Газетадаги мақолани ўқигач…

10:46 - 23.12.2020

16

«Huquq» газетасининг 26 ноябрдаги 47-сонида «Саломнинг ниҳояси баракадир» номли мақолада муаллиф Ғофуржон Алимов долзарб масалани кўтарган.

Мақолани ўқигач, айнан ўша кезларда телевидение орқали намойиш этилган бир воқеа хаёлимга келди. Роликда бир корхонада юз берган ҳодиса тас вирланган. Асосий қаҳрамонлар қоровул амаки билан ишчи аёл. Ҳар куни эрталаб ишчилар корхонага кириб келади. Иш вақти тугагач, ҳамма уйига тарқалади. Шундай кунларнинг бирида кечки пайт ўша аёл бир юмуш билан холодильникка киради. Аксига олиб эшик ташқаридан қулфланиб, аёл қамалиб қолади. У ҳар қанча қичқириб, ёрдамга чақирса ҳам овозини ҳеч ким эшитмайди. Аҳволи танг бўлиб, деярли музлаб қолганда эса қоровул амаки келиб, уни қутқаради.

Аёлнинг «Холодильникка қамалиб қолганимни қаердан билдингиз?» деган саволига қоровул амаки шундай жавоб беради:

– Қизим, сен ҳам ҳар куни эрта билан бошқалардек ишга келиб салом берардинг. Кечқурун фақат сенгина хайрлашиб кетардинг. Бугун эса хайрлашганинг йўқ, эшикдан ҳам чиқмадинг. Шунга хавотир олиб, қидириб киргандим. Яхши ҳам кирганим…

Очиғи, нафақат салом бериш, балки саломга алик олиш ҳам зарурлигини фильмдаги шу кичкинагина сюжет орқали кўриб, нақадар бой қадриятларимиз борлигига яна бир марта амин бўлдим. Шундай экан, саломлашиш маданиятимизнинг ажралмас қисми эканлигини ёшларга тушунтиришимиз лозим. Улар саломлашиш оддий бир одат эмаслигини тушуниб етсин.

Бундан ташқари, катталар ҳам саломга алик олишда беэътибор бўлмаслиги керак. Кўпинча салом беришдан қайтарадиган омиллардан бири саломга яраша алик олмаслик ҳисобланади. Шу сабабли ўзимиз ёшларга ибрат бўлишимиз кераклигини унутмайлик.

Бахтиёр КАЮМОВ,

Бош прокуратура академияси кафедра бошлиғи