Терговга оид нормалар такомиллаштирилади

12:02 - 16.12.2020

449

Жиноятларни тез ва тўлиқ фош этиш тергов органларининг самарали фаолиятига боғлиқ. Шу мақсадда тергов сифатини яхшилаш, жиноят процессида шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини жорий этиш ҳамда ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар терговини соддалаштириш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 2017 йил 6 сентябрдаги «Суриштирув институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга асосан Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиришлар киритилди ҳамда жиноят ишини тергов қилиш суриштирув ёки дастлабки тергов шаклида амалга оширилиши белгиланди. Қайд этиш лозимки, суриштирув терговнинг соддалаштирилган шакли бўлиб, жиноят иши қўзғатилган кундан бошлаб бир ой ичида тамомланиши керак. Қўшимча суриштирув муддати ўн кун. Дастлабки тергов эса жиноят иши қўзғатилган кундан бошлаб уч ой ичида тугатилиши шарт. Дастлабки тергов муддати етти ойгача узайтирилиши мумкин.

Бугунги кунда ички ишлар органлари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Мажбурий ижро бюроси, Давлат божхона қўмитаси, Миллий гвардия суриштирувчилари суриштирув ва терговни амалга оширади. Дастлабки терговни прокуратура, ички ишлар органлари ва Давлат хавфсизлик хизмати терговчилари олиб боради. Юқоридаги ҳар бир органнинг фаолияти ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда Жиноят-процессуал кодексида терговга тегишлиликка оид нормалар мустаҳкамланган.

Жумладан, ЖПКнинг 345 ҳамда 3812-моддаларида жиноят ишининг терговга тегишлилигига оид муносабатлар тартибга солинган. Терговга тегишлиликнинг аҳамияти шундаки, жиноят содир этилганда у бўйича қайси тергов органи тергов ўтказиши лозимлигини билади. Терговга тегишлиликни тартибга солувчи нормада Жиноят кодексида белгиланган барча жиноятлар акс этган бўлиши шарт, акс ҳолда муайян жиноят содир этилганда у бўйича қайси орган тергов ўтказиши лозимлиги ҳақида саволлар пайдо бўлади.

Жиноят кодексининг махсус қисмидаги моддаларнинг терговга тегишлилиги таҳлил қилинганда, бир қатор моддаларнинг терговга тегишлилиги белгиланмагани оқибатида қонунчиликда бўшлиқ вужудга келгани аниқланди.

Масалан, ЖКнинг 1251-моддаси (Никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш), 2161-моддаси (Ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар фаолиятида қатнашишга ундаш) ва 2162-моддасида (Диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш) назарда тутилган жиноятнинг қайси суриштирув органига тегишлилиги ЖПКнинг 3812-моддасида белгилаб берилмаган. Бундан ташқари ЖКнинг 168-моддасининг 4-қисми (Фирибгарлик), 2301-моддаси (Далилларни сохталаштириш (қалбакилаштириш) ва 2302-моддасида (Тезкор-қидирув фаолияти натижаларини сохталаштириш (қалбакилаштириш) белгиланган жиноят қайси дастлабки тергов органига тегишлилиги ЖПКнинг 345-моддасида белгилаб берилмагани оқибатида қонунчиликда бўшлиқ вужудга келган. Бу эса амалиётда сансалорликка олиб келади.

Шунингдек, ЖПКнинг 345-моддасида жиноят ишининг бир дастлабки тергов органидан бошқасига ўтказилиши мумкинлиги белгиланган. Жумладан, Бош прокурор ёки унинг ўринбосарлари терговнинг ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона олиб борилишини таъминлаш мақсадида жиноят ишини, терговга тегишлилик қоидаларидан қатъи назар, қуйидаги ҳолларда асослантирилган қарорга биноан бир дастлабки тергов органидан бошқасига ўтказишга ҳақли:

1) агар жиноят ишининг тергови тегишли бўлган орган жиноятни ҳисобга олишдан илгари яширган бўлса;

2) агар жиноят ишининг тергови тегишли бўлган органнинг раҳбари ёки раҳбарнинг яқин қариндоши иш юзасидан жабрланувчи, гумон қилинувчи ёхуд айбланувчи, фуқаровий даъвогар ёки фуқаровий жавобгар деб топилган бўлса;

3) айбсизлиги аён бўлган шахс айбланувчи тариқасида жалб этилганда ёки қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида олдиндан била туриб қонунга хилоф равишда илтимоснома қўзғатилганда;

4) дастлабки терговни олиб боришда қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турлари қўлланилганда;

5) терговнинг натижаларига ва иш бўйича қонуний қарор қабул қилинишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган тарзда ушбу кодекс талаблари бузилганда.

Амалиётда жиноят ишини бир тергов органидан бошқасига ўтказиш кўп вақтни талаб этадиган механизм асосида амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, жиноят ишини бошқа тергов органига ўтказиш юзасидан туман ёки шаҳар прокурорининг илтимосномаси вилоят ва унга тенглаштирилган прокуратураларга юборилади. Прокуратуранинг тегишли тармоқ ходими томонидан мазкур жиноят иши ўрганиб чиқилади ва вилоят прокурорининг соҳавий ўринбосарига ахборот берилади. Шундан сўнг вилоят прокурорининг розилиги билан жиноят иши Бош прокуратурага юборилади. Бош прокуратуранинг тегишли тармоқ ходими ҳам жиноят ишини ўрганиб чиқади ва Бош прокурор ёки унинг ўринбосарига ахборот беради. Шундан сўнг жиноят иши бир тергов органидан бошқасига Бош прокурор ёки унинг ўринбосарининг қарорига асосан ўтказилади. Ушбу ҳаракатларга бир неча кун талаб этилишини инобатга оладиган бўлсак, бу жиноят юзасидан кечиктириб бўлмас тергов ҳаракатларини ўз вақтида ўтказиш ҳамда тергов органининг жиноятни тезда фош этиш имкониятини чеклайди.

Юқоридаги муаммо ва қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 августдаги «Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш тўғрисида»ги фармонида Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган ҳолларда жиноят иши фақат Бош прокурор ва унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан бир суриштирув ёки дастлабки тергов органидан бошқасига ўтказилиши мумкинлигини назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши жиноятларни тез ва тўлиқ фош қилишга, қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этишга, жиноят процессида шахс ҳуқуқлари ҳимояси кафолатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Хуршид Каримов,

Бош прокуратура академияси кафедра бошлиғи