Хавфли рецидивистнинг илтимоси рад этилди

16:40 - 23.12.2020

3

Қува туманининг Гулобод маҳалласида яшаган, 50 ёшдан ўтган, илгари икки марта судланган Б.Б. судда айбига қисман иқрор бўлди.

– 2013 йили Тошкент шарқшунослик институтининг корейс тили бўйича мутахассиси билан танишиб қолдим, – дейди судланувчи. – У Жанубий Кореяда ишлаб келган экан. Жанубий Кореяга ишлашга бормоқчи бўлганларни имтиҳондан ўтказиб, ҳужжатларини расмийлаштиришини айтиб, «Ҳамкорлик қилайлик, ҳар бир кишидан улуш оласиз, ишга кетолмаганларнинг пулини қайтариб берамиз» деди. Шу тариқа икки фирибгар тил топишади. Б.Б. Жанубий Кореяга ишга бормоқчи бўлган фуқароларни Тошкентга, шериги Х.Б.нинг ҳузурига бошлаб боради. Имтиҳонлардан ўтказиб, ишга жўнатиш учун 2014 йил июнь ойида Ш.Ў.дан 2800 АҚШ доллари, октябрь ойида А.А.дан 4000 доллар, 2015 йил сентябрь ойида В.И.дан 2000 доллар, Э.М.дан 2500 доллар, 2016 йили С.С.дан 3500 доллар пул олади. Алданган, имтиҳонлардан ўта олмаган фуқароларнинг аризасига биноан Б.Б. ва Х.Б. жиноий жавобгарликка тортилиб, судланади. Ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаган Б.Б. эски ҳунарини давом эттиради. Энди Тошкент шаҳридаги фуқароларни хорижга ишга жўнатишга тайёрловчи «Profelite Imp hususie bandlik agentligi»га ишга киради. Таниш, нотаниш фуқароларни имтиҳонлардан ўтказиб, Жанубий Кореяга ишга юборишига ишонтиради. 2018-2019 йилларда ўндан зиёд фуқаронинг 2500 дан 3000 долларгача пулини қўлга киритади. Тошкентга олиб борган, имтиҳон топширган, бироқ хорижга ишга бора олмаган икки фуқарога пулини тўлиқ қайтаради. Қолганларнинг пулини қайтармасдан алдаб юраверади. Б.Б.нинг қилмиши жабрланувчиларнинг гувоҳликлари, далиллар билан тўлиқ тасдиқланди. Банкка қўйган 71 млн. 150 минг сўм пули жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплашга йўналтириладиган бўлди.

Фирибгар келгусида қолган зарарларни ҳам тўлашини айтиб, суддан енгиллик беришни сўради. Суд икки марта судланганидан кейин ҳам фирибгарликни давом эттирган хавфли рецидивистни 5 йилга озодликдан маҳрум қилди.