Бир одам етти марта судланса…

10:23 - 22.12.2020

6

Абдураҳмон (исмлар ўзгартирилган) нақд етти марта судланди. У дастлаб 25 ёшида судланиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Иккинчи марта 7 йилга, кейин 9 йил, хуллас ҳар гал жиноий қилмишлари учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Умрининг ярмидан кўпи панжара ортида ўтган бўлса ажабмас.

      Натижада оилавий ҳаёти ҳам издан чиқди, икки нафар фарзанди билан оиласидан ажрашиб кетди.  Аммо ўрганган кўнгил ўртанса қўймас экан.

    Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар судининг 2020 йил 18 мартдаги қарорига кўра, Абдураҳмонга олти ой муддатга маъмурий назорат ўрнатилган эди.

   У соат 22:00 дан эрталаб соат 07:00 гача яшаш уйидан чиқмаслиги, кафе, бар, спиртли ичимлик ичиш жойларига бормаслиги, алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслиги, ички ишлар ходимларининг рухсатисиз тумандан чиқиб кетмаслиги ҳамда рўйхатдан ўтиш учун ҳар ойда икки маротаба ички ишлар идораларига келиб учрашиши керак.

    Абдураҳмон бу мажбуриятларни бажармаса оқибати нима бўлишини яхши биларди. Чунки, етти марта судланган одам қонунларни сув қилиб ичиб юборади. Бироқ, маъмурий назорат қоидаларига риоя қилмади, қоидаларни кетма-кет бузди.

   Шундан сўнг Каттақўрғон тумани маъмурий судининг қарорига кўра, 111.500 сўм жарима жазоси тайинланди.

   Орадан бир кун ўтиб, тумандаги “Деҳқон” бозори олдида спиртли ичимлик ичиб юргани аниқланди. Абдураҳмон суд мажлисида айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймон эканини билдириб, қонуний енгиллик сўради. Суд ҳукми билан Абдураҳмонга 1 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.

   Инсон бир марта яшайди, муҳими, бу умрнинг узун-қисқалиги эмас, балки уни мазмунли яшай билишидир.

Шерзод ЮСУПОВ,

Самарқанд вилоят прокуратураси бўлим прокурори.