Маҳаллада 6 сотих қаровсиз ётган ер бор эди…

17:34 - 24.12.2020

9

Қонунга хилоф равишда иш тутиб, “Кадастр идораси уйимни ҳужжатлаштириб берган, тураржойим қонуний” деб хотиржам юрган фуқаролар йиллар ўтиб, жабрдийда бўлиб қолишлари тайин. Чунки, маълумотларга кўра, шу пайтгача ноқонуний қурилган уйига қонунга хилоф йўллар билан кадастр ҳужжати қилиб олган бирорта фуқарога уйи бузилганда ҳеч қандай компенсация тўланмаган.

Ушбу маълумотдан Қибрай туманидаги Янги авлод МФЙ раиси бехабар бўлиши мумкин, лекин у ноқонуний иш қилиш оқибатини жуда яхши тушунарди. Маҳаллада 6 сотих қаровсиз ётган ер бор эди. Шуни кўз остига олган Александра Саломатова маҳалла раиси Сирожиддин Қўзиевга учрашади. Уй-жойи йўқлигини айтиб, уни аврайди. Шу ерни номига расмийлаштириб берса, уй қуриб олишини таъкидлайди. Маҳалла раиси ҳеч қандай иморати бўлмаган жойга кадастр ҳужжати тайёрлаб бўлмаслигини яхши биларди. Шундай бўлса-да, аёлни бу ишдан қайтармади. Аксинча, А.Саломатовани ушбу ерда бир хона уй, ошхона, хожатхона қуриб олган ҳолда бир неча йиллардан буён яшаб келаётганлиги ҳақида қалбаки маълумотнома тайёрлаб беради.

2019 йилнинг апрель ойида А.Саломатова Вазирлар маҳкамасининг 461-сонли қарори бўйича уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқини қўлга киритиш учун мазкур маълумотнома асосида Қибрай тумани Давлат хизматлари агентлигига ариза билан мурожаат қилади. Ўз навбатида аёлнинг ушбу мурожаати “Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри” ДКнинг туман филиали мутахассиси Азизбек Мусаевга келиб тушади. У аслида маълумотномада кўрсатилган объектни бориб ўрганиши керак эди. Лекин мутахассис ундай қилмади. Ҳеч қандай иморатлари бўлмаган ерга А.Мусаев ҳам бир хона уйи, ошхона ва ҳожатхонаси бор, деган техник чизма қилиб, унга сохта маълумотлар киритади ва умумий электрон тизимга юклаб қўяди. Оқибатда А.Саломатова мана шундай эътиборсизлик ва сохтакорлик асосида кадастр йиғма жилд ҳужжатларини қўлга киритади.

Ноқонуний ишнинг миси чиқмасдан қолмайди. Тегишли идоралар томонидан ўтказилган текширишларда уччала шахснинг ҳам қилмишлари ошкор бўлди. Суд ҳукми билан уларга тегишли жазо тайинланди.