Кўнсанг пул, кўнмасанг далолатнома!

11:58 - 07.12.2020

17

«Чирчиқшаҳаргаз» филиали ходими Асрор Бобохонов ўз ваколатидан фойдаланиб ноқонуний даромад олиш мақсадида шаҳардаги тадбиркорларнинг биридан пул талаб қилди.

А.Бобохоновга газ қувурлари ва тақсимлаш нуқталаридан фойдаланилишини назорат қилиш вазифаси юклатилган эди. У иш бўйича шаҳардаги тадбиркор У.Фахриддинованинг ошхонасига борганида у ерда ўчоқлар газ тармоғига ҳужжатсиз уланганлигига гувоҳ бўлади. А.Бобохонов дарҳол жарима солишини айтиб, ошхона эгасини қўрқитади. У.Фахриддинова эса унга бундай қилмаслигини, қандай хизмат бўлса тайёрлигини маълум қилади. Аслида А.Бобохонов бу борада ошхона эгасига тушунтириш бериб, мазкур ҳолат бўйича тегишли жойга хабар бериши керак эди. Лекин у бундай қилмади. Тадбиркорга жаримага тортмаслигини, тадбиркорлик билан шуғулланиши учун ҳужжатларини «Чирчиқшаҳаргаз» филиалида ишловчи танишлари орқали тайёрлаб беришини айтади ва эвазига 1 млн. 200 минг сўм пул талаб қилиб, олиб кетади.

Шу билан А.Бобохонов тадбиркорни тинч қўйганида унинг ўзи ҳужжатларини тўғрилаб олармиди… Аммо у бир неча ойдан сўнг яна У.Фахриддинованинг ошхонасига кириб келади ва ҳужжатларни тайёрлаш учун берган пули етмагани, яна 1 млн. 400 минг сўм пул берса, ишни охирига етказиб беришини айтади. Агар кўнмаса, далолатнома расмийлаштириб, жаримага торттиришини таъкидлайди. Чорасиз қолган тадбиркор мазкур ҳолат бўйича департаментнинг Чирчиқ шаҳар бўлимига мурожаат қилади.

Департамент ходимлари ўтказган тадбирда А.Бобохонов Тошкент вилояти перинатал шифохонасининг автотураргоҳида У.Фахриддиновадан 1 млн. 400 минг сўм пулни олган вақтида ушланди. Жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар суди А.Бобохоновни газ таъминоти тизимида моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 11 ой 27 кунга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.