Қурувчини чув тушириш осонми?

11:54 - 23.12.2020

6

Қурилиш соҳасидаги энг муҳим жараён – тендер. Аммо тендерга коррупция аралашса, бошланажак қурилиш объектининг пойдевори ҳеч қачон мустаҳкам бўлмайди. Буни Маҳаммадшариф Қудратуллаев ва Авазбек Мадраҳимов жуда яхши билар эди. Шунинг учун бирорта қурилиш ташкилоти раҳбарини тендер баҳона бемалол чув туширса бўлади. Улар шу мақсадда жиноий тил бириктиришади.

Уларнинг тарғиботи иш берди. А.Мадраҳимовга тендер масаласида водийдаги қурилиш ташкилотларидан бирининг раҳбари Жўра Нишонов алоқага чиқди. Суҳбат жараёнида А.Мадраҳимов қурувчининг эътиборини тортадиган аниқ фактларни ўртага ташлади. Тошкент шаҳар Халқ таълими бошқармасига тегишли мактаблардан бирининг катта суммадаги қурилиш ва таъмирлаш ишларини айтиб, шу объектни сизга олиб бераман, «харажатини» қилсангиз бўлди, деди А.Мадраҳимов. «Харажати» билан қизиққан Ж.Нишоновга 3 минг доллар бўлишини айтади. Қурувчи рози бўлади, лекин унинг ваъдасига ишонмайди. Шундан сўнг А.Мадраҳимов жиноий шериги М.Қудратуллаевни ёрдамга чақиради. Иккови биргалашиб қурувчини ишонтиришди. Унинг 3 минг доллар пулини олиб, ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборишди.

Дастлабки ваъдаларини унутиб, пулни ишлатиб юборган икковлон Ж.Нишоновга яна тузоқ қўйишади. Бу сафар А.Мадраҳимов қурувчини Қамчиқ давонидаги йўлни таъмирлаш бўйича шартнома олиб беришини айтиб алдайди. Ушбу объектнинг суммаси анча катта бўлгани учун ишни 7500 долларга ҳал қилиб беришини айтади. Қурилиш ташкилоти ишсиз қолиб кетишидан чўчиган Ж.Нишонов бу сафар ҳам икки фирибгар талаб қилган пулни келтириб беради. М.Қудратуллаев ва А.Мадраҳимов пулни бўлиб олиб ишлатиб юборишади. Ваъда эса ваъдалигича қолаверади.

Учинчи сафар бу икки фирибгар Ж.Нишоновга яна бир объект ваъда қилишади. Тошкент шаҳридаги учта кўп қаватли уйни таъмирлаш бўйича 2 млрд. 53 млн. сўмдан ортиқ шартномани минг доллар эвазига тендерда олиб беришни ваъда қилишади. Сабр косаси тўлган Ж.Нишонов бу гал М.Қудратуллаев ва А.Мадраҳимовнинг қилмиши ҳақида тегишли жойга ариза билан мурожаат қилади. Департаментнинг Миробод тумани бўлими ходимлари ўтказган тадбирда М.Қудратуллаев Ж.Нишоновдан яна минг доллар олган пайтда ашёвий далил билан қўлга олинди. Суриштирув жараёнида унинг ҳамтовоғи А.Мадраҳимов ҳам ушланди. Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судида айбланувчилар қилмишларига иқрор бўлишди. Суд А.Мадраҳимов ва М.Қудратуллаевга жазо тайинлаб ҳукм чиқарди.