Ҳокимликдан 674,8 млн. сўм пул ундирилди. Нега?

17:07 - 16.12.2020

7

Мажбурий ижро бюросининг Учкўприк тумани бўлимида А.Турдалиев, А.Мелибоев, Г.Тошпўлатова, С.Саидхўжаев, Ф.Ҳайитова ва  Х.Йўлдошевга туман ҳокимлигидан 674,8 млн. сўм товон пули ундириш ва давлат манфаати учун олиб қўйилган ер ўрнига бошқа ер участкаси ажратиш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари мавжуд.

Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судининг 2019 йил 19 сентябрдаги 1904/17256-ижро варақасига асосан Учкўприк тумани ҳокимлигидан Аҳмаджон Турдалиевга 40 млн. 61 минг сўм пул, Одилжон Мелибоевга 290 млн. 147 минг 500 сўм пул, Ҳасанбой Йўлдошевга 203 млн. 900 минг сўм пул, Гулбаҳор Тошпўлатовага 68 млн. 987 минг сўм пул ва 63,2 м2 ер, Собирхон Саидхўжаевга 38 млн. 602 минг сўм пул ва 35,2 м2 ер, Феруза Ҳайитовага 32 млн. 355 минг сўм пул ва 37,2 м2 ер ажратиш белгиланган.

Бюронинг туман бўлими томонидан Бюджет кодекси ва Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 13 майдаги 120-қарорида белгиланган тартибда бюджет ташкилотларидан ундирувни ташкил этиш учун ижро варақалари ва давлат ижрочисининг ижро иши қўзғатиш ҳақидаги қарорлари туман ҳокимлигига тақдим этилган бўлса-да, маҳаллий бюджетнинг харажатлар сметасида ортиқча маблағ йўқлиги сабабли ижроси таъминланмасдан келган.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 17 ноябрь куни суд ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштириш чоралари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси юзасидан туман ҳокимлигига эслатма хат юборилган.

Шу тариқа Учкўприк тумани ҳокимлигидан жами 674,8 млн. сўм пул ундирилди ва бу ҳақда ҳужжатлар расмийлаштирилди. Шунинг билан бирга Г.Тошпўлатовага 63,2 м2, С.Саидхўжаевга 35,2 м2 ва Ф.Ҳайитовага 37,2 м2 ер участкаси ажратиб берилди.