Қарздорлар учун ажойиб таклиф

17:09 - 23.12.2020

13

Мажбурий ижро бюроси Миробод ва Мирзо Улуғбек тумани бўлимлари ва туман бандлик маркази ҳамкорлигида алимент қарзи бўлган, ишга муҳтож кишиларни қизиқиши, лаёқати ва мутахассислигига қараб ишга жойлаштириш учун меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.

Айни пайтда Миробод тумани бўлимида алимент билан боғлиқ 1251 та ижро ҳужжати бўлиб, қарздорлардан 791 нафари вақтинча ишсизлардир. 17 ноябрдан бошланган тезкор тадбирлар давомида 72 кишига иш таклиф қилинган, 21 нафари иш билан таъминланган, қолган 51 нафар ота таклиф қилинган ишни рад этган. Бюронинг Мирзо Улуғбек тумани бўлимида эса алимент билан боғлиқ 2798 та ижро ҳужжати бўйича 1359 нафар қарздор ишсиз ҳисобланади. МИБ туман бўлими бандлик маркази билан ҳамкорликда ўтказган меҳнат ярмаркаларидан 18 нафари ишга жойлашиб, 51 нафар қарздор ишни рад этган. Бундан кўринадики, алиментчи оталар берилган имкониятдан фойдаланмаган. Бу эса ўз-ўзидан алимент қарзи ошишига олиб келади. Шу боис 10 декабрь куни ҳам меҳнат ярмаркалари ўтказилди. Иш излаб юрган қарздорлар ярмаркаларга жалб қилиниб, иш таклиф этилди. МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда алимент ундирувини жадаллаштириш бўйича тадбирлар давом этади.