Қурилиш ва таъмирлаш ишлари нега суст?

11:11 - 22.12.2020

15

Қашқадарё вилоятида сувдан қандай фойдаланилаётгани таҳлил қилинди. Маълум бўлишича, дастурга киритилган ирригация ва мелиорация объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари қониқарсиз ҳолатда. Хусусан, 2020 йилда 45 та ирригация ва мелиорация объектида 152,6 млрд. сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланган бўлиб, шундан 27 млрд. сўмлик иш бажарилмаган. Назоратсизлик оқибатида 8,2 млрд. сўмлик 5 та объектда қурилиш учун пул тўлиқ тўланиб, фойдаланишга топшириш муддатидан 108 кундан 198 кунгача ўтиб кетган бўлса-да, қурилиш якунига етказилмаган. Масалан, «Касбимахсус сувпудрат» МЧЖ Китоб туманидаги 2,4 млрд. сўмлик «Оқбой» насос станцияси ва 3,4 млрд. сўмлик Қатағон канали бош дамбасини селдан ҳимоя қилиш объекти қурилишини июнь-июль ойларида ту гатиши белгиланиб, пули тўланган бўлса-да, қурилиш бугунги кунгача якунланмаган.

Қурилиш-таъмирлаш ишлари тўлиқ молиялаштирилган бўлса-да, қиймати 24 млрд. сўмлик 7 та объектда 3,6 млрд. сўмлик иш жадвалдан орқада қолган. Масалан, «Яккабоғ қўрғони» ИЧКК томонидан Косон тумани Гувалак массивидаги 6,7 млрд. сўмлик насос станцияси ва 4,5 млрд. сўмлик 43 та қудуқнинг қурилиши (жами 2,7 млрд. сўмлик иш) кечикмоқда. Шунингдек, 3,9 млрд. сўмлик 4 та объектда қурилиш якунланганига бир неча ой ўтган бўлишига қарамасдан улар бугунги кунгача фойдаланишга қабул қилинмаган. Масалан, «Китобтараққиётқурилиш» МЧЖ томонидан Шаҳрисабз туманидаги Танхоздарё остидан ўтувчи Сандар дюкери ва Китоб туманидаги Ўнгқирғоқ каналининг бир қисмини селдан ҳимоя қилиш объектида қурилиш ишлари аллақачон якунланган. Аммо ушбу объектлар фойдаланишга қабул қилинмасдан турибди. «Нишонмахсуссувпудрат» МЧЖ томонидан реконструкция ишлари тугаганига уч ойдан ошиқ вақт бўлган Чироқчи туманидаги Уймовут канали ва Китоб туманидаги «Сарой» насос станцияси лоток тармоқларида ҳам вазият шундай. Бу йил қурилиши тугалланиши белгиланган 13 та объектда бугунги кунда атиги 68 фоиз иш бажарилиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари йил якунига қадар тугалланмай қолиш хавфи юзага келган. Мисол учун, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ махсус механизациялашган йўл станцияси томонидан Косон туманида 43 та қудуқда бугунги кунда 51 фоиз иш бажарилган, холос.