Болаларга хиёнат: 1955 соат дарс ўтилмади

11:58 - 21.12.2020

9

Таълим – келажакка қўйилган пойдевор. Шу соҳада қинғирликнинг оқибати ўнглаб бўлмас фожиаларга олиб келади. 2018 йилдан Мингбулоқ тумани халқ таълими бўлимида марказлаштирилган молия, бухгалтерия хизмати бош ҳисобчиси лавозимида ишлаган Аваз Самадовга (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам, бўлимда бош иқтисодчи бўлган унинг шериги Сотим Қулиевга ҳам бу аён эди. Улар бутун туман таълимининг иқтисодига, иш ҳақи ҳисоб-китоби ва тўланишига масъул эдилар. Бироқ бу икки кимса ана шу жавобгарликдан чекиниб, жиноий режа тузишди. 2018/2019 ва 2019/2020 ўқув йилларида тумандаги мактабларнинг 1094 нафар ўқитувчисига ўтилмаган 1955 соат дарс учун 17 млн. 44 минг 892 сўм иш ҳақи тўлаб, бюджет пулини талон-торож қилдилар.

Афсуски, бош ҳисобчи ва бош иқтисодчи Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги «Халқ таълими тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига зид равишда ўқитувчиларга жами 55 млн. 671 минг 712 сўм ортиқча устама тўланишига йўл қўйишган. Бу «Давлатнинг пули камайиб қолармиди?» қабилида иш тутишдан бошқа нарса эмас. Шунингдек, фанларни ўқитиш, дафтар текшириш, иш ҳақи тарификацияси, раҳбарларга ҳақ тўлаш борасида ҳам уларнинг айби билан 15 млн. 187 минг 878 сўм пул талон-торож этилди. Қинғир ишлари фош бўлиб, унинг жавобини бериш фурсати келганида улар етказилган зарарни тўлиқ қоплашди. Юқоридаги қилмишлари сабаб иккови ҳам суд ҳукми билан жиноий жавобгарликка тортилди.