Китоблар улкан фикр кемаларидир

15:22 - 25.12.2020

106

КИШИНИНГ ЮЗ БЕРАЁТГАН ВОҚЕАЛАР ҲАҚИДАГИ ХУЛОСАСИ ШУ ЖАРАЁНГА ҚАНДАЙ КЎЗ БИЛАН ҚАРАЁТГАНИГА БОҒЛИҚ. ГАЗЕТАМИЗНИНГ 10 ДЕКАБРЬ СОНИДА ЧОП ЭТИЛГАН «КИТОБ АҚЛ ҚАЛЪАСИДИР» САРЛАВҲАЛИ МАҚОЛАНИ ЎҚИДИМУ БУ ҲАҚИДАГИ
МУЛОҲАЗАЛАРИМНИ ГАЗЕТХОНЛАР БИЛАН ЎРТОҚЛАШГИМ КЕЛДИ.

Шоирларни фақат туғилган кунида эслаймизми?

Биз ўзбеклар азалдан китобсевар халқмиз. Аждодларимиз учун маърифат ҳамиша ҳаётий эҳтиёж бўлиб келган. Фалакиётдан тортиб тиббиётгача, ҳатто ҳозир мислсиз ривожланган ахборот технологиялари соҳасининг тамал тошини қўйган ўнлаб буюк боболаримиз болаликдан маърифатга интилгани учунгина даҳо бўлиб етишишди.

Хўш, нега бугун биз, Хоразмий, Абу Али ибн Сино авлодлари, илм-фанда орқада қолдик? Нега интернетда ғийбатлашиш, бўлмағур хабарларни ўқиб, уларга муносабат билдириш, бачкана кўрсатув ва ахлоқсизликни тарғиб қилувчи чет эл сериалларини томоша қилишга соатлаб вақт сарфлаймизу, аммо йилда ақалли бир марта кутубхона ёки китоб дўкони остонасидан ҳатламаймиз?

Мамлакатни ҳар жиҳатдан қудратли қиладиган восита илмлигини ҳеч қайсимиз инкор этолмаймиз. Китобдан ихлоси қайтган, куну тун «Game club»ларда компьютер ўйинларига муккасидан кетган, кўча-кўйда қулоғига наушник тиқиб, бемаъни мусиқаларни тинглаб кетаётган ёшлар билан мамлакатни буюк давлатга айлантириб бўладими?

Модомики, китобнинг ёш авлод дунёқарашини бойитиши ҳақида гап борар экан, муаммо атрофида эмас, унинг негизидан келиб чиқиб фикр юритиш керак. Оммавий китобхонлик бурунгидек эмас деяётган зиёлиларимиз талайгина. Бироқ бу сўзлар фақат ўша зиёли қатламнинг ўзида қолиб кетаётгандек. Телевидение, радио ва матбуотда истеъдодли ёшларнинг ютуқлари тез-тез тилга олинади, иқтидорига таҳсинлар ўқилади. Бу яхши. Бироқ истеъдоди бору имконияти йўқлар ҳақида лом-мим дейилмайди.

Далада ишлаб, Бедилни шарҳлай оладиган одамлар, «Қиссаи Машраб»ни ёддан айтувчи болалар борлиги ҳақида жиммиз. Ҳозир таълим муассасаларининг барчасида «Маънавият хонаси» ишлаб турибди. Бироқ маънавият ишини жўн тушунувчилар йилда бир-икки бор навоийхонлик, бобурхонлик ёки бедилхонлик кечалари ўтказиш билан чекланаяпти. Негаки, бу шоирларнинг туғилган куни бир йилда бир марта келади-да!

Тоза маърифат суви

Маънавий дунёқараши тор, илми саёз, хулқи бузуқ болалар қайдан пайдо бўлаяпти? Умрида қўлига бадиий китоб олмаган, битта эртак ё достон ўқимай ўсган болалар эмасми улар? Япон аёллари болаларини турли соҳаларга қизиқтириш учун уларга ойига камида 40 та китоб сотиб олиб беришар экан. Бизда-чи? Болалари учун бир йилда битта китоб харид қилмайдиганлар қанча?

Грузияда келиннинг сепига Шота Руставелининг «Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон» достонини қўшиб бериш одат экан. Бу бугунги кунда биз ҳам ўргансак арзийдиган урфлардан эмасми? Келинларимиз сепига Қуръон, Алишер Навоийнинг «Хамса»си, Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи қўшиб берилса, қандай яхши бўларди. Албатта, бундай одатлар янги оиланинг маънавий пойдевори мустаҳкам бўлишига хизмат қилади.

Назаримда ҳозир адабий танқидчилик ҳам анча сустлашгандек. 1970 – 1980 йилларда бирон ёзувчи ёки шоирнинг китоби чиқди дегунча Озод Шарафиддинов, Матёқуб Қўшжонов, Иброҳим Ғафуров ва Норбой Худойберганов сингари таниқли танқидчилар ҳали сиёҳи ҳам қуримаган асарга муносабат билдиришарди. Шунда китобхон қайси китобни ўқиш керагу, қайсиниси вақт сарфлаб ўтиришга арзимаслигини билиб оларди. Асари ҳали охиригача сайқалланмаган муаллиф уни нашриётга топширишдан тийилиб турса, китоби чоп этилган муаллиф унинг нечоғли аҳамиятга эгалигини англаб, ўқувчилари олдидаги масъулиятини яхшироқ ҳис этарди. Ҳозир-чи? Ҳақиқий истеъдодлар бир четда қолиб, пули борлар маза-матрасиз китоб чиқариб ётишибди. Бундай китобларга муносабат билдирадиган танқидчини эса кундузи чироқ ёқиб ҳам топиб бўлмай қолди. Маърифатпарвар бобомиз Абдулҳамид Чўлпон адабиётни «ўткир юрак кирларини ювадурғон тоза маърифат суви» дея таърифлаган эди. Биз ана шундай маърифат сувидан баҳраманд бўлмас эканмиз, комилликка эриша олмаймиз. Бадан ювилмаса кирланганидек, қалбимиз ҳам мунтазам покланишга муштоқ. Бу Алишер Навоийни зикр этганда амалга ошади. Навоийнинг буюк мероси ҳар бир оила маънавиятида, фарзандлар тарбиясида катта аҳамият касб этади. Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи оила аталмиш азалий иморатнинг мангу ва гўзал устунлари ҳақидаги қўшиқдир. Унинг эзгу қаҳрамонларидан ўрнак олсак, кам бўлмаймиз.

Донишмандлар нега танқис?

Америкалик социолог Дэниел Белл «Постиндустриал жамият» номли асарида «ХХI асрда ўқиш-ёзишни биладиган ақлли одамлар кўп бўлади, лекин донишманд одамлар жуда кам учрайди» деб ёзган. Олимнинг башорати тўғри бўлиб чиқди. Донишманд китоб ўқиган одам.

Доғистоннинг машҳур шоири Расул Ҳамзатов «Агар яна ёш бўлиб қолганимда вақтимни омонат дафтарчамга йиғиб, қариганимда оз-оздан ишлатиб турган бўлардим» деган экан. Буни қарангки, у пул эмас, вақт йиғардим дейди. Кўпчилигимиз эса бўш вақтимизда китоб ўқиш ёки бошқа фойдали ишлар билан шуғулланмай, уни беҳуда ҳавасларга сарфлаймиз.

Қирғиз халқининг буюк фарзанди Чингиз Айтматовдан бир мухбир «Сиз кўп ёзасизми?» деб сўраганида у «Йўқ, мен кўп ўқийман» деб жавоб берган экан. Сир эмас, жаҳон адабиётининг буюк намояндалари фаолиятида китобхонлик муҳим ўрин тутади. Улар ўқиган китоблари ҳақида бетакрор мақолалар, хотиралар битишган.

Узоққа бормай, мисолни ўзимиздан олсак. «Отамдан қолган далалар», «От кишнаган оқшом» сингари севимли асарлар муаллифи Тоғай Мурод (Аллоҳ раҳмат қилсин)нинг китобхонликка ниҳоятда катта эътибор берганини ибрат қилиб кўрсатиш мумкин. Бу ҳақида у шундай ёзган эди: «Мен фақат бир мақсадни кўзладим: 30-35 ёшгача жаҳон адабиётини ўқиш. Фақат ўқиш, ўқиш, ўқиш, қалам қотиб қолмаслиги учун майда-майда ҳикоялар машқ қилиб туриш…».

Жамиятнинг маънавий ҳаётида муҳим аҳамиятга молик зиё масканларидан бири, шубҳасиз, кутубхонадир. Инсоният тафаккурининг қаймоғи, турли соҳаларга оид китоблар ана шу масканда жамланади. Компьютер барча соҳалар сингари кутубхоналарни ҳам ишғол этаяпти. Чунки ахборотни излаб топишда ундан афзал техника йўқ. Илмий ходимлар илгари қоғоз каталоглардан фойдаланиб библиография тузишлари учун бир неча ой вақт сарфлаган бўлса, компьютер туфайли энди бу ишга бир неча кун етарли. Келажакда кутубхоналар қиёфасини замонавий ахборот технологиялари белгилаб беради.

Ҳеч қайси кашфиёт мутолаага тўсқинлик қила олмайди

Тез-тез одамлар китоб ўқимай қўйди деган фикр билдирилмоқда. Тўғри, китобхонлик сусайиб кетаётгани, китобга муносабат жўнлашиб қолаётгани рост. Сабаблари турлича: нархининг қимматлиги, пул ёки вақт етишмаслиги. Аммо яна бир сабаб ҳам борки, у ҳақда тўхталиб ўтмасак бўлмас. Тараққий этган мамлакатларда ахборот технологиялари яхши ривожланган, лекин у ерда китобхонлик сусайгани йўқ. Улар ҳамиша яхши китоб учун пулни аяшмайди. Театру музейларга тушишни канда қилишмайди. Мумтоз мусиқаларни мароқ билан тинглашади. Биз-чи? Болаларимиз-чи? Бу ҳақда мақтанишга арзигулик мисол келтиришим қийин.

Ота-оналарга шундай савол бергим келади: қачон болангизнинг қандай китоб ўқиётгани билан қизиқдингиз ёки қандай яхши китоб олиб бердингиз? Халқимизда «Китоб ўқиган одамдан ёмонлик чиқмайди» деган ақида бор. Бугунги ёшлар ана шу ақидага риоя қилаяптими? Ёшларнинг китобдан узоқлашаётганига ўзимиз айбдормиз. Интернетга маломат ёғдирган билан иш битмайди. Ақлли одамлар интернетдан қандай мақсадда фойдаланишни яхши биладилар.

У – тараққиёт маҳсули. У орқали бутун дунё билан боғланиш мумкин. ХХI асрда ахборот технологиялари тараққий этди. Натижада энди биров китоб ўқиши амримаҳол деган қарашлар пайдо бўлди. Бу ҳолат кўпчилик адабиёт ихлосмандлари ва забардаст адабиётчиларни ҳам ўйлантириб қўйди. Узоқ мунозаралардан сўнг эса жамоатчилик «Ҳар қандай ақлни шоширадиган кашфиёт китоб мутолаасига тўсқинлик қилолмайди, аксинча, ўзгаришларнинг сирини англашда китоб асқотади» деган қатъий қарорга келди.

Бу ҳам рубоб чалишни ўрганишдай гап

Китоб мутолааси маънавиятни бойитади, тафаккурни теранлаштиради, воқеаларни таҳлил қилишни, дунёга очиқ кўз билан қарашни ўргатади. Бироқ мутлаанинг нозик жиҳати шундаки, дунёдаги китобларнинг ҳаммасини ўқиб бўлмайди. Бунинг имконийўқ, қолаверса, умр ҳам етмайди.

Шу боис дунё тажрибасида мутолаани ривожлантиришнинг янгича йўналиши учрайди. Масалан, Европа мамлакатларида бошланғич синфдан юқори синфларгача махсус мутолаа курслари ўқитилади, ўқувчилар уларда китоб ўқиш санъатини эгаллайдилар. Шу ўринда айтиш жоизки, мутолаа ҳам, мутолаага ўргатиш ҳам ўзига хос санъат. У ҳам, масалан, доира ёки рубоб чалишни ўргатишга ўхшайди. Болага китоб ўқиш услубиятини ўргатмас эканмиз, у мутолаа санъатини ўзлаштира олмайди. Оқибатда ўқиган нарсасини тушунмаганидан кейин болада китобга нисбатан салбий муносабат пайдо бўлиб қолади. Айнан шунинг олдини олиш учун ҳам йигирмадан ортиқ мамлакатда юқорида таъкидлаганимиздек курслар мавжуд.

Бизда ҳам Халқ таълими вазирлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари бу борада ўйлаб кўрса, руҳшунослар, социологлар ва кутубхона ходимларини мутолаа тарғиботига жалб этса айни муддао бўларди. Компьютерлаштириш ривожланган ҳозирги даврда бу жуда муҳим. Чунки мутолаа маданияти, китобни танлаб ўқишни ўргатиш жуда катта масала. Бир вақтлар саводсизликни тугатишда ҳарф танишни ўргатиш етарли бўлган. Аммо бу бугун етарли эмас. Ҳозир ҳамманинг саводи бор. Лекин мутолаа борасида бундай деб бўлмайди.

Ўзини топса, ўқийди

Яна бир гап. Севимли ёзувчимиз Саид Аҳмад «Болалар учун ёзаётган ёзувчи то ўша асар тугамагунича бола бўлиб турмаса – бу китобни ҳеч ким ўқимайди. Бир ўқийди-ю ташлаб юборади» деган эди. Чунки бола китобни ўқиётганда ундан ўзини қидиради. Қаҳрамон билан ўзининг фазилатларини беихтиёр таққослаб кўради. Бошқа бола қиёфасида ўзибоп гаплар, ўзига маъқул келадиган фикрлар бўлса, ана шу қаҳрамонга интилади.

Бутун дунё да китоб ҳақида айтиладиган гап битта: «Ким ўқиётган китобидан ўзини топа олса, мазза қилиб ўқийди». Демак, бугун болалар адабиётига алоҳида эътибор ке рак. Миллий қадриятларимиздаги буюкликни болалар адабиётига кўчириш лозим. Ойбекнинг «Навоийнинг болалиги» қиссасидан бошқа буюк аждодларимизнинг болалиги ҳақида ёзилган бирорта асарни топиб беринг-чи?

Донишмандларнинг «Китоблар бизнинг энг содиқ дўстлари- миздир. Улар бизни алдамайди, ёнимизда туради, чорасизликда ташлаб кетмайди» деган сўзлари дунёда китобчалик холис маслаҳатчи йўқлигини англатади. Китоблар ўқитади, ўргатади, қийналганимизда йўл топиб беради. Бироқ ҳеч вақт ҳеч нима тама қилмайди. Айниқса, мағзи тўқ, юксак савияли, мазмунан пухта ва чиройли безатилган китоб ҳар қандай одамни ўзига тортади.

Давлатимиз раҳбарининг китобхонликни ривожлантиришга алоҳида эътибор бераётгани бежиз эмас. У кишининг ташаббуси билан китобхонлик танловлари ўтказилаяпти, ҳатто ғолиблар автомашина ва бошқа қимматбаҳо совғалар билан тақдирланаяпти. 2019 йил 19 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз бешта муҳим ташаббусни илгари суриш асносида болалар ўртасида китоб мутолаасига меҳрни кучайтириш мақсадида ҳар бир раҳбарни ўзи ўқиган мактабга китоб совға қилишга даъват этгани ҳам бекорга эмас. Ҳа, китоблар улкан фикр кемаларидир. Фикр денгизига шўнғиб, ундан жавоҳир олиб чиқишимизда китобларнинг ўрни беқиёс. Китобдан узоқлашиш эса қалбни чўлга айлантириш билан баробар. Орол денгизининг қуриган қисмида пайдо бўлган туз саҳроларида мунғайиб қолган кемаларни бир эсланг…

Норбўта ҒОЗИЕВ,

«Huquq»