Демократик тараққиёт замини

16:50 - 10.12.2020

19

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, мустақиллигимизнинг илк даврида қабул қилинган Конституциямиз шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳамда уларнинг кафолатларини аниқ-равшан белгилаб берди, юртимиз фуқаролари тенглигининг кафолатланишини эътироф этди ва демократик тараққиёт учун замин яратди.

Дарҳақиқат, Асосий қонунимиз Ўзбекистоннинг ис тиқлол йилларида қўлга киритган барча ютуқлари учун беназир ҳуқуқий пойдевор бўлди. Энг муҳими, Конституциямиз қабул қилинганидан бошлаб ўтган 28 йил бу ҳуж- жатнинг мукаммаллиги ва ҳаётийлигини, замон ҳамда маконнинг энг мурак- каб саволларига, қатъий талабларига жавоб бера олишини амалда кўрсатди.

Тараққиётимизнинг Президент Шавкат Мирзиёев томонидан асос солинган янги босқичидаги ҳаётбахш ислоҳотларнинг мус таҳкам ҳу қуқий асослари ҳам айнан Конституциямизда белгилаб қўйилган устувор тамо йил ва қоидаларга тўлиқ мослигини алоҳида эътироф этиш ўринлидир. Асосийси, Конс титуциядаги барча муҳим қоидаларнинг тўлиқ рўёбга чиқарили- шини амалда таъминлаш янгиланаётган Ўзбекис тоннинг энг катта мақсади сифатида белгилаб олинди.

Бош қомусимизнинг муқаддимасидаёқ белгиланган инсон ҳуқуқларига содиқлик, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулият, демократия ва ижтимоий адолатга садоқат, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлаш каби кўплаб устувор тамойиллар бугун ҳар бир инсон ҳаётидаги ўзгаришлар мисолида намоён бўлмоқда. Барча соҳа ва тармоқларни қамраб олган ислоҳотларнинг натижалари юртимизнинг исталган ҳудудида, жумладан, энг олис туманлардаги қишлоқ ҳамда овулларда ҳам бўй кўрсатяпти. Одамлар Конституцияда кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликлардан амалда баҳраманд бўлаётганини бугун ҳеч ким инкор этолмайди. Бунинг ҳал қилувчи омили эса ҳаётий ташаббуслар ҳамда эзгу ғоялар муаллифи бўлган, устувор вазифаларни белгилаб бераётган давлатимиз раҳбари уларнинг амалда рўёбга чиқиши учун ҳам улкан масъулиятни ўз зиммасига олаётгани, бутун борлиғини миллат ва мамлакат манфаатига бахшида этаётганидир. Шу ўринда бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш жоиз. Сир эмас, бутун дунё XXI асрнинг энг оғир ва улкан синовига дуч келди. Бу ҳам бўлса коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб вазиятдир. Ана шундай шароитда ҳам ўзининг Асосий қонунидаги мақсад ҳамда тамойилларга содиқ бўлган давлатимиз пандемиянинг ўта салбий таъсири, оғир асоратларидан халқни асрашдек мушкул вазифани шараф билан адо этмоқда. Бу борада Президентимиз томонидан ўз вақтида белгилаб берилаётган чора-тадбирлар мамлакатимизни оғир иқтисодий-ижтимоий оқибатлардан сақлаб келяпти.

Давлат органлари халққа хизмат қилувчи тузилмаларга айланди

Давлат органларининг том маънода халққа хизмат қилувчи тузилмаларга айлантирилаётгани давлатчилик тарихидаги мисли кўрилмаган воқеликдир. Хусусан, Конституцияга мувофиқ мамлакат ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни амалга оширишга ваколатли прокуратура органлари ҳам давлатимиз раҳбарининг эзгу ташаббуслари, амалий саъй-ҳаракатлари натижасида ҳақиқий «Халқ прокуратураси»га айланиб бормоқда. Зотан, фуқароларнинг Конституция ва қонунларда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ҳамда эркинликлари ҳимоясини сўзсиз таъминлаш бугун прокуратура органларининг устувор вазифасидир. Қонун бузилиши содир бўлгани тўғрисидаги мурожаат ва хабарларни кутиб ўтирмасдан, жойларда халқ билан мунтазам мулоқот асосида унинг олдини олиш кундалик ишимиздир. Прокурор назорати фаолияти фақат айбдорларни топиб жазолаш эмас, балки тизимли муаммо ва камчиликларни бартараф этиш нуқтаи назаридан ташкил этилмоқда. Шу билан бирга, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, банд лигини таъминлаш, ёрдамга муҳтож ва кам таъминланган фуқароларни ҳимоя қилиш борасида қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, жорий йилда 870 дан ортиқ маҳаллада уйма-уй юриш лар давомида аниқланган қарийб 24 мингта муаммо ҳал этилди, 2 мингдан зиёд ўта оғир шароитда яшаётган, 644 та уйга муҳтож оилага амалий ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, масъул тузилмалар билан ҳамкорликда 138 мингдан ортиқ ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Аҳолининг қиш-баҳор мавсумида бирламчи маҳсулотларга бўлган талабини қондириш бўйича ҳам муайян чора-тадбирлар олиб борилди. Хусусан, ушбу жараёнга жалб этилган тадбиркорларга 12,6 миллиард сўм кредит ажратилишида, уларнинг маҳсулотларини аҳолига етказишда кенг кўламли амалий ёрдам кўрсатилди.

Айни пайтда ижтимоий соҳа объектлари, иқтисодиёт тармоқлари ва кўп квартирали тураржой фондининг мавсумда барқарор ишлашини таъминлаш масалалари кундалик назоратимизда. Жумладан, прокурорларнинг бевосита кўмаги билан ушбу йўналишдаги 5,5 мингдан зиёд муаммо ўз вақтида ҳал этилди.

Шу ўринда жойлардаги прокурорлар зиммасига сектор раҳбари сифатида ҳам катта масъулият юклатилганини алоҳида қайд этиш жоиз. Айниқса, пандемия шароитида эҳтиёжманд оилалар билан ишлаш прокурорлар секторлари фаолиятининг ҳам устувор йўналиши сифатида белгиланди. Бугунги кунда прокурорлар секторларидаги 142 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилага ҳар томонлама кўмак кўрсатиш, хусусан, уларни моддий таъминлаш, аъзоларини ишга жойлаштириш ва тадбиркорликка жалб этиш бў йича ходимларимиз маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда туну кун меҳнат қилмоқда. Натижада қисқа муддатда мазкур оилаларнинг қарийб 94 мингтаси ёки 62 фоиздан кўпи маҳаллий кенгашлар қарорлари асосида эҳтиёжмандлар рўйхатидан чиқарилди. Эътироф этиш керак, Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» каби янги ишлаш тизими эҳтиёжмандлар билан аниқ манзил, мақсад ва йўналишлар асосида иш олиб боришнинг муҳим омили бўлмоқда. Яъни бу тизимнинг аниқ фуқаро мисолида қайд этиб борилиши, биринчидан, мутасаддиларнинг масъулияти ва жавобгарлигини оширяпти, иккинчидан, ёрдамга муҳтож фуқаронинг давлат эътиборидан четда қолмаслигини кафолатлаётир. Умуман, халқ билан очиқ мулоқот, фуқароларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш прокурорларнинг ҳам кундалик ишига айланди. Хусусан, жорий йилда 165 мингдан зиёд фуқаронинг мурожаати бевосита прокуратура органларида ҳал этилди. Қарийб 14 миллиард сўмлик иш ҳақи ва бошқа тўловлар ундириб берилди, 29 мингдан ортиқ шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудида, айниқса, чекка ва олисқиш лоқларда Бош прокурор ва унинг ўринбосарлари томонидан сайёр қабуллар ташкил этилиб, уларда 2 мингга яқин фуқаронинг муаммолари тингланди ҳамда уларнинг ечими бўйича амалий ёрдам кўрсатилди.

Тадбиркорлар ва вояга етмаганлар ҳуқуқлари ҳимояси — муҳим масала

Тадбиркорларнинг Конституциямиз XII бобида кафолатланган ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш прокуратура органлари олдидаги яна бир муҳим вазифадир. Бинобарин, шу йилнинг ўтган давридаги назорат тадбирларида 4 минг 374 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди, 19 мингдан зиёд тадбиркорга муаммоларини бартараф этишда кўмаклашилди. Прокурорлар кўмагида 11 минг 710 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди, фаолияти тўхтаб қолган 17 минг 500 га яқин корхона тикланди.

Прокуратура кўмагида 3 минг 176 нафар тадбиркорга 547 миллиард сўмликдан зиёд кредит ажратилиши, 2 минг 437 нафарига лицензия ва рухсатномалар берилиши, 9 минг 593 нафарига маҳсулотларни реализация қилиш, транспорт ва бошқа турли масалаларда амалий ёрдам кўрсатилиши таъминланди. Ми сол учун, Сирдарё вилоятидаги «Euroasia gaz beton» МЧЖга шартномада кўрсатилган 3,1 миллион евро миқдоридаги кредит банк томонидан асоссиз равишда берилмаётгани аниқланган. Газобетон маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва 100 та янги иш ўрнини яратишни мақсад қилиб олган мазкур тадбиркорлик субъектига Бош прокуратура аралашуви билан кредит ажратилиши таъминланди. Бухоро вилоятидаги «Бухоро дром» МЧЖнинг объектларини олиб қўйиш тўғрисидаги суд қарорлари эса Бош прокурор протести асосида Олий суд раёсати томонидан бекор қилинди ҳамда тадбиркорлик субъектининг фаолияти тўлиқ йўлга қўйилди. Шунингдек, Бухоро вилоятида замонавийлиги ва муҳташамлиги, кўркамлиги жиҳатидан Марказий Осиёда ягона бўлган савдо мажмуасини ишга туширган «Mustahkam qurilish development» МЧЖ, Тошкент вилоятида жойлашган, Эрон Ислом Республикаси фуқаросига тегишли бўлган, салмоқли ва муҳими, тўлиқ хорижий инвестиция асосида ташкил этилган корхона ҳамда юзлаб бошқа тадбиркорларнинг кредит, ер ажратиш, коммуникация тармоқларига уланиш, ички ва ташқи бозорларга чиқиш каби масалалар билан боғлиқ кўплаб муаммолари прокуратура кўмагида ҳал этилди. Қайд этиш жоизки, прокуратура органларининг амалий ёрдами билан тадбиркорлик субъектларининг омборларида сақланаётган ва пандемия сабабли сотилмай ётган 1 триллион 408 миллиард сўмлик маҳсулотнинг ички бозорларда сотилиши ҳамда 101 миллион АҚШ долларига тенг товарларнинг экспорт қилиниши таъминланди. Вояга етмаганларнинг Асосий қонунимизда кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш борасида ҳам прокуратура органлари томонидан қатор ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, жорий йилда вояга етмаганлар ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузган 6 минг 659 мансабдор шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилган, 2 миллиард 520 миллион сўмлик зарар ихтиёрий қопланган, 61 та жиноят иши қўзғатилган ва 5 минг 75 нафар вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари тикланган.

Прокурорлар аралашуви билан Меҳрибонлик уйлари ва «Болалар шаҳарчалари» муассасаларининг 197 нафар битирувчиси тураржой билан таъминланди. Бундан ташқари, биргина Самарқанд вилоятида ўтказилган ўрганишлар жараёнида жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган қарийб 1 минг 700 бола тиббий кўрикдан ўтказилди, 425 нафарига дори-дармон, ўқув қуроллари етказиб берилди.

Коррупцияга қарши муросасиз курашиш — янги босқичда

Конституциямизнинг 83-моддасида бел гилаб қўйилган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўзида тизимли камчиликларни бартараф этиш ҳақида Президент администрацияси ва ҳукуматга 40 га яқин таклиф киритилиб, уларнинг аксарияти қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ўз аксини топди.

Афсуски, Бош қомусимизда муҳрлаб қўйилган устувор қоидаларни ҳаётга тўлиқ ва самарали татбиқ этишга, пировардида халқ фаровонлиги ва юртимиз тараққиётига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар ҳамон мавжуд. Кўп асрлик тарихга эга бўлган коррупция ана шундай иллатлардандир.

Таҳлилларга кўра, дунё иқтисодиёти ҳар йили коррупциядан 2,6 триллион доллар зарар кўради. Бу жаҳон ялпи маҳсулотининг тахминан 5 фоизини ташкил этади. Шу боис давлатимиз раҳбари ташаббуси, қатъияти ва сиёсий иродаси билан тараққиётимизнинг янги босқичида коррупцияга қарши муросасиз курашга киришилди. Жамиятимизда бу иллатга батамом чек қўйиш бўйича ҳам ҳуқуқий, ҳам ташкилий жиҳатдан мисли кўрилмаган чоралар амалга оширилди ва бу жараён давом эттирилмоқда.

Сўнгги тўрт йилда коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамловчи қарийб 20 га яқин қонун, 50 га яқин Президент ва ҳукумат қарорлари қабул қилинди, турли бюрократик тўсиқ ва ғовларга чек қўйиш мақсадида 2,5 мингга яқин эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган ҳуқуқий ҳужжат бекор қилинди. Хусусан, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун ва алоҳида давлат дастури қабул қилинди.

Ўтган йил май ойи да қабул қилинган «Ўз бе кис тон Республикасида кор рупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон ҳамда 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш бўйича нав батдаги давлат дастури бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Мазкур ҳужжатларда барча вазирлик ва идоралар олдига тегишли соҳаларда коррупциянинг омиллари ҳамда сабабларини бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар қўйилди. Давлат хизматига ишга қабул қилишнинг шаффоф механизмлари яратилмоқда, маъмурий ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш мақсадида ҳар бир туман ва шаҳарда давлат хизматлари марказлари ташкил этилди. Халқ қабулхоналари, Президент портали, Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолият кўрсата бошлади, барча давлат органлари ва ташкилотларида «Ишонч телефон»лари ҳам жорий қилинди. Жамиятда парламент, фуқаролик жамияти институтларининг мавқеи кучайтирилиб, уларга ижро ҳокимияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини таъминлаш бў йича кенг ваколатлар берилди. Олий Мажлис палаталарида коррупцияга қарши курашиш бўйича қўмиталар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, туман ва шаҳар кенгашлари таркибида коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий комиссиялар ташкил этилди. Давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича алоҳида қонун қабул қилинди, Президент ҳузурида тегишли Жамоатчилик палатаси тузилди. Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида 2020 йилда махсус давлат органи — Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тузилди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан коррупция хавфи энг юқори бўлган олий таълим ҳамда капитал қурилиш соҳаларида ўтган йилдан «коррупциясиз соҳа» лойиҳалари амалга оширилаётир, қатор тузилмаларда халқаро экспертлар билан биргаликда «комплаенс назорат» тизимини жорий этиш чоралари кўриляпти. Албатта, қилинаётган ишлар қисқа муддатда ўз самараларини ҳам бера бошлади. Турли нуфузли халқаро тузилмаларнинг коррупцияга қарши кураш самарадорлигини баҳолаш билан боғлиқ индексларида Ўзбекистон сезиларли даражада юқорилади. Мамлакатимиз сўнгги тўрт йилда Мерос жамғармасининг «Иқтисодий эркинлик» индексида 52 поғонага, Жаҳон банкининг «Бизнес юритиш» индексида эса 18 поғонага кўтарилди. Нуфузли нашр ҳисобланган «The Economist» журнали эса Ўзбекистонни 2019 йилда ислоҳотларни энг жадал амалга оширган «Йил мамлакати» сифатида эътироф этди. Ўз навбатида, олдимизда ҳали бу борада амалга оширилиши лозим бўлган кўплаб муҳим вазифалар турибди. Жамиятда коррупцияга қарши кураш самарадорлиги, аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хусусан, прокуратура тизимининг ўзида бу иллат билан курашнинг нечоғли муросасизлиги ва натижадорлигига боғлиқ эканини бугун яхши англаб турибмиз. Халқимиз ва Президентимизнинг бу борадаги ҳақли ҳамда қатъий талаблари моҳиятини ҳам чуқур ҳис қиламиз. Улар асосида кескин ва коррупцияни таг-томири билан қўпориб ташлашга қаратилган бугунги вазифаларимиз ҳам аниқ. Зотан, машҳур немис давлат арбоби Бисмарк таъбири билан айтганда, ёмон қонунлар ва яхши амалдорлар билан давлатни бош қарса бўлади. Аммо амалдор ёмон бўлса, энг яхши қонунлар ҳам ёрдам бермайди. Албатта, биргина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг кучи билан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда катта натижаларга эришиш қийин. Энг аввало, кенг жамоатчиликнинг коррупцияга нисбатан муросасиз муносабати шаклланиши зарур. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз. Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак. Зеро, жаҳоннинг кўплаб барқарор ва тараққий этган мамлакатларида ҳам коррупцияга қарши курашишда кенг жамоатчилик ҳал қилувчи роль ўйнамоқда. Прокуратура органлари эса бу борада давлат ва нодавлат тузилмалар билан яқин ҳамкорликка, уларга амалий ёрдам кўрсатишга тайёр.

Ўзаро ҳамкорлик, масъулият ва таъсирчан тизим

Фаолиятимиз билан боғлиқ яна бир жиҳатга алоҳида тўхталиш ўринлидир. Маълумки, суд ҳокимиятининг нуфузи ва ўрни давлатнинг обрўсини белгиловчи энг муҳим мезонлардан биридир. Халқнинг судга, пировардида давлатга бўлган ишончи эса суд ҳужжатларининг ижроси билан бевосита боғлиқ. Қолаверса, суд ҳужжатининг ижроси фуқароларнинг одил судловга бўлган конституциявий ҳуқуқи тўлиқ рўёбга чиқарилишининг ҳал қилувчи омилидир. Шу боис давлатимиз раҳбари шу йилнинг 17 ноябрида ўтказилган йиғилишда суд қарорларининг ижросини ўз вақтида ҳамда сўзсиз таъминлаш борасида янги ва устувор вазифаларни олдимизга қўйди. Улар ижросини таъминлаш мақсадида Президентимиз томонидан имзоланган фармон асосида, биринчидан, суд қарорларини ихтиёрий ижро қилишга қаратилган ҳуқуқий механизмлар жорий этилади. Алоҳида таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан прокуратура тизимидаги Мажбурий ижро бюроси фаолияти билан боғлиқ масалаларнинг олий даражада, давлат ҳокимиятининг барча тармоқлари раҳбарлари иштирокида муҳокама этилгани соҳага қаратилган юксак эътибордир. Биз бундай ғамхўрликни қадрлаймиз ва унга муносиб бўлишга интиламиз. Иккинчидан, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг бошқа тузилмалар билан ҳамкорлиги кучайтирилади. Шу мақсадда Бош прокурор раҳбарлигида Республика кенгаши ва вилоятлар ҳокимлари раҳбарлигида жойларда ҳудудий кенгашлар ташкил этилди. Ижрочиларнинг халқ вакиллари ҳамда жамоатчилик олдидаги жавобгарлиги ва масъулияти оширилади. Учинчидан, ижро ишига замонавий ахборот технологиялари кенг жорий этилади. Бу технологиялар, жумладан, фуқаролар учун ўз мажбуриятларини исталган жойдан туриб бажариш имконини беради. Тўртинчидан, алимент ундиришнинг шаффоф, таъсирчан ва самарали тизими яратилади. Бундай амалиёт алиментларнинг ундирувчиларга ўз вақтида тезкор етказилишини таъминлайди. Бешинчидан, суд ҳужжатларининг мажбурий ижроси жараёнига аралашиш қатъиян тақиқланади. Ижрога тўсқинлик қилганлик ҳамда ижрочига ноқонуний таъсир ўтказганлик учун айбдорлар жиноий жавобгарликка тортилади. Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, прокуратура органларининг ҳар бир ходими Конституциямизда белгилаб берилган устувор тамойил ва қоидаларнинг тўлиқ рўёбга чиқиши учун Ўзбекистоннинг янги ютуқларига ҳисса қўшишни, Президентимиз ишончига муносиб ва ҳаётбахш сиёсатига содиқ бўлиб, эл-юртга садоқат билан хизмат қилишни ўзининг шарафли бурчи деб билади.

Ниғматилла ЙЎЛДОШЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори