“Снайпер” пойтахтни мўлжаллаганди

17:21 - 24.12.2020

5

Эгри йўл олиб борадиган манзил аниқ – суднинг қора курсиси!

31 ёшни қоралаётган андижонлик Аббос Мамадиев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) буни яхши биларди. Ҳар ҳолда, ёшига қараб шундай хулоса қилиш мумкин. Бунинг устига икки марта жиноят йўлига кириб чиқишга улгурган. У дастлаб 2011 йилда жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди, 2017 йилда Шаҳрихон тумани суди ҳукмига кўра жазога тортилганди. Аммо…

Аббос тағин жиноят кўчасига билмасдан кирди дейиш ноўрин. У «Ласетти» автомобилида 26 млн. 83 минг сўмлик 2243 қути пиротехникани қонунга хилоф равишда Тошкент шаҳрига олиб кетаётганида Поп туманида ушланди.

У таркиби порохдан иборат, кучли шовқин чиқариб портлаш хусусиятига эга 396 қути «Снайпер», 350 қути «Трения», 221 қути «Патерди» ва 276 қути «Соловей-разбойник» номли пиротехника буюмларини пойтахтда сотиш учун йўлга чиққан эди.

Жиноят ишлари бўйича Поп тумани суди унинг бу қилмиши учун иш ҳақининг йигирма фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.