“Автокон” осонгина аниқлайди

10:13 - 09.12.2020

6

Йўл қоидаларига қатъий риоя қилишнинг аҳамияти муҳим. Компьютерлаштирилган тизим орқали аниқланган қоидабузарликлар учун жарима ўз вақтида тўланмаса, у мажбурий ижрога қаратилади. Қарздорлар эса янги ахборот коммуникацион технологияларга асосланган «Автокон» қурилмаси орқали аниқланади.

Масалан, Фарғона шаҳар Низомий кўчасида яшовчи Г.Мирзажонова ўзининг «Нексия 3» автомашинасида 2020 йил 1 мартдан 18 июнга қадар 18 марта қоидани бузган.

Қоидабузарнинг манзилига жарима солиш тўғрисидаги 18 та қарор юборилган бўлса-да, Г.Мирзажонова бирортаси бўйича ҳам жарима тўламаган. Барча қарорлар мажбурий ижро учун бюронинг Фарғона шаҳар бўлимига тақдим этилган. Г.Мирзажоновага жами 10 млн. 700 минг сўм жаримани тўлаш учун 15 кунлик ихтиёрий муддат берилган. Шунда ҳам тўламагач, йўл-патрул хизмати ходимлари билан 21 октябрда ўтказилган тадбир жараёнида Г.Мирзажонова бошқарувидаги «Нексия 3» автомашинаси тўхтатилиб, жарима майдонига қўйилган. Буни қарангки, шу куннинг ўзидаёқ қарздор 10 млн. 700 минг сўм жаримани тўлаган.

Ҳолбуки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 3321-моддасида ҳуқуқбузар унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб ўн беш кун ичида жариманинг етмиш фоизини тўласа қолган қисмини тўлашдан озод этилиши белгиланган. Г.Мирзажонова ушбу имтиёздан фойдаланганида 2 млн. 510 минг сўм пулни тежаб қолган бўлар эди. Бундан ташқари, ижро ҳужжатини ўз вақтида бажармагани учун унга 2 млн. 230 минг сўм маъмурий жарима жазоси ҳам қўлланган.