“Дўстимнинг ўлимида айбдор эмасман!”

13:46 - 16.12.2020

22

— Тонг саҳарда бошқарувимдаги “Laсetti-2” автомашинасида Тошкент шаҳрига бордим, — дейди Шариф (исмлар ўзгартирилган). — Қайтишда курсдошим Алижон икковимиз “Абу Сахий” буюм бозоридан Қашқадарёга икки йўловчи олиб йўлга тушдик. Алижон олд томондаги ўриндиққа, менинг ёнимга ўтирди…

Эҳтимол, Алижон мана шу сафари умрининг интиҳосига олиб боришини билганида машинага чиқмас, ортидан ота-онаси бўзлаб қолишмасмиди…

…2020 йилнинг 11 февраль куни кечаси М-39 Тошкент—Термиз автомобиль йўлининг Ургут тумани “Қизилбош” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи қисмида “Laсetti-2” русумли автомашина йўл четидаги тош уюмига урилди. Афсуски, аянчли ҳодиса оқибатида машина олд қисмида ўтирган йўловчи жон берди. Шариф — автомашина бошқарган шахс эса бу воқеада зиғирча айби йўқлигини таъкидлайди.

Шарифнинг айтишича, йўлнинг қарама-қарши томонидан ҳаракатланаётган “Спарк” тўхташ чироқларини ёқиб ўнг томонга тўхтаётганида, унинг орқасидан келаётган “Дамас” Шариф бошқарувидаги автомашинани қувиб ўтган.

— Кейин унинг орқасидан келаётган иккинчи “Дамас” ҳам олдиндаги “Спарк”ни қувиб ўтаётиб, менинг ҳаракат йўналишимга чиқди, узоқни ва яқинни ёритувчи чироқларини алмаштириб ёқди ва белги берди, — дейди Шариф. — Шу пайт кўзларим қамашиб, машинамни йўлнинг ўнг томонига буриб юбордим…

ЙПХ ходимлари ва тез тиббий ёрдам автомашинаси воқеа жойига тезда етиб келишди. Аммо Алижон аллақачон вафот этган эди…

— Дўстимнинг вафот этишида ўзимни айбдор деб билмайман, менга нисбатан оқлов ҳукмини чиқаришингизни сўрайман! — деди Шариф суд мажлисида.

Ҳа, ҳамма ўзича ҳақ. Аммо ҳодисага ҳаққоний, адолатли баҳо берувчи қонун бор. Суд мажлисида Алижоннинг онаси Шариф ўғлининг дафн маросимига қатнашмагани, маъракаларига келмагани, ҳатто унинг номидан вакиллари ҳам келишмагани, шу кунгача кечирим сўрамаганини билдирди. Судланувчига нисбатан даъвоси борлигини, унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинлаб, етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириб  беришни сўради.

Суд ҳукми билан Шариф 3 йил транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан ва 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Жабрланувчи фойдасига 27.530.000 сўм ундириладиган бўлди.

Темур ҚОДИРОВ,
Самарқанд вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси