунлари йиғилиш ўтказилиб, 2020 йилда қилинган ишлар, 2021 йилда ишга туширилиши режалаштирилган лойиҳалар муҳокама қилиниб, уларнинг ижросини таъминлаш чоралари белгилаб олинди. Бу борадаги ҳамкорлик давом эттирилади.

«Ҳар бир оила тадбиркор» давлат дастури доирасида ажратилаётган 37 миллиард сўм имтиёзли кредитнинг тўғри сарфланиши устидан назорат ўрнатилади. Шу билан бирга, маҳаллаларда тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш, хизмат кўрсатиш соҳаларига эҳтиёжни ўрганишга алоҳида эътибор қаратилади.

2020 йилнинг 10 ойида прокурорлар томонидан 852 та тадбиркорлик субъектига ёрдам кўрсатилди, шундан 106 тасига ер ва бино, 331 тасига кредит ажратилди, 93 нафар тадбиркорнинг фаолиятини тиклаш натижасида 440 та иш ўрни яратилди.

ИККИНЧИ СЕКТОР КЎМАГИ БИЛАН

Вилоятнинг иккинчи секторида «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида йил бошидан 18192 та камбағал оиладан 15465 таси «Темир дафтар»дан чиқарилиб, уларнинг 16163 нафар аъзоси иш билан таъминланди, 33,4 миллиард сўмлик моддий ёрдам берилди. Йил якунига қадар 2736 та камбағал оиланинг доимий даромад манбаини яратиш чораси кўрилади.

Шунингдек, келгуси йилда ижтимоий аҳволи оғир бўлган 1839 та оилани (ногиронлар, ёлғизлар, меҳнатга лаёқатсизлар) доимий назоратга олиш ва қўллаш чоралари кўриб борилади.

Яратилган янги тизим бўйича давлат ҳисобига ундирув билан боғлиқ ижро ҳужжатларидан келиб тушган пулнинг 50 фоизи «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларни қўллашга йўналтирилади. Шу мақсадда йил якунига қадар 123 миллиард сўмни давлатга ундириш бўйича режа ишлаб чиқилиб, 17-28 ноябрь оралиғида 48 миллиард сўм ёки 40 фоизининг ундирилиши таъминланди.

«Ёшлар» ва «Аёллар» дафтарларини шакллантириш иш лари Қарши шаҳри ва Ғузор туманида якунланди. Қолган туманларда ҳам йил охирига қадар тугатилади. Бу жараёнда аниқланган муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор берилади.

Масалан, Қарши шаҳри 2-секторида ўтказилган хатловда 1854 та хонадоннинг аксариятида учтадан бештагача оила яшаётгани аниқланди. Оилавий низолар асосан шундай хонадонларда юзага келмоқда.

Шу ўринда айтиш керакки, ёшларимизнинг, камбағал оилаларнинг кўплаб мурожаатларидан келиб чиқиб, арзон уйларнинг дастлабки бадали кредит тўлови каби бўлиб-бўлиб тўланишини йўлга қўйиш улар учун енгиллик бўлар эди.

Шунингдек, кўп қаватли ар зон уйлар қуришда айнан шу касбга тайёрланган аҳоли кучидан фойдаланилса, улар уйларнинг асосий талабгорларидан бири сифатида белгиланса, уларнинг бандлигини таъминлашга ва манфаатдорлигини оширишга шароит яратилар эди.

Бундан ташқари, чет элдан қайтган 17431 нафар меҳнат миг рантидан 9260 нафарининг бандлиги таъминланган, 475 нафари тадбиркорликни бошлаган. Меҳнат мигрантларининг бандлигини таъминлаш бўйича қуйидаги йўналишларда иш олиб борамиз:

– уларнинг таклиф ва муаммоларини ўрганиш мақсадида ҳудудларда учрашувлар ташкил этиш;

– 2021 йилда иш бошлайдиган «Ишга марҳамат» марказида уларни касби ва малакаси бўйича рўйхатга олиб, иш билан таъминлаш ҳамда касбга ўқитиш ва хорижий тилларни ўргатиш;

– тадбиркорликка жалб қилиш;

– касби бўйича норасмий ишлаётган мигрантлар фаолиятини қонунийлаштириш.

ЕРНИНГ ТАЛОН-ТОРОЖ ЭТИЛИШИ ВА НОҚОНУНИЙ ҚУРИЛИШЛАРНИНГ ОЛДИ ОЛИНАДИ

Вилоят прокуратураси жорий йилнинг ўтган даврида ўтказган текширишларда 7255 та ҳолатда 1292 гектар ер ўзбошимчалик билан эгаллангани, 6499 та ҳолатда 156 гектар ерда ноқонуний қурилишлар амалга оширилгани аниқланган. Шундан 556 гектар ер давлат захирасига ихтиёрий қайтарилган, судларга киритилган 1521 та даъво аризаси қаноатлантирилган, ноқонуний қурилишларни бузиш ҳақидаги суд қарорлари ижрога қаратилган.

Шу билан бирга, ноқонуний қурилишларнинг олдини олишнинг самарали механизми мавжуд эмас.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, қонунчиликни такомиллаштириш бўйи ча қуйидаги таклифлар ишлаб чиқилмоқда:

– маҳалла раиси ва профилактика инспекторига ер ажратишга оид қонуний ҳужжатларни кўрсатмасдан қурилиш бошлашни тақиқлаш;

– ноқонуний қурилиш қилинганда, шунингдек, кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришдан бўйин товланганда профилактика инспекторига маъмурий баённома расмийлаштириш ваколатини бериш;

– ҳужжатсиз қурилиш билан боғлиқ ишларни суд буйруғи тартибида ҳал этиш.

МАҲАЛЛА ТИНЧ БЎЛСА…

Маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар амалга оширилмоқда. Асосий эътибор нотинч оилалар, судланганлар, профилактик ҳисобда турганларнинг бандлигини таъминлаш, жамиятда ўз ўрнини топиши учун кўмак беришга қаратилаяпти.

Хусусан, жиноятга мойил 171 155 кишининг рўйхати тузилиб, улар билан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Йил давомида бозорлар, дўконлар, маҳаллаларнинг кириш ва чиқиш жойларига 14 мингдан ортиқ кузатув камераси жойлаштирилди. Жорий йилнинг 10 ойида 771 та маҳалланинг 388 тасида жиноят содир этилмади.

Келгусида ойлик таҳлиллар асосида ҳар бир маҳаллада жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича «Суд таҳлили» тизими йўлга қўйилади. Бунда туман ва шаҳар прокуратураларида ташкил этилган «Эксперт-таҳлил гуруҳи» ҳамда

сектор раҳбарлари билан ҳамкорликда жиноятларнинг сабаблари ўрганилиб, ҳар бир маҳаллада белгиланган вазифаларнинг ижроси устидан қатъий назорат ўрнатилади. Шунингдек, келгусида:

– фош этилмаган 66 та жиноятни фош этиш;

– қидирувдаги 135 кишини ушлаш;

– профилактика инспекторлари ўртасида ўқув машғулотлари ўтказиш;

– маҳаллаларни ободонлаштириш ва тунги чироқлар билан таъминлаш чоралари кўрилади.

Маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантиришда фуқароларнинг ролини ошириш мақсадида вилоят прокуратураси ва ҳокимлигининг қўшма фармойиши қабул қилинди. Фармойиш асосида ўтказилган таҳлилда 771 та маҳалла фуқаролар йиғинидан 325 таси ўз биносига эга эмаслиги, 69 таси таъмирталаблиги аниқланган.

Бугунги кунда 13 та маҳалла биноси қуриб битказилган, шунингдек, 55 тасида (бюджет ҳисобидан 28 та, давлат-хусусий шерикчилик ва ҳомийлик асосида 27 та) қурилиш ишлари давом эттирилмоқда.

Хусусан, вилоят прокуратураси ташаббуси билан криминоген вазият оғир бўлган Қарши шаҳридаги Ойдин маҳалласида давлат-хусусий шерикчилик асосида маҳалла биноси қуриб битказилди. Маҳаллага 173 та видеокузатув мосламаси ва 300 дан ортиқ тунги чироқ ўрнатилди. Натижада биронта ҳам жиноят содир этилмади.

Амалдаги қонунчиликка кўра вилоят марказларидан давлат-хусусий шерикчилик асосида ер участкаларининг тўғридан-тўғри ажратилиши тақиқланган. Келгусида инвесторларга намунавий лойиҳаларга мувофиқ маҳалла бинолари қуриш учун ерни танлов ўтказмасдан тўғридан-тўғри ажратишга имкон берилса, бу борадаги ишлар жадаллашар эди.

КОРРУПЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТ ТУШОВИ

Бюджет маблағи талон-торож қилинишининг, шу жумладан, коррупцион жиноятларнинг олдини олиш бўйича қилган ишларимиз ва вазифаларимиз тўғрисида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида депутатлар ва жамоатчилик олдида ҳисобот берилди.

Вилоят прокуратура органларининг коррупцияга қарши кураши жадаллаштирилиши натижасида 10 ойда 112 та жиноят фош этилди.

Жорий йилда 79 нафар мансабдорнинг пора олгани аниқланиб, улар жиноий жавобгарликка тортилди. Коррупция оқибатида етказилган 21 миллиард сўмдан ортиқ зарар ундирилди. Бу тоифадаги жиноятларни содир этган 158 киши жавобгарликка тортилган.

Ташкилот ва идораларда коррупциянинг сабаби ўрганилганда айрим соҳаларда ички назорат ҳамда юридик хизматнинг ўрни сезилмаётгани аниқланди, баъзи раҳбарларнинг ўзи бундан манфаатдор эмаслиги ҳам коррупцияга чек қўйишга имкон бермаяпти.

Вилоят прокуратураси органлари томонидан бюджет маб лағи сарфланишида қонунийликни таъминлаш бўйича қатъий назорат ўрнатилади ҳамда қонун бузилишига йўл қўйган шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

* * *

Халқимизнинг турмушини яхшилаш, тадбиркорларимиз самарали фаолият юритиши учун имконият яратиш, фуқароларни ижтимоий ҳимоялаш, умуман, одамларни рози қилиб ишлаш учун барча соҳада қонун устуворлиги ва адолатни таъминлаш энг муҳим вазифаларимиздан биридир. Келгуси йили ҳам ана шу мезон асосида ишлаймиз.

Эркабай ТАДЖИЕВ,
Қашқадарё вилояти прокурори