Бахтга интиқ нигоҳлар

17:46 - 21.12.2020

12

2010 йилда меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг 2 фоизи меҳнат муҳожирларининг фарзандлари бўлган, 2020 йилда бу рақам 8,2 фоизга етган. Яъни, 164 нафар боланинг ота-онаси фарзандини давлат қарамоғига топширган. Уларнинг 29 нафарини фақат оталари, 121 тасини оналари, 14 нафарини эса ҳам отаси, ҳам онаси ташлаб хорижга ишлашга кетган. Аммо бу масаланинг бир томони, холос.

Шунингдек, бошқа давлатларда ишлаётган мигрантларнинг яна бир қанчаси фарзандларини кимларгадир ишониб топшириб кетган. Уларнинг аҳволи қандай кечмоқда?..

Ота-онаси узоқда меҳнат қилаётган болаларнинг таълими, соғлиғи ва умуман ҳаёти масаласи Ўзбекистонда иш бошлаган янги лойиҳа доирасида атрофлича таҳлил қилинди. ЮНИСЕФ ва Европа иттифоқи кўмагида миграция таъсиридан болаларни ҳимоялаш лойиҳаси Жануби-шарқий ва Жанубий Осиё ҳамда Марказий Осиё минтақаларидаги саккизта мамлакатда, жумладан, Ўзбекистонда амалга оширилди. Лойиҳа асосан мигрантларнинг оилаларини ижтимоий ҳимоя қилиш, васийлик ва ҳомийлик органлари, давлат ва нотижорат ташкилотларнинг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштиришга йўналтирилган. Бунинг учун республикамизнинг тўртта вилояти танлаб олинди. Яъни, лойиҳа миг рантлар сони юқорироқ бўлган Бухоро, Фарғона, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида босқичма-босқич амалга оширилди.

Тадқиқот давомида аввало ота-онаси ёки улардан бири ишлаш учун хорижга кетган болаларнинг ҳиссий ҳолати, васийлари билан муносабати ўрганилди. Бу жараёнда 2019 йил апрелдан 2020 йилнинг шу давригача мазкур ҳудудлардаги 540 нафар фарзанди бўлган 275 та оилага тавсиялар берилди. 107 та оилада узоқ вақт талаб қиладиган ҳуқуқий, ижтимоий, психологик муаммолар аниқланди ва уларга ёрдам берилди.

Пандемия туфайли кўп давлатларда жорий қилинган карантин меҳнат мигрантлари ва уларнинг оилалари учун айниқса оғир бўлди. Бу даврда васийлар нафақат моддий қийинчиликка, балки педагогик ва ижтимоий муаммоларга ҳам дуч келишди. Шунинг учун бундай оилаларга аввало гигиена ва коронавирус инфекциясининг олдини олиш, болаларнинг ўқитилишини ташкил этиш бўйича маслаҳат берилди. Уларнинг эҳтиёжлари аниқланди.

Маълум бўлишича, оилада ягона даромад васийларнинг пенсиясидир. Пенсия миқдори ҳам кам. Чунки неварасига васий бўлган бувиларнинг аксарияти ёшлигида уй бекаси бўлгани, яъни меҳнат стажи кўп бўлмагани боис пенсияси ҳам катта эмас. Аксариятиники 1 миллион сўмдан ошмайди. Бу борада яна бир муаммо бор. Моддий томондан қийналаётган мигрантларнинг оилалари 2 ёшгача ёки 14 ёшгача бўлган болалари учун маҳалладан бола пули ололмайди. Чунки ёрдам олиш учун талаб этиладиган ҳужжатларни йиғиш имкони йўқ. Масалан, республикадан ташқарида бўлган ота-оналар иш жойидан маълумотнома келтириб бера олмайди.

Айниқса, карантин пайтида чекка қишлоқлардаги мигрантлар фарзандларининг таълим олиши муаммога айланди. Чунки бу даврда болалар онлайн дарс ўтди. Болаларга васий бўлиб қолган бувиларнинг мобил алоқа қурилмаларидан тўлиқ фойдалана олмаслиги болаларга таъсирини ўтказди. Қолаверса, бундай оилаларда интернет тўп лами учун маблағ етишмаслиги туфайли болалар уй вазифасини бажаришда қи йинчиликка дуч келган. Васийлар ҳар доим ҳам болаларнинг онлайн дарс олиш жараё нини кузатиб бормаган. Бундан ташқари, катта оилаларда барча болалар учун техник воситалар етишмайди.

Карантин пайти лойиҳа мутахассислари мигрантларнинг фарзандлари ва уларга васий қилиб қолдирилган шахслар билан телефон орқали суҳбатлашиб турди. Бу жараёнда 31 та бола ва 46 нафар васийга психологик, тиббий, юридик ёрдам кўрсатилди. Июнь ойида тадқиқот олиб борилаётган оилаларнинг 10 тасида ота-оналар қайтиб келишди. Улар туман ҳокимлик лари ва бошқа идоралар томонидан ишга жойлаштирилди. Натижада бу оилаларнинг моддий аҳволи анча яхшиланган. Таъкидлаш жоизки, қийин даврда муҳтож оилалар давлат кўмагисиз қолмади.

Меҳнат муҳожирларининг фарзандларини қўллаш зарур бўлган бир қатор муаммолар бор. Масалан, аксарият оилалар миграциянинг ижобий таъсирини салбий томонларидан юқори деб ҳисоблайди. Чет элда ишлаётган оила аъзолари юборадиган пулга улар тирикчилигини ўтказиши мумкин. Бироқ пул оилаларнинг, айниқса болаларнинг психологик эҳтиёжларини тўлиқ қондириш учун етарли бўлмайди. Оиладаги вазиятдан қатъи назар, кўпчилик болалар ота-онасини соғинади. Тадқиқот шуни кўрсатдики, ота-оналарнинг миграцияси болаларнинг ҳиссий ҳолатига кучли таъсир қилади. Ҳеч ким ота-онанинг ўрнини босолмайди. Болалар отасиз ёки онасиз яшаганда кайфияти ёмонлашиб, бора-бора соғинч ўрнини турли стресслар эгаллайди. Бу эса болаларнинг турли ножўя ишларни қилишига сабаб бўлади.

Маълум бўлишича, васийлар одатда болаларни тарбиялаш ва назорат қилишнинг турли усулларидан фойдаланади. Болаларнинг 7 фоизга яқини жисмоний жазога тортилади. 3 фоизи уйда, 6 фоизи мактабда таҳқирланади. Болаларнинг учдан бир қисми ота-онаси чет элга ишлаш учун кетганидан кейин қўшимча мажбуриятларни зиммасига олишга мажбур бўлади. Бу асосан уй ишлари ва ука-сингилларига ғамхўрлик қилиш билан боғлиқ.

Хулоса қиладиган бўлсак, мигрант оилаларига тегишли ҳар бир болага нисбатан васийликни расмийлаштириш зарур. Шунинг дек, васийликни рўйхатдан ўтказиш тартибини соддалаштириш лозим.

Лайло ФАЙЗИМУРОДОВА,

Бош прокуратура бошқарма катта прокурори