Фирибгарнинг тузоғи нега бўш қолмайди?

12:03 - 17.12.2020

4

Чортоқнинг Сой маҳалласида яшовчи Шуҳрат Қобилов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) оғирнинг устидан, енгилнинг остидан ўтишга ўрганган. 2020 йилнинг 8 февраль куни Чортоқ тумани Гулдиров маҳалласида яшовчи Шоҳсанам Маллаевани алдаб, бир зумда ишончига кирди-қўйди. Унинг номига банкдан кредит олишда ёрдам қилишини, ҳеч хавотирсиз қарзни ўзи вақтида тўлаб боришини айтиб, ишонтиради. Шоҳсанам ҳеч қаерда ишламаса-да, Шуҳрат Қобилов унинг тумандаги мактаблардан бирида ишлашини кўрсатиб, 1 йиллик сохта иш ҳақи маълумотномасини тайёрлаб, «Асакабанк»нинг Наманган вилояти филиалидан 17 млн. сўм кредит олади ва ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборади.

Осон топилган пул мойдек ёқиб, яна бир фуқаронинг номига худди шундай ҳужжат тайёрлаб, яна шу банкдан 18 млн. сўм кредит олишга эришади. Қаллоблик бобида тобланиб бораётган шоввознинг тузоғига бу гал Бешкапа маҳалласида яшовчи эр-хотин Мирзаевлар тушади. Улар ҳам аслида ҳеч қаерда ишламаса-да, мактабда ишлаши ҳақида сохта маълумотнома тайёрлаб, «Асакабанк»нинг Наманган вилояти филиали Чортоқ тумани хизмат кўрсатиш марказига тақдим этади.

Хайриятки, бу гал ҳужжатларни синчиклаб ўрганган банк ходимлари ушбу маълумотномалар сохталигини билиб қолади. Шу тариқа фирибгарлик амалга ошмай қолди.

Юқоридагилар ҳам ҳолва экан. Шуҳрат Қобилов май ойида Чортоқнинг Чорсу маҳалласида яшовчи Самадилло Қаюмовнинг ишончига кириб, фойда қилганидан сўнг қайтаришини айтиб, 11 100 АҚШ долларини олади-ю, 5450 долларини қайтариб, қолган 5650 долларини бермайди.

Пулга тузоқ қўйган бу йигит ҳам ўзича давру даврон суриб юрганди. Аммо бу узоққа чўзилмади. Суд пулни пулга уриштиришнинг ҳадисини олган устомоннинг жиноий қилмишига ҳуқуқий баҳо берди.